Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган “АйТи -шаҳарча”лар ташкил этилади – Президент қарори  

Ҳудудларда ёшларга рақамли технологиялар ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган “АйТи -шаҳарча”лар ташкил этилади – Президент қарори   

Фото: Digital. uz

Ҳудудларда ёшларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиш, уларда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда, шу жумладан халқаро миқёсда хизматлар кўрсатиш орқали юқори даромад топиш кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, жойларда рақамлаштириш соҳасидаги мутахассислар тайёрлаш фаолиятини кенгайтириш ҳамда экспорт қилиш салоҳиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенинг “Ҳудудларда ёшларга рақамлаштириш ва хорижий тилларни ўрганиш учун қўшимча шароитларни яратишга қаратилган “АйТи-шаҳарча”лар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2024 йил 15 майдаги ПҚ-178-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ҳудудларда ёшларни рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқитишга йўналтирилган “АйТи-шаҳарча”лар ташкил этилади.

Шунингдек, қуйидагилар “АйТи-шаҳарча”ларнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланмоқда:

– ёшларни рақамли технологиялар соҳасига йўналтириш, уларни мазкур соҳада билим эгаллаш бўйича интилишларини рағбатлантириш;

– семинарлар, менторлик дастурлари ва онлайн таълим ресурслари орқали ёшларда уларнинг меҳнат бозорида муваффақиятга эришишига ёрдам берувчи рақамли технологиялар соҳасидаги кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш;

– дастурлаш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш йўналишларида таълим бериш, хорижий тиллар, шу жумладан, инглиз тилига ўқитиш орқали ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш;

– ёш авлодни замонавий касбларга ўқитиш, шунингдек, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини ошириш.

Қарорга мувофиқ, ҳудудларда ташкил этиладиган “АйТи-шаҳарча”лар Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли таълимни ривожлантириш маркази” давлат муассасасининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бўлинмалари ҳисобланади.

Марказ “АйТи-шаҳарча”лар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича қуйидагиларни амалга оширади:

– ёшларга бепул таълим олиш учун қулай шароитлар яратади, таълим жараёнлари сифатли ташкил этилиши ва амалга оширилишини таъминлайди ҳамда ёшларга халқаро масофавий таълим платформаларида билим олиш имкониятини яратади;

– таълим бериш учун менторларни жалб қилади, улар билан шартномалар тузади, шунингдек, билим ва кўникмаларини доимий ошириб боради;

– “АйТи-шаҳарча”лар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда юклатилган вазифалар ижроси назоратини амалга оширади;

– ўқув дастурларига биноан ёшларнинг билим олиши ва кўникмалар эгаллаши, шунингдек, машғулотлар бўйича давоматини мониторинг қилиб боради;

– Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда “АйТи-шаҳарча”ларда ёшлар иштирокида соҳага оид турли мусобақалар, танлов ва бошқа тадбирларни ташкил қилади;

– “АйТи-шаҳарча”лар фаолиятини доимий равишда ривожлантириб боради ҳамда самарадорлигини ошириш чораларини кўради.

Қарорга кўра, “АйТи-шаҳарча”лар дастлаб 15 та ҳудудда – Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида ташкил қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг