Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Йилига бир доллар маош олган Стив Жобс ўзи ёқтирган иш билан шуғулланмаганми?(видео)

Бугунги кунда барчанинг севимли қурилмаларини ўзида жо қилган Apple компанияси асосчиси Стив Жобс 1955 йилда Сан-Францискода таваллуд топган. Отаси суриялик Абдулфаттоҳ Жандалли, онаси немис миллатига мансуб Жоан Шибле ўртасидаги никоҳ норасмий бўлгани ва ота-оналар бу турмушга қаршилик қилганлари сабаб болани бошқа оила қўлига топширишган. Шу тариқа у Пол ва Клара Жобслар хонадонида улғайди.

Стив мактабда шўх бола бўлгани билан зеҳни анчайин ўткир эди. Буни тўртинчи синфдан олтинчи синфга сакраганидан ҳам билиш қийин эмас. Ўқувчилик давриданоқ электроникага жуда қизиққан Жобс мактабни битиргач, Рид коллежига ўқишга кирди. Лекин тўлов миқдори кўп бўлгани учун кўп ўтмай ўқишни ташлашга мажбур бўлди.

Стив 20 ёшида дўсти Стив (Возняк)ни компютер ясаш ва сотишга кўндиради. Вақт ўтиб дўстлар биргаликда Apple компаниясига асос соладилар. Илк сармоя учун Стив ўзининг микроавтобусини, Возняк эса дастурловчи калкуляторини сотишга мажбур бўлган.

Компаниянинг илк компютерлари 666,66 долларга нархланган. Кўп ўтмай электроника дўконидан 50 дона компютерга буюртма тушган. Шунда Стив уйининг гаражида устахона очиб, барча ўртоқларини ёрдамга чақиради. Йигитлар бир ёқадан бош чиқариб, компютер ясашга тушишган. Стив эса уларни назорат қилиб, йўл кўрсатиб турарди.

Ўша замонлардаги компютерлардан ўзишни мақсад қилган Стив Жобс реклама ва маҳсулотни қадоқлашга катта эътибор қаратди. Меҳнатлари бесамар кетмай, компютерлар йилига 5 миллионлаб сотилди ва компания раҳбари 25 ёшидаёқ миллионер бўлишга улгурди.

2000 йилда қаҳрамонимиз “энг кам маош тўланадиган” директор сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. У йилига атиги 1 доллар маош оларди.

2001 йили Стив Appleнинг илк плеери — iPodни тақдим этди. Кейинроқ бу маҳсулот компаниянинг асосий даромад манбаига айланди. Балки кўпчиликнинг эътиборини қозонганишига сабаб унинг “Минглаб қўшиқлар — сенинг чўнтагингда” номли жарангдор шиоридир. iPodнинг хотираси йилдан-йилга кенгайиб, имкон қадар кўп мусиқаларни сиғдира оларди.

2007 йилда компания ўзининг iPhoneлари билан машҳурликнинг янги поғонасига кўтарилди.

2003 йил августида Стив Жобс ҳаддан ортиқ асабийлашиш оқибатида ошқозон ости бези саратонига чалинди. Йиллар давомида у енгилмай, хасталик билан курашди. Аммо алал-оқибат дард ғалаба қозонди: 2011 йил августида ишини тарк этган Жобс октябр ойида вафот этди.

Ўлимидан олти йил аввал Стив Жобс шундай деганди: “Сизнинг вақтингиз чекланган, шундай экан, уни бошқалар ҳаёти учун беҳуда сарфламанг”.

Ўлим билан юзма-юз келган инсонни қандай саволлар қийнайди? Стив Жобс ўзига ўзи берган савол-жавоблар ҳақида шундай ёзади:

1. Мен ўзим хоҳлагандек яшаяпманми, ўзим ёқтирган иш билан шуғулланяпманми?

2. Агар бугун ҳаётимнинг сўнгги куни бўлса, мен бугун қилмоқчи бўлган ишимни қилишни хоҳлармидим?

3. Ўзим севган иш билан шуғулланяпманми?

Бировларнинг ҳаёти билан яшаяпсизми, демак, ўз ҳаётингизни беҳуда сарфлаяпсиз.

Сиз-чи? Сиз ҳеч ўлим ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Агар бугун 24 соат умрингиз қолганини билганингизда нималар қилган бўлардингиз?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг