“President Tech Award”: Demo Day ҳафталиги бошланди

Президент соврини учун “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” (President Tech Award) танловининг Demo Day босқичи тарзда бошланди. Ушбу ҳафта давомида (1–7 декабр) танловнинг асосий йўналишлари бўйича 54 та сараланган жамоа ўз инновацион лойиҳаларини тақдим этиб, финал босқичига йўл олиш учун курашади.
Тадбирни Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров табрик сўзи билан очиб берди. Тадбир ҳамкори сифатида “Plug and Play” иштирок этди.
54 та жамоа ўз стартапларини етакчи компаниялар мутахассисларига тақдим этдилар. Кун якунида ҳакамлар ҳайъати финалга ўтган 15 та энг яхши жамоани (ҳар бир тоифада 3 тадан) аниқлади.
“Сунъий интеллектга асосланган технологиялар” йўналишида стартапларни “Impact Hub Yerevan” ментори ва мураббийи Совинар Софи Бабаян, “Click” компаниясининг маълумотларни бошқариш бўйича директори Роман Дяконов ва “Aiphoria” компаниясининг жамоаси раҳбари ҳамда етакчи ML-муҳандиси Анна Андреэва баҳолади. Тақдимотлар сессияси натижаларига кўра “Speaklish”, “TASS Vision” ва “Cradle” финалга йўл олди.
“Ижтимоий соҳада рақамли технологиялар” йўналишида стартапларни маслаҳатчи ва ментор, “300brains.com” менежери Ярослав Дудко, Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби профессори, тадқиқот маркази директори Михаил Сарев, Рақамли трансформация етакчилик мактаби ҳаммуассиси Дмитрий Гребенюк баҳолади. Финалга “BRAILLE RECOGNITION”, “Онлайн Ҳамшира” ва “Stepogram” лойиҳалари ўтди.
“Компьютер ва мобил ўйинлар” тоифасини “InvenioGrowth” компанияси венчур ҳамкори Ларс Вестергард, “Doomers Entertainment” бош директори ва асосчиси Фирдавс Мамадхонов, “EVEGOPLAYON Studio” санъат бўлими раҳбари Валентин Саранов баҳолади. “Grimoire Entertainment”, “Gale-Force Entertainment” ва “Fazliddin Games” финалга йўл олди.
“WeTeh” ҳамкори Дарко Дуйич, “TechPro DC” компанияси ижрочи директори Улуғбек Артиков, “Team University” ҳаммуассиси Ҳикмат Абдураҳмонов стартапларни “Micro-SaaS ва AdTech соҳасидаги технологик ечимлар” тоифасида баҳоладилар. Натижалар бўйича “OYGUL”, “StudentHunter” ва “EduTizim” финалга чиқди.
“Тадбиркорлик ва молиявий технологиялар” йўналишида стартапларни “FINGROW” ҳаммуассиси ва Европа инвестиция фонди кенгаши раиси Мартин Методиев Гиков, “JP Morgan Japan” собиқ вице-президенти Саидахрор Бурханов, “STAN Advisory” ҳаммуассиси ва бошқарувчи ҳамкори Дмитрий Саава баҳолади. Финалга “Суғурта Бозор”, “Jobster” ва “diip.uz” лойиҳалари ўтди.
Финалга чиқа олмаган жамоалар “Plug and Play” мутахассисларидан фикр-мулоҳазалар олишади, бу эса уларга ўз стартапларини такомиллаштириш имконини беради.
7 декабр куни стартаплар учун гранд финал бўлиб ўтади. Танлов ғолиблари ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади. Жамоалар сармоя учун беллашади. Умумий мукофот жамғармаси 900 000 долларни ташкил этади.
Шунингдек, Рақамли стартаплар ҳафталиги доирасида Ўзбекистонда GameDevHQ академиясининг ишга туширилиши, “IT Park Ventures” фондининг очилиши ва “Digital Startups” дастури тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter