Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Деҳқончилик ва чорвачилик муаммоларига IT ёрдамида ечим излаётган қорақалпок ёшлари

Юртимизнинг турли ҳудудларидаги рақамлаштириш билан боғлиқ ўзгаришлар ва янгиликлар билан таништиришда давом этамиз. Бу галги IT-тур Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтди. Бу ердаги айти инфратузилмани биргаликда ўрганамиз!
Саёҳатимиз давомида Қорақалпоғистон Республикаси IT бўйича ва инновацион старт-ап лойиҳалари билан катта марраларни кўзлаётганига гувоҳ бўлдик. Бу борада сезиларли натижалар қайд этилган.

“Бугунги кунда 80 фоиз аҳоли яшаш масканлари, яъни 1232 та хўжалик оптик толали алоқа тармоғига уланган. Шу билан бирга, мобил алоқа тармоғининг қамрови хўжаликлар ўртасида 96 фоизга етган. Шу туфайли ҳудудларда IT соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Қорқалпоғистон Республикаси ҳудудида бугунги кун ҳолатига кўра 71 та резидент фаолият юритмоқда. Улардан 40 фоизи дастурий таъминот билан шуғулланса, қолган қисми IT соҳасини ўргатиш билан шуғулланади. Қувонарли жиҳати шундаки, тез орада IT-Parkнинг 16 қаватли биноси қуриб битирилиб, фойдаланишга топширилади”,– дейди Мираз Шамуратов, Рақамли технологиялар вазирлиги Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси.

Дастурлаш  соҳасида таҳсил олаётган талабалар орасида минтақавий ва маҳаллий муаммоларга ечим излаётган ёшларга ҳам гувоҳ бўлдик, улардан бири Президент стипендияси совриндори Бибиназ Туремуратова.

“Start4regions” илмий ғоялар танловида қишлоқ хўжалигига оид лойиҳа билан қатнашиб, қарийб 40 млн сўм пул маблағини ютиб олдим. Ушбу лойиҳа нафақат Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида, балки экин экиладиган барча майдонларда қўллаш учун мўлжалланган. Яъни, мен маълум бир ҳудудда туриб, анча узоқ масофадаги ерларнинг шўрланганлик ёки намланганлик даражасини аниқлашим мумкин. Айтайлик, Нукусдан туриб, Мўноқдаги ерларни аэрокосмик тасвирлар ёрдамида таҳлил қилиш имконияти мавжуд. Бунинг учун махсус датчиклар керак бўлади. Ушбу лойиҳа орқали бир нечта муаммоларга ечим топиш мумкин, йирик фермер хўжаликлари тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиш учун ҳар сафар лобаратория мутахассисини чақириши шарт эмас, ернинг бир нечта қисмига датчиклар ўрнатиб қўйса, маълумотлар доимий телефонга ёки компьютерга келиб туради. Маҳсулотнинг тўлиқ шакли тез орада сотувга чиқади ва уни DataLifeCentre орқали сотиб олиш имконияти пайдо бўлади”, – дейди Бибиназ Туремуратова, ТАТУ талабаси.

Саёҳатимиз давомида Ёшлар технопаркида ҳам бўлдик ва у ерда ёшларнинг инновацион ишлари билан ҳам танишдик.

“Бу лойиҳа фермерчилик ва чорвачилик унсурларини бирлаштириб, максимал даражада фойда олишга ёрдам беради. Бугунги кунда кўплаб деҳқонлардаги муаммо айнан иситиш тизими билан боғлиқ. Негаки иссиқхоналарни қўллаб-қувватлашга кўп маблағ талаб этилади. “ChorDeh” лойиҳаси эса чорвачилик ва деҳқончиликни ўзаро интеграция қилиш ёрдамида ўғитларга бой, биологик маҳсулотларни етиштиришга ёрдам беради, шунингдек, ҳар бир қорамолдан табиий иссиқлик ажралишини инобатга олган ҳолда, иссиқхона эффектини яратади. Масалан, бир бош қорамолдан 4 500-5 000 к.кал.гача биологик иссиқлик ажралиб чиқади, бу нарсадан оқилона фойдаланиб, замонавий иссиқхоналарни ҳеч қандай сарф-харажатларсиз қўллаб-қувватлашга эришса бўлади. Бундан ташқари, ҳайвонлардан олинадиган биогумус ўсимликлар учун табиий ўғит сифатида ишлатилади. Қисқа қилиб айтганда, бизнинг бу лойиҳамиз мутлақо табиий ва органик маҳсулотларни етиштиришга ёрдам беради”, – дейди ChorDeh лойиҳаси асосчиси Хурсанд Азилов.

IT-тур лойиҳамиз ҳақида тўлиқроқ малумотга эга бўлиш ва бошқа вилоятларнинг IT имкониятлари ҳақида билишни истасангиз Хоразм, Самарқанд, Жиззаҳ ҳақидаги видеолавҳаларни ҳам томоша қилишни тавсия этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг