Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Uzbekistan Outsourcing Conference 2024: Глобал ITES ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Uzbekistan Outsourcing Conference 2024: Глобал ITES ҳамкорликни мустаҳкамлаш

Фото: Digital.uz

Жорий йилнинг 23апрел куни Берлинда бўлиб ўтган Ўзбекистон аутсорсинг конференцияси жаҳон АйТи-саноатидаги муҳим ўзгаришларни, хусусан, Ўзбекистоннинг АйТи-аутсорсинг ва BPO  секторидаги стратегик мавқеини янги босқичга олиб чиқди. Тадбир ушбу соҳалардан 50 дан ортиқ иштирокчиларни, жумладан, 25 дан ортиқ экспортчи компанияларни жалб қилди, бу Ўзбекистоннинг АйТи имкониятларига халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Конференция Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Дилшод Ахатовнинг табрик сўзи билан очилиб, ахборот технологиялари иқтисодиётни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик учун муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, “IT Park Узбекистан” бош директори Фарход Ибрагимов Ўзбекистонда АйТи-индустрияни ривожлантириш бўйича долзарб ташаббуслар ва стратегиялар ҳақида батафсил маъруза қилди. Унда инфратузилмани яхшилаш, хорижий сармояларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, мамлакатимиз жаҳон миқёсида аутсорсинг ва дастурий таъминотни ишлаб чиқиш бўйича ишончли ва қулай марказ сифатида мавқеини мустаҳкамлашга интилаётгани таъкидланди.

“Plug and Play” компанияси вакили Феликс Ламмерс ўз тақдимотида Ўзбекистон технологик компаниялари муваффақияти ва уларнинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини намойиш этиш мисолларини келтирди. У Ўзбекистон АйТи-компаниялари нафақат иштирок этаётгани, балки халқаро миқёсда ҳам муваффақиятли рақобатлашаётганини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, EPAMнинг Германиядаги SAP амалиёти раҳбари Алексей Кузнецов Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятини рақобатбардош устунлик сифатида таърифлаб, маҳаллий мутахассисларнинг юқори сифати ва мослашувчанлигини айтиб ўтди.

Қолаверса, конференцияда хорижий сармояларни жалб қилиш ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда АйТи-технологияларини ривожлантириш маркази сифатидаги ролини кучайтиришга қаратилган “Нол риск дастури” ва “Минтақавий штаб-квартира дастури” каби стратегик ташаббуслар муҳокама қилинди. Бу дастурлар ҳукуматнинг қўллаб-қувватловчи позицияси билан биргаликда Ўзбекистон бозорига кириш истагида бўлган тадбиркорлар учун катта имтиёзлар беради.

Таъкидлаш жоизки, ушбу конференция иқтисодий ривожланишга ёрдам беради, АйТи соҳасида ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар очади ва ҳар икки давлатга фойда келтирадиган технологик тараққиётга ёрдам беради. Бундай халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистон ўзини глобал АйТи-аутсорсинг учун рақобатбардош ва ишончли манзил сифатида кўрсатиб, жаҳон саҳнасига сезиларли таъсир кўрсатишни мақсад қилган.

Сўнгги йилларда халқаро АйТи-аутсорсинг соҳаси сезиларли ўзгаришларга дуч келди. Жумладан, Германия ҳукумати томонидан илгари сурилган ташаббуслар натижасида Ўзбекистон фуқаролари учун 50 минг иш ўрни яратилди ва бу икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва технологик алоқаларни мустаҳкамлашга қатъий интилаётганидан далолат беради. Бундан ташқари, айни пайтда Ўзбекистонда Германияга АйТи-хизматларини экспорт қилувчи 12 та компания ҳамда Германия капитали иштирокидаги 10 га яқин компания фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ҳамкорлик конференция давомида ўрганилган потенциал ўсиш ва инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш учун замин яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг