Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ўқувчи таътилда дам олиши керакми ёки ўқиши?

Ўқувчи таътилда дам олиши керакми ёки ўқиши?

Фото: Xabar.uz

Ёзги таътил бошланди — ота-оналарни дам олиш ойларидан қандай фойдаланиш, фарзандларини нима билан банд қилиш масаласи ўйлантирмоқда. Бу борада оилалар қарори асосан икки турли бўлади. Бир қисми ёзни соз ўтказиш, мазза қилиб ҳордиқ чиқаришни афзал билади: “Таътил бекорга берилмайди”, дейдилар улар. Ота-оналарнинг яна бир қисми эса болани бўш қолдирмаслик, фанлардан қўшимча дарслар, тўгараклар, чет тили репетиторлари билан банд қилишга киришадилар. Хўш, қай тарафнинг тутган йўли тўғри?

Шак йўқки, таътил ўқувчи дам олиши, келаси ўқув йилига куч тўплаши учун жорий этилган. Аслида катталарга нисбатан қўлланиладиган “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам" нақли ўқувчи болажонларга ҳам тааллуқли. Вақтида дам олган бола яхши ўзлаштиришга қодир бўлади. Аммо бу омилларни рад этмаган ҳолда аниқ айта оламизки, таълим олишда таътил ва танаффус йўқ! Зотан, таълим узвий жараён. Илм олиш тўхтатилса, аввал тўпланган билим захирасига ҳам путур етади.

Ўйлаб кўринг, қўлига дипломини олган мутахассис изланишдан тўхтайдими? Ҳа, бўлиши мумкин, фақат оқибат кераксиз кадрга айланиш билан якунланади-да. Келажаги бор мутахассис эса бир ишнинг бошини тутгандан кейин ҳам ўқиб ўрганишда давом этади. Балки олдингидан ҳам кўпроқ илм тўплашга интилади. Ўқувчининг ҳолати ҳам худди шундай. Агар у таътилга чиққанидан севинган ҳолда ўқиш, ўрганиш, ўз устида ишлашга чек қўйса, келаси ўқув йилида фанларни ўзлаштиришга қийналади. Чунки инсон онг ости шароитга мослашишга уста. Қисқа вақт давомида маълумот қабул қилмаган мияга шундай ишлаш ёқиб қолади. “Бешикдан қабргача илм изла” деган азалий таълимотни эсга олинг. Демак, илм узлуксизликни севади, у доимий давом эттирилишга мойил. Акс ҳолда борини ҳам йўқотади. Яъни, эсдан чиқаришни бошлайди. Илмнинг офати — унутишдир.

Таътил мактабнинг талаб ва тартибларига амал қилиш бўйича ўқувчига берилган дамдир. Эътибор беринг: талаб ва тартибларга, асло таълимга эмас! Бу дегани — таътилда имтиёзга эга бўлган ўқувчи ҳар куни эрта тонгдан уйғонмайди, форма киймайди, белгиланган соатларда дарсда ўтирмайди, уйга вазифани бажариб топширмайди. Балки таълимнинг ихтиёрий, индивидуал, ўзига мослаштирилган шаклида илм олишни давом эттираверади. Масалан, тўгараклар соат 11 да бошланиши, кечки пайт репетиторга қатнаши, дарсликлар эмас, бадиий китоб ўқиши мумкин.  Пешинда ухлаб олиш, спорт билан шуғулланиш, оромгоҳ, музей ва кўргазмаларга бориш имкониятига эга. Эркинликнинг чегараси шунда ва буни ҳар бир ота-она ҳамда ўқувчи тушуниши лозим.  

Ким таътилни кўчада дайдиш, ўртоқлари билан санғиш, кун бўйи ястаниб ётиш, телевизорга михланиш учун қулай палла деб тушунса, янглишади ва ютқазади!

Ва аксинча, таътил ўз устида ишлаш учун зўр шароитдир. Энг аълочи ўқувчининг ҳам камроқ биладиган, қийналиб тушунадиган фани ёки мавзуси бўлади. Таътил эса ана шу кемтикни тўлдиришга хизмат қилса, айни муддао. Ҳеч бир ота-она фарзанди ўқув йилини “5”га битиргани, 25 май куни фахрий ёрлиқ кўтариб келгани билан хотиржам бўлмаслиги даркор. Тан олиш керак, мактабларда баҳолар нисбий қўйилади. Ўқувчининг фақат билими эмас, интизоми, давомати, ўзини тутиши, формаси-ю муомаласи инобатга олинган ҳолда баҳоланади. Хўп, болангиз чиндан ҳам ҳамма фанларни яхши ўзлаштирар, билими кучлидир, барибир дўппини осмонга отишга шошилманг. Таътилда уни шу вақтгача нотаниш бўлган янги соҳалар, масалан, робототехника, дастурлаш, ментал арифметика каби дарс жадвалидан ўрин олмаган фанларга жалб қилишингиз, қўшимча хорижий тилларни ўрганишга ундашингиз мумкин.

Афсуски, баъзи ота-оналар, бобо-бувилар болалар олдида “Мен ҳам оддий мактабда ўқиганман”, “Иккига ўқиган бўлсам кўп пул топяпман”, “Безори ўқувчи эдим”, “Кўчада ўқиганман”, каби хотираларини намойишкорона бўлишадилар. Билмайдиларки, замон ўзгарган, талаблар бошқача тус олган. Бугунимиз ва келажагимиз илмли, изланувчан, зукко кишиларни ўз қаҳрамонига айлантиради. Ҳа, ҳар доимгиданда кўпроқ изланиш — давр талаби. Шундай экан, бекор ўтказиш учун уч ой ёз жуда кўплик қилади. Унинг ҳар бир кунини нимадир ўрганиш билан ўтказиш эса келажакдаги ёрқин ҳаётни кафолатлайди.

Фарзандингизни ортиқча аяманг, ачинманг. Агар чиндан ҳам унга меҳрибон бўлсангиз, таълими учун кўпроқ сармоя киритинг, билим даражасини текширинг, ўқишини назорат қилинг, ёрдам беринг! Сизнинг энг катта ҳимматингиз шу. Ота-онадан фарзандга қолдириладиган энг бой мерос — илм. Ёшлар тани соғ, ақли бутун, хотираси кучли даврдан унумли фойдаланиб олсин. Болам қийналиб қолади, деб ўйламанг. Йўқ, қийналмайди. Қийналса ҳам майли. Эртага билимсизликдан ҳаёт мураккабликлари олдида ожиз қолгандан кўра бугун заҳмат чеккани маъқул.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг