Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Махфуза Рўйиддинова

«Кема учун энг хавфсиз ҳудуд – қирғоқ. Аммо у бунинг учун яратилмаган».

Самарқандга IT-тур: «Paramount» билан ҳамкорлик, 15 ёшда 600 долларгача пул топаётган фрилансер ва тиббиётда кутилаётган катта янгилик

Барчага ўз қадимий обидалари ва мақбаралари билан маълуму машҳур бўлган кўҳна Самарқанднинг IT соҳасидаги салоҳиятидан қанчалик хабардорсиз? «Хabar.uz» жамоаси вилоятларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги салоҳиятини ёритиш мақсадида «IT-тур» лойиҳасига қўл урган. Хабарингиз бор, аввалги лойиҳамиз доирасида Жиззах вилоятининг ушбу соҳадаги ютуқларига тўхталиб ўтган эдик. Бугун эса сизга Самарқандни қайтадан кашф этишга ёрдам бермоқчимиз.

Самарқанд вилоятининг барча 16 та шаҳар ва туманларида Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилган бўлиб, уларда жорий йилнинг ўтган даврида 6 338 нафар киши ўқишга жалб қилинди.

Даставвал, умумий статистика билан танишсак: бугунги кунга қадар «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси доирасида вилоятда 271 530 нафар ёш рўйхатдан ўтиб, 102 278 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритган.

Самарқанд шаҳрида 2020 йилнинг 21 декабрида IT-Паркнинг ҳудудий филиали ташкил этилган бўлиб, у бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ ёшларни қамраб олиш имкониятига эга. Бугунги кунда филиал ҳамда шаҳар ва туманлардаги IT-марказларда 50 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. 17 та корхона IT-Парк резидентлигига қабул қилинган. Улар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилиш имтимёзига эга бўлиб, иқтисод қилинган маблағларни фаолиятларини янада ривожлантиришга йўналтирмоқдалар. Бугунги кунга қадар IT-Паркнинг ҳудудий филиалида 80 дан ортиқ стартап лойиҳалар рўйхатдан ўтказилди, шулардан 5 тасини молиялаштиришга маҳаллий бюджет ва «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси томонидан 561,7 млн. сўм маблағ ажратилди.

«IT-Парк мутахассислар ва ушбу соҳага қизиқадиган ёшларни бир ерга жамлаган маскан ҳисобланади. Соҳага энди кириб келаётган ёшларнинг стартап лойиҳаларини ғоявий ривожлантириб, молиялаштиришга кўмаклашиб келяпмиз. Резидент сифатида IT-Паркга қўшилганлар эса бир неча солиқ тўловларидан озод этилмоқда.

Ҳозирда IT замон талабидир. Ҳар қандай соҳа вакилининг оғирини енгил қилишда АКТ соҳаси муҳим ўрин тутади ва аҳолимиз буни тушуниб, англаб етаётгани, албатта, бизни қувонтиради. Буни ўз стартап лойиҳалари билан ташриф буюраётган ёшларимиз миқёсида кўриб, гувоҳи бўляпмиз», – дейди IT-Паркнинг Самарқанд ҳудудий филиали директори Шерзод Юсупов.

Саёҳатимиз давомида IT-Парк Самарқанд филиалида ташкил этилган ўқув жараёнлари билан ҳам танишдик. Ўқув марказларида график дизайн, жумладан, 3D Max ва AutoCad йўналишлари, дастурлашнинг бэкенд ва фронтенд қисмида ишлаш, шунингдек, робототехника чуқур ўқитилаётганига гувоҳ бўлдик. Дарслар жуда қизғин ва ўрганмоқчи бўлганлар сони эса кун сайин ортиб бормоқда.

IT-Паркга резидент сифатида қўшилган тадбиркорлар билан суҳбатда шунга амин бўлдикки, айнан Самарқандда дунёнинг етакчи, «Paramount pictures» каби компаниялари билан ҳамкорлик қилувчи дастурчилар, тиббиётдаги бир қанча муаммоларга ечим бўла оладиган платформа яратган тадбиркорлар бор ва биз улар билан суҳбатлашдик. Интервьюни эса YouTube платформасида кўришингиз мумкин.

Стартапчилар орасида ўз ижтимоий лойиҳаларига қўл урган ёшлар ҳам талайгина. Улардан бири кам таъминланган ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини бепул ўқитишга ва биринчи даромадларини топишга ёрдам берувчи IT лабораторияга асос солган.

«Эътибор берсангиз, электроника орқали давлат имижини шакллантириш мумкин. Хорижий мамлакатлардаги йирик компанияларни олайлик: Samsung, Apple, Canon, Asus… Нега энди Ўзбекистонда шундай компаниялар яратиб бўлмас экан? Ниятимиз ана шундай компаниялардан бирига асос солиш ва бизнинг ҳозир қилаётган ишимиз алифбе ўрганишдек гап, аммо бу IT учун «Хамса» асаридек қимматлидир», – дейди ўз IT лабораториясига асос солган Бекмурод Шукуров.

IT соҳасида камчиликни ташкил этадиган аёл дастурчилар орасида Маҳбуба Салимовани алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Негаки, у ўз ижтимоий лойиҳалари орқали кўзи ожиз инсонлар оғирини енгил қилишни мақсад қилган.

«Лойиҳамнинг номи Брайль Фон деб аталади, номидан билиниб турибдики, у Брайль алифбосига асосланган телефондир. Уни яратишимга эса бир воқеа сабаб бўлган. Бир куни ўқишдан чиқаётганимда кўзи ожиз қиз уст-боши ёмғирда ивиган ҳолда шеригини сабр билан кутарди. Ўша вақтда унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини ўйладим ва шу каби телефонларга эҳтиёж юқорилигини сездим. Ўйлайманки, ҳаётимизни яхши томонга ўзгартиришимиз учун ITнинг ўрни беқиёс», – дейди Маҳбуба. Шунингдек, у ҳозирда ўзига ўхшаган «айтичи» қизларнинг кўпайишини ният қилган ва Ёшлар марказида ташкил этилган клубда аёл ва қизларни ушбу соҳада ўқитиб келмоқда.

«IT-тур»нинг биринчи кунида кўрганларимиз ва билганларимиз шулар эди. Иккинчи кунида эса Самарқандда ташкил этилган IT-мактаб, инкубация марказлари ва соҳада эришилаётган бир қанча ютуқларга гувоҳ бўлдик, булар ҳақида бироз кейинроқ, яъни «Самарқанддаги IT-тур» лойиҳамизнинг 2-қисмида тўхталиб ўтамиз. Агар лойиҳа ёққан бўлса, изоҳларда ўз фикрингизни ёзиб қолдиринг, сизнинг фикрингиз биз учун муҳим!

Маҳфуза РЎЙИДДИНОВА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг