Бошлаган ишини тугатолмайдиганлар психологияси
Сиз бундай одамларни танийсиз. Балки бугунги қаҳрамонимиз ўзингиздирсиз. Қадимги юнон афсоналаридаги Сизифга қиёсланадиган бундай кишилар бошлаган ишини якунламасликка одатланган. Оғир тошни тоғ чўққисига олиб чиқишга маҳкум этилган ва ҳар гал чўққига етганида пастга қулагач машаққатини қайта бошлаган Сизифни эслаган бўлсангиз керак. Унинг руҳиятидаги инсонлар ҳам худди шундай: Муҳим ишларни бошлашади, бажаришга интилишади, меҳнат қилишади, лекин якунга етиб боришмайди. Ярим йўлда мақсадлари ўзгариб тарк этадилар ва бошқа ишни бошлайдилар. Ҳеч бўлмаса кейингиси охирига борса кошкийди.
Ҳар бир инсон ўз ҳаёт сценарийсига эга. Бирор ишни ўзлаштиролмайдиганлар, охиригача оборломайдиганларга "Талаба сценарийси" тааллуқлидир. Чунки улар бир ишнинг кўзини билиш учун обдан ўрганадилар, унга зеҳн, хотира, тафаккур, вақтларини сарфлайдилар. Лекин меҳнат мевасини кўриш саҳнасигача етиб боролмайдилар. Чунки бу пайт яна бошқа ишни бошлаб ўрганаётган бўладилар. Бир сўз билан айтганда, улар бошлашни яхши кўрадилар, тугатишни эса ёмон кўрадилар. Бунга онг остидаги янглиш дастурлар сабабчидир.
"Талаба сценарийси"нинг яна бир номи "Деярли". Яъни, унда ишлар деярли битади ва шу таърифдан нарига ўтолмай қотиб қолади. Касбини, иш жойини, даромад манбаини тез-тез ўзгартириб турадиганлар ана шу сценарий асосида яшайдилар. Улар иш жараёнида туғилган муаммога нисбатан ягона ечим сифатида тугатишни кўрадилар.
Бундай инсонлар етишиб чиқишига болаликдаги тарбия усули замин ҳозирлайди. Ота-онаси қаттиққўл, катталар фикри ҳукмрон оилаларда бола буйруқларга дарров итоат этади. Масалан, бола расм чизиб ўтирибди, онаси овқатга чақирди. Агар унга дарров бажариш талаби қўйилса, қўлидан қаламни қўяди. Бу ҳол мунтазам равишда такрорлангач, овқатини еб бўлгач, яна расмга қайтмайди, балки бошқа ишга уннайди. Ёки яна бир мисол - болага кийинишни буюрдингиз, у устига кийимини илди, лекин тугмачаларини тақаётганида сабрингиз чидамай "Бер, ўзим" дейсиз. Бола онг остида "Мен бошлаган ишни бошқалар тугатиши керак" деган фараз уйғонади ва бу бир умр ҳамроҳликлик қилиши мумкин.
Демократик тарбия устун оилаларда болага ўз вақтини тақсимлаш ҳуқуқи берилади ва бу фойдали кўникма катта бўлганида бошлаган ишини тугатиш инстинктини шакллантиради. Ҳозир ҳар бир сўзи қонунлигидан севинаётган ота-оналар эртага фарзанди бир ишнинг бошини тутмагани, бирор ерда муқим ишламай шохдан шохга қўнишидан оғриниб қолишлари мумкин. Албатта, оилада ота-она ҳурматга лойиқ шахслар, уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш шарт. Аммо бола оламини ҳам ҳисобга олиниши керак. Иш буюришдан олдин болани кузатиш, банд бўлган юмушини тугатиб олишини кутиш мақсадга мувофиқ.
Чала ишлайдиганларда ҳам ўзини бошқариш қобилияти, ички ишонч, мотивация етарли бўлади, аммо қайсидир нуқтага келганда тарк этиш қонунияти тарозида оғир тош босади. Улар учун бошидан бошлаш осон ва завқлидир. Чунки онг остида "Барибир муваффақиятли тугалланмайдиган ишни давом эттириб нима қиламан?" риторик саволи яшайди.
Ушбу характерга мансуб инсонларнинг кўпчилиги ўз табиатидан нолимайди. Бу ташқаридагиларнинг асабини бузишига қарамай, ўзига салбий хислат бўлиб кўринмайди. Шу боис ундан халос бўлишни ҳам истамайдилар. Уларни одатларидан воз кечишга кўндириш учун анча меҳнат қилишингиз керак. Аммо шундайлар ҳам борки, чала иш қилишини билади ва бу ўзига ҳам ёқмайди, фақат тарки одат амримаҳол, деганларидек қайта тарбиялашда қийналадилар.
Уларга онг остини қайта дастурлаш, бу учун келажакка некбин нигоҳ билан қараш, орзулар ушалишига ишониш, омадга ўзини лойиқ деб билиш маслаҳат берилади. Қўрқувни енгиш, ҳар қандай натижага тик қарай олишни ўрганишлари керак. Ахир исталмаган натижа ҳам натижасизликдан кўра яхши-ку.
Ишни ўйлаб бошлаш, ўртамиёналикка амал қилиш, кўрпага қараб оёқ узатиш муҳимлигини тушунтириш керак. Агар ўз имкониятларини тўғри баҳолай олган ҳолда ишга киришсалар ва у муваффақиятли якунланса, кейинги ишларни ҳам охиригача олиб боришга қодир бўладилар.
Мақоламиз қаҳрамонлари учун фойдали шиор: "Тугатилмаган иш бошланмаган ишдир". Демак, нимани бошлаган бўлсангиз, тугатишингиз шарт. Акс ҳолда тарк этилган нуқтагача қилган меҳнатингиз ҳисобга ўтмайди.
Улар шу пайтгача "Ишни қилсанг пухта қил, пухта қилмасанг, нуқта қил" нақлига қаттиқ таяниб яшаганлар. Энди эса нуқта билан бирга вергул ҳам борлиги, ҳар қандай вазиятда давом этиш мумкинлиги англаш фурсати етди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter