Халқаро инвестиция форуми доирасида “IT Park Uzbekistan: ривожланишнинг янги истиқболлари” мавзусида сессия ташкил этилди

Тошкентда бўлиб ўтган учинчи Халқаро инвестиция форуми доирасида “IT Park Uzbekistan: ривожланишнинг янги истиқболлари” мавзусида сессия бўлиб ўтди. Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди. Шунингдек, хорижий давлатлар етакчилари, чет эл ҳамда юртимиз компаниялари вакиллари, спикерлар қатнашди.
Маълумки, Ўзбекистонда ахборот технологиялари ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, бу эса ахборот хизматлари ва маҳсулотлари экспортини ошириш, мамлакат иқтисодий истиқболларини яхшилаш, ахборот технологиялари соҳасида янги иш ўринларини яратиш имконини берди.
Бугунги кунда АйТи Парк резидентлари сони 1954 та компания бўлиб, шундан 666 таси экспортга йўналтирилган корхоналардир. 2023 йил якуни бўйича кўрсатилган хизматлар экспорти ҳажми 344 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Иш ўринлари сони эса 13073 тага етди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси мувофиқ, мамлакатимизни минтақавий АйТи-хабга айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2030 йилгача рақамли технологияларни ривожлантириш, АйТи-хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шунингдек, 2030 йилга бориб электрон ҳукумат халқаро рейтингида мамлакатни ТОП 30 таликка олиб чиқиш, АйТи соҳасида 300 мингдан ортиқ юқори малакали мутахассис тайёрлаш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.
“Биз Ўзбекистонда АйТи соҳасида юқори маошли иш ўринларини яратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Шу билан бир қаторда, АйТи компаниялар учун қулай шароит яратмоқдамиз. Агар сиз компаниянгизни Ўзбекистонга олиб келадиган бўлсангиз, сиз солиқлардан озод қилинасиз. Шунингдек, сизнинг ишчиларингиз ҳам кам миқдорда солиқ тўлайди. Яна бир муҳим жиҳати – бизда ўсиб келаётган талантли ёшлар кўп. Улар ҳам чет тилларини ҳам АйТи соҳасини ўрганган ҳолда улғайишмоқда. Бу эса сизнинг компаниянгиз учун қулайлик яратиши шубҳасиз”, – деди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз нутқида.
Вазир ўз нутқи давомида “Zero Risk” дастури ҳақида ҳам тўхталиб ўтиб, унинг қулайликлари, чет эл компаниялари ўз аутсорсинг офисини Ўзбекистонга олиб келадиган бўлса, улар учун тақдим этиладиган имкониятлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter