Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Ўзбеккосмос” агентлиги космосга 10 марта учган NASA космонавти Майкл Лопес-Алегрия билан ёшлар орасида онлайн учрашув ташкил қилди

“Ўзбеккосмос” агентлиги космосга 10 марта учган NASA космонавти Майкл Лопес-Алегрия билан ёшлар орасида онлайн учрашув ташкил қилди

Фото: Digital.uz

Жорий йилнинг 18 апрель куни «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан Тошкент шаҳар Планетарийси билан хамкорликда Халқаро космонавтика куни муносабати билан форум ташкил этилди.

Ушбу форумни ташкил этишдан асосий мақсад – космонавтика соҳасида ёшлар, талабалар ҳамда мактаб ўқувчиларининг билим савияси ва кўникмаларини оширишдан иборат.


Форумда юқори турувчи ташкилотлар, “Ўзбеккосмос” агентлиги, Тошкент шаҳар Планетарийси раҳбар-ходимлари, шунингдек, 50 нафарга яқин талабалар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

Тадбирни “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Кадиров ўз нутқи билан очиб берди.

“Форумимиздан кўзланган мақсад сизларни космик соҳадаги замонавий ютуқлар ва имкониятлар билан таништиришдир. Космик соҳага сиздек шижоатли ёшларни қизиқиши ортиб бораётганидан хурсандмиз. Ҳозирги кунда биз таълим соҳасида фаол ишлаяпмиз, ёш истеъдодларга космик ва геофазовий технологиялар соҳасида ўз салоҳиятларини очишга ёрдам бермоқдамиз.

Хусусан, космик соҳада таълим олиш ва кейинчалик Ўзбекистон космик саноати ривожига ҳисса қўшишни ният қилган ёшларни “Эл юрт умиди” жамғармаси орқали дунёнинг топ 300 таликка кирган энг яхши университетларида таҳсил олишга юбормоқдамиз”, – деди агентлик директори Шуҳрат Кадиров.

Шунингдек, агентлик директори барча саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад сиз ёшларга космик соҳада барча учун чексиз имкониятлар мавжудлигини кўрсатиб бериш ҳамда мазкур соҳага кириб боришни осонлаштиришга қаратилганини таъкидлади.

Шундан сўнг тадбирни янада юқори кайфиятда ўтиши учун “Шарқ юлдузлари” рақс гуруҳи ўз иштироклари билан давом эттиришди.


Форумнинг асосий қисмида NASA астронавти ва Халқаро космик станция қўмондони сифатида 40 йилдан ортиқ авиация ва космик тажрибага эга бўлган Майкл Лопес-Алегрия билан “Юлдузли суҳбат: астронавт билан космик саргузаштлар” мавзусида онлайн Zoom учрашув ташкил этилди. Унда иштирокчилар космонавтика соҳасида қимматли маълумотларга эга бўлишди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Маълумот учун: Майкл Лопез-Алегриа - Axiom 3 миссияси қўмондони сифатида 2024 йилда олтинчи марта паст Ер орбитасига қайтган астронавт, шунингдек, 2022 йилда Халқаро космик станцияга (ХКС) биринчи шахсий космонавт миссиясини бошқарган.

У АҚШ ҳарбий-денгиз флоти ва NASAда турли лавозимларда, жумладан, денгиз авизоси, синов учувчиси ва дастур менежери, NASA  астронавти ва халқаро космик станция қўмондони каби 40 йилдан ортиқ авиация ва космик тажрибага эга. У, шунингдек, энг кўп космик саёҳатлар ёки "космик юришлар" (10) ва космосда юриш вақти (67 соат, 40 дақиқа) бўйича NASA рекордига эга. 2021 йилда у Қўшма Штатлар астронавтлари шон-шараф музейидан жой олган.

Майк Л.А. Тижорат космик парвозлар федерациясининг собиқ президенти бўлиб, у ерда АҚШ Конгресси ва тегишли ижроия органларида тижорат космик парвозлар саноати номидан давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаган ва сўзловчи, фикрловчи етакчи бўлиб ишлаган.

Космонавт билан Президент мактаби ўқувчилари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги М. Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб, Президент мактаби, Вестминстер университети ва Алфраганус университети талабалари давра суҳбатида қатнашишди.

Форум давомида Планетарий биносида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик суратлар кўргазмаси бўлиб ўтди, у ерда космосдан олинган турли эксклюзив тасфирлар намойиш этилди. Шунингдек “Бинков” номидаги Республика рассомлик мактабидан ўқувчи-ёшлар ўз ижодлари билан иштирок этдилар. Планетарий биносида “Астраномиянинг буюк асосчилари” номли кўргазмали бурчакнинг тантанали равишда очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг меҳмонлар 2-қаватга таклиф қилиниб, у ерда “Коинот тубига” номли филмни томоша қилиш имконига эга бўлишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг