Xabar.uz’да янги лойиҳа – «IT-tur»: Жиззахдаги рақамли ўзгаришлар (видео)

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали янги – «IT-tur» лойиҳасини йўлга қўймоқда. Лойиҳа доирасида ижодий гуруҳимизнинг илк ташрифи Жиззах вилоятига амалга оширилди.
Ташриф давомида IT-Park Жиззах вилояти филиали, Ҳиндистоннинг «Sambhram» университети, Жиззах шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Зомин туманидаги 60-мактаб қошида очилган «Ўқувчи-ёшларни келажак касбларга тайёрлаш маркази» мажмуаларида бўлдик.
Шунингдек, дастурлаш соҳасидаги мутахассислар ва ёшлар билан суҳбатлашдик.
Лойиҳага 5.3 млрд. сўм йўналтирилган
IT-Park Жиззах вилояти филиали 2020 йил 11 ноябрда ишга туширилган. Мажмуанинг умумий майдони 840 кв/м ташкил этади, лойиҳага 5.3 миллиард сўм йўналтирилган. Бугунги кунда муассасада йигирмадан ортиқ мутахассис-ходимлар меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Назира Муҳиддинова, IT-Park Жиззах вилояти филиали раҳбари:
- 2021 йил сарҳисобига кўра, филиалимиз республикада биринчи ўринни олди. Бундан жуда қувондик. Боиси, ушбу натижа учун мутахассисларимиз ва менежерларимиз астойдил ҳаракат қилишди. Бунда IT бўйича таълимдан то тадбиркорликкача қилган ишларимиз муҳим рол ўйнади.
2022 йил учун ҳам катта режаларимиз бор. Ўтган йилда биз кўпроқ IT-таълимга эътибор қаратган бўлсак, жорий йилда биз битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш ва IT-тадбиркорликни устувор вазифага айлантирмоқчимиз.
Эътибор берадиган бўлсак, мамлакатимизнинг 60 фоиз аҳолиси ёшлар. Бу бизни ютуғимиз бўлиши билан бирга, ўйлантирадиган томонимиз ҳам. Сабаби, ўсиб келаётган, айни энергияга тўлган пайтда ёшларимизга тўғри йўналиш бериб, иш билан банд қилишимиз керак. Чунки у оила қуриши, келажакка нисбатан умидини сўндирмаслиги зурур. Бунинг учун биз бор имкониятлардан унумли фойдаланишимиз лозим, деб биламан.
Бугунги кунда муассасада ёшлар соҳа мутахассисларидан мобиль дастурлаш, веб дастурлаш, график дизайн, 3D дизайн ва робототехника йўналишлари бўйича таълим олишмоқда. Хусусан, мураббийларнинг орасида ёшларнинг борлиги эътиборимизни тортди.
Равшанбек Қувондиқов, робототехника мураббийи:
- Курсларимизга ўқувчиларни 8-9 ёшдан бошлаб қабул қиламиз. Тўғри, бошланишида ўрганувчилар катта ё кичиги бўладими код ёзиши мураккаблик қилиши мумкин. Шу туфайли, дастлаб уларга логикани ўргантиш мақсадида леголардан фойдаландик. Бу орқали улар компьютердан фойдаланишда қийналишмайди. Кейин компьютер, телефон ва шу каби қурилмалардан бошқариладиган нарсалар яратишни бошлашади.
2019 йилдан ҳисобланса, 50-60 тага яқин шогирдлар ўқитишга эришдим.
Фаолияитим давомида кузатганларим бўлган, аниқроғи ўқув курсларимизга ота-оналар болаларини шунчаки вақт ўтказиши учун ҳам олиб келишади. Фарзандида эса қизиқиш бўлмайди. Натижада, бола ҳеч нарса ўргана олмайди. Фурсатдан фойдаланиб айтган бўлардим, болалар, аввало, IT’га қизиқиб, соҳа бўйича бошланғич тушунчага эга бўлиб келишлари мақсадга мувофиқ. Шунда ўқитувчилар уларга кўпроқ нарсаларни ўргата олишади.
Бизга маълум қилишларича, мажмуада республикада биринчилардан бўлиб, BPO хизматлари маркази очилган. Натижада, у орқали 15 га яқин ёшлар томонидан хорижга бизнес экспорти амалга оширилмоқда. Уларнинг даромади 300 АҚШ долларидан бошланади.
Шунингдек, ушбу «Жиззах тажрибаси» асосида яқин кунларда Фарғона, Наманган, Бухоро вилоятларида ҳам BPO хизматлари марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.
1501 та талаба таълим олмоқда
Сафаримизнинг иккинчи кунида биз вилоятдаги Ҳиндистоннинг «Sambhram» университетида бўлдик. Университет Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2021 йил очилган. Унда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрланади. Муассасада «Ахборот технологиялари муҳандислиги», «Ахборот технологиялари фанлари» ва «Бизнес бошқаруви» йўналишлари бўйича бакалавр, «Ахборот технологиялари фанлари» ва «Бизнес бошқаруви» мутахассисликлари бўйича магистратура мавжуд. Бугунги кунда, олийгоҳда 1501 та талаба таълим олмоқда.
Навбатдаги манзилимиз Жиззах шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб бўлди. Мактабда 3 та информатика, биттадан робототехника, киберспорт, математика ва инглиз тили хоналари, шунингдек рақамли кутубхона тўлиқ қайта таъмирланиб замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Ҳозир мазкур мактабда IT йўналиши бўйича 120 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда.
Шунингдек, биз Зомин туманидаги 60-мактаб қошида очилган янги «Ўқувчи-ёшларни келажак касбларга тайёрлаш маркази» фаолияти билан ҳам танишдик. Марказда тумандаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлар учун келажак касбларига йўналтирувчи тўгараклар ташкил этилган.
Сафаримиз якунида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ғулом ака Қурбонов билан қисқа интервью ўтказдик. Суҳбатимиз вилоятда АКТ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар мавзуларида кечди.
Тўлиқ видеони Xabar.uz’нинг YouTube каналида томоша қилинг.
Кўрсатувни тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ғулом Қурбонов ва мутахассис Лазиз Мелибоевга миннатдорчилик билдирамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter