Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

15 та ҳудудда IT-шаҳарчалар ташкил этилади

15 та ҳудудда IT-шаҳарчалар ташкил этилади

Мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш ва ёшларнинг қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари бўйича Президентга ахборот берилди.

Сўнгги йилларда IT соҳаси жадал ривожланиб, мутахассислар ва хизматлар тобора кўпайиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида соҳадаги хизматлар ҳажми 20 фоиз ўсди, 200 миллион долларлик экспорт қилинди ва 5 мингта янги иш ўрни яратилди.

Лекин, ҳудудлар кесимида қараганда, IT хизматлари ва экспортининг асосий улуши Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Чунки мутахассисларнинг 80 фоизи пойтахтда яшайди.

Шу боис, бу соҳани чекка ҳудудларда ҳам ривожлантириш мақсадида, IT-шаҳарчалар ташкил этиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, дастлаб Чимбой, Ғиждувон, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш, Хатирчи, Поп, Шаҳрисабз, Қўшработ, Сариосиё, Сирдарё, Паркент, Тошлоқ ва Тупроққалъа туманлари ҳамда Хонобод шаҳарларида ана шундай ҳудудлар ташкил қилинади.

IT-шаҳарчаларда йилига 10 мингга яқин ёшлар IT, чет тили ва бошқа замонавий касблар бўйича бепул ўқитилади.

Давлатимиз раҳбари бундай шаҳарчалар ёшлар учун қулай жойда барпо этилиши ҳамда уларда юқори малакали мутахассислар дарс бериши зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Шиддат билан ўзгараётган даврда ҳамма соҳага ахборот технологияларини биладиган кадрлар керак. Бу соҳада хизматлар учун ҳам, экспорт учун ҳам энг асосий ресурс бу – малакали мутахассислар. IТ-шаҳарчалар бу йўлда ёшларга қанот бўладиган, замонавий касбларга ўргатадиган тизим бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, IТ таълим ва дастурий маҳсулот йўналишидаги лойиҳалар бўйича 1 миллиард сўмгача бўлган стартаплар танловини IT-Park орқали ўтказиш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбари бу танловда ҳам худди “President Tech Award”даги каби, нуфузли халқаро компаниялар томонидан баҳолашни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Сунъий интеллект дастурларини яратиш ва қўллаш бўйича ҳам муваффақиятли ишлар олиб борилмоқда.

Рақамли технологиялар соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида сунъий интеллект ва космик фаолиятга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, тақдимотда Ягона коммунал хизматлар платформасини жорий этиш бўйича ҳам ахборот берилди.

У орқали 14 дан зиёд идораларнинг маълумотларини бир нуқтада жамлаш ҳамда автоматлаштирилган равишда тақсимлаш мумкин.

Ушбу онлайн платформа орқали истеъмолчилар 8 та коммунал ташкилот хизматлари учун тўловларни қулай тарзда амалга ошириш имкониятига эга бўладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг