Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

DataVolt компанияси билан ҳамкорликда яшил “Маълумотлар маркази” қурилишининг биринчи босқичига старт берилди

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатлари қаторига киритишдир. Бунда илғор ахборот-коммуникация технологияларини давлат ва жамиятнинг барча соҳаларига кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам Рақамлаштириш соҳасидаги 3 та асосий мақсадлар белгиланган:

  • 2030 йилгача БМТ Электрон ҳукумат рейтингида Ўзбекистонни дунёнинг ТОП-30 талигига кирган энг илғор мамлакатлари сафига киритиш;
  • АйТи хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини 2030 йилга қадар 5 млрд долларга ошириш;
  • Ҳамда АйТи соҳасида юқори даромадли ишларда ишлаётган ёшлар сонини 300 мингга етказиш.

Бу каби ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида, айни дамда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Саудия Арабистонининг ДатаВольт компанияси билан ҳамкорликда яшил “Маълумотлар маркази” қурилишининг биринчи босқичига старт берилди.

III Тошкент халқаро инвестиция форумида сўзга чиққан давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди:

  • Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
  • Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.
  • Учинчидан, тез орада саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади.

Мамлакатимизни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга катта туртки берувчи “Маълумотлар маркази”ни қуриш учун DataVolt компанияси томонидан 2030 йилгача босқичма-босқич 5 млрд АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши режалаштирилган.

Яшил “Маълумотлар маркази” қурилишининг дастлабки босқичида Тошкент шаҳрининг IT Park ҳудудида яшил энергия асосида фаолият юритадиган умумий қуввати 10 МВт ва қиймати 150 млн АҚШ долларига тенг бўлган маълумотлар маркази барпо этилади.

Иккинчи босқичида эса “Янги Тошкент” ҳудудининг 25 гектар ер майдонига қуввати  250 МВтгача бўлган “Маълумотлар маркази” қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, учинчи босқичда дастлабки қуввати 40 МВт ва келгусида 250 МВтгача ошириш имкониятига эга бўлган лойиҳа Бухоро вилоятининг 25 гектар ер майдонида қурилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу марказларни барпо этиш жараёнлари 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилади.

Дунё бўйича яшил энергия асосидаги илк лойиҳа ишга туширилгандан сўнг “Маълумотлар маркази”га DataVolt компанияси томонидан йирик хорижий АйТи компаниялар жалб этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг