Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон радиоалоқа конференциясида қатнашяпти

Ўзбекистон делегацияси Бутунжаҳон радиоалоқа конференциясида қатнашяпти

Фото: Digital.uz

Дубай (Бирлашган Араб Амирликлари)да Халқаро электралоқа иттифоқининг (ХЭИ) 2023 йилги Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси (БРК-23) ўз ишини бошлади. Конференцияда ХЭИга аъзо 193 мамлакатдан 3 500 дан ортиқ иштирокчилар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, ускуналар ишлаб чиқарувчилар, тармоқ операторлари ва IT-саноат вакиллар қатнашмоқда.

Нуфузли халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси — Рақамли технологиялар вазирлиги, “Электромагнит мослашув маркази” ДУК ва “UNICON.UZ” МЧЖ вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

Ҳар уч-тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Бутунжаҳон радиоалоқа конференцияси радиочастота спектри ва йўлдошли орбиталардан фойдаланишни тартибга солувчи халқаро шартнома — ХЭИ Радиоалоқа регламентини қайта кўриб чиқиш ваколатига эга.

БРК-23да рақамли иқтисодиётда муҳим рол ўйновчи, электралоқа (телекоммуникациялар) ва АКТ соҳасига катта таъсир кўрсатадиган бир қатор илғор технологик инновацияларга қўйиладиган талаблар кўриб чиқилади.

Бутунжаҳон радиоалоқа конференциясининг 20 ноябр куни бўлиб ўтган биринчи ялпи мажлисида турли функционал вазифаларга эга 7 та қўмитадан иборат БРК-23 тузилмаси белгиланган эди. Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик (АСҲҲ) томонидан Ўзбекистондан кўрсатилган делегатлар ҳам қўмиталар раҳбариятига сайланган эди.

БРК-23га тайёргарлик доирасида Ўзбекистонда радиоалоқа технологиялари учун радиочастота спектрини тақсимлаш бўйича кун тартибидаги масалалар бўйича республика позициясини шакллантириш бўйича олдинги — БРК-19дан кейин тўрт йиллик режали ишлар амалга оширилди.

Конференция 2023 йилнинг 15 декабрига қадар давом этади. Унинг натижалари инсонлар ва давлатлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган дунёдаги радиоалоқа технологияларининг ҳозирги ва келажакдаги ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг