Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Космик фаолият соҳаси тартибга солинмоқда

Космик фаолият соҳаси тартибга солинмоқда

Рақамли технологиялар вазирлиги, “O‘zbekkosmos” агентлиги ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан семинар ўтказилди.

Семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари, Рақамли технологиялар вазирлиги, “O‘zbekkosmos” агентлиги, тегишли вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда космик фаолият илмий ва технологик тараққиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг кўплаб соҳаларини ривожлантиришда ушбу соҳанинг роли, аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шу боис, мамлакатимизда ҳам космик фаолиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда космик фаолият тамойиллари, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, соҳага масъул органлар, уларнинг соҳани тартибга солиш бўйича ваколатлари ва вазифаларини белгилаб берувчи алоҳида қонун мавжуд эмас. Космик фаолиятнинг асосий мақсадлардан бири мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришни жадаллаштиришдан иборат.

Қонун лойиҳаси орқали космик фаолиятнинг бир қанча асосий тамойиллари, шу жумладан, космик соҳада тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик қилиш, космик фаолиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш ва уни рағбатлантириш, космик технологиялардан фойдаланган ҳолда соҳалар шаффофлиги ва рақамлаштириш даражасини оширишга кўмаклашиш белгиланмоқда.

Шунингдек, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ҳамда иқтисодий тармоқларнинг рақамлаштирилишини жадаллаштириш космик фаолиятнинг асосий мақсадларидан бири этиб белгиланмоқда.

Семинарда қайд этилганидек, космик фаолиятни амалга оширишда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид яратиш, оммавий қирғин қуролини космик фазога чиқариш, жойлаштириш ёки бундай қуролларни синовдан ўтказиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиш учун космик технологиялардан ва (ёки) осмон жисмларидан фойдаланиш ҳамда фазони ифлослантириш бўйича халқаро нормалар ва стандартларни бузиш қатъиян ман қилинмоқда.

Космик объектнинг учирилиши натижасида одамлар ёки ҳайвонлар нобуд бўлса, шунингдек, фуқаролар ва атроф-муҳитга зарар етказилса, космик фаолият субъектларига етказилган зарар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган тартибда қопланиши шартлиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланди ҳамда семинар иштирокчилари томонидан қонун лойиҳасидаги нормалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларни такомиллаштириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган асосли таклифларни инобатга олган ҳолда, қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг