Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бу йил Инҳа университетини 400 га яқин талаба битирди

Бу йил Инҳа университетини 400 га яқин талаба битирди

Фото: Inha

Бугун, 14 октябр куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 2022/2023 ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

2014 йилда ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети бугунги кунда ахборот технологиялари ва логистика йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш бўйича Ўзбекистондаги етакчи университетлардан бири ҳисобланади.

Битирув маросимида иштирок этиш учун Корея Республикасининг Инҳа университети президенти, профессор Чо Меонг Ву бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шунингдек, маросимда Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ким Хи-санг иштирок этди.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи ректори, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва битирувчиларни табриклади.

«Ҳар сафар Инҳа университетига келганимда, ўзига хос бошқача хурсандчиликка эга бўламан. Чунки 10 йил олдин ушбу университет лойиҳасини ишга тушириш, бошлаш бўйича вазифа юклатилганди. Ҳозирда эса университет ва унинг талабалари эришаётган натижаларни кўрганимда эса бошқача кайфият уйғонади. Ҳар доим чет элга чиққанимда ҳам университет талабалари эришаётган натижаларни айтиб мақтанаман. 

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг ишга тушганига кейинги йил 10 йил бўлади.

Биласизки, Президентимиз томонидан Ўзбекистонни минтақавий IT хабга айлантириш бўйича катта вазифа қўйилган. Бу вазифаларни бажаришимиз учун компаниялар, биринчи навбатда, биздан сифатли мутахассис сўрайди. Бунда эса биз асосан мана шу университетга суянамиз ва бу тавсия ўзини оқласа, доим хурсанд бўламиз. Сиз каби сифатли кадрларимиз бор экан, демак, хорижий компанияларнинг ҳам ўзбек муҳандисларига бўлган ишончи ортиб бораверади. 

Анча қийинчиликларни босиб ўтиб, шу даражага етишишингиз осон бўлмаган. Келгусида ҳам ҳеч қачон билим олишдан, изланишдан, ҳаракатдан тўхтаманг. Келажакдаги ишларингизга ҳам улкан муваффақиятлар тилайман”, – деди вазир ўз нутқида. 

Битирувчиларга дипломларни Инҳа университети (Корея) президенти Чо Меонг Ву ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Музаффар Жалаловлар топширди.

2023 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” ҳамда “Бизнес ва логистика” йўналишлари бўйича бакалавриат босқичини 380 нафар талаба, MBA йўналиши бўйича 18 нафар магистратура босқичини тамомлашди.

Маълумот учун, университетни тамомлаган талабалар ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларида, шунингдек, йирик халқаро компанияларда (Facebook, Google, Uber, EPAM, E&Y, Huawei) меҳнат қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг