Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Айти фақат ёшларга деб ким айтди?!

Айти фақат ёшларга деб ким айтди?!

Фото: "Xabar.uz"

Ахборот технологиялари соҳасига қизиқиш билдираётганлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин бу айти фақат ёшларга, деган стереотипни ҳосил қилмаслиги керак. Анча толерант ҳисобланмиш ушбу олам ёш ва жинс танламаган ҳолда эшикларини кенг очади.

Дастурлаш - мушкул иш, у учун талаб этиладиган куч ва асаб катта ёшлиларда топилмайди, дея хулоса чиқаришга шошилманг. Бу соҳага нисбатан кечроқ киришганига қарамай муваффақиятга эришганларга мисоллар бир талай.

Гап фақат соҳага кеч киришишда эмас, талабаликдан буни ўрганиб, шу бўйича фаолият юритаётганлар ҳам қирқдан ошгач, уларга ишончсизлик билан қарайдиганлар бор. "Билим ва тажрибаси эскирди", деган тахмин уларни шундай хулосага чорлайди. Аслида изланмаган, билимларини бойитмаган ҳар қандай касб вакили ҳам кун келиб кераксиз кадрга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Агар ўз устида ишлашда бардавом бўлса, неча ёшда бўлишига қарамай, ўрнини ва йўлини топа олади.

Қонунларга вақти вақти билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб турилади, лекин ҳуқуқшунослар эскириб қолмайди-ку. Ёхуд тиббиётга замонавий мезонлар кириб келаётганига қарамай шифокорлар долзарблигини йўқотмаслигини олайлик. Ахборот технологиялари мутахассиси ҳам мунтазам равишда билим ва малакасини ошириб борар экан, неча ёшдалигидан қатъий назар замон талабидаги кадр бўлиб қолаверади.

Дастурчилар ақлий меҳнат кишилари бўлганлари учун билим ва тажриба орттириб бориш жуда муҳим саналади. Мадомики, бунга амал қилар эканлар, ёшга доир қолип фикрларни парчалай оладилар.

Айримларда айнан 30-40 ёшдан кейин илмга, кашфиётларга рағбат уйғонади. Бу даврда улар баъзи ҳаражатлар ва ташвишлардан анча бўшанган, ёш оила, кичкина болалар таъминоти ҳақида кўпам бош қотиравермайдилар. Ҳаёт тажрибаси аввалгига нисбатан хотиржамликка ундайди ва бемалол ишлашга йўл беради. Ёшлигида дастурчиликка фаол киришган одам катта ёшда IT-лойиҳаларга менежерлик қилиши мумкин. Тошга ўйилган нақш мисол билимнинг муддати ўтмайди.

Компьютер ихтирочилари Эккерт ва Моклини эслайлик. Улардан бири 25, иккинчиси 35 ёшда эди. Демак, ёшлар ва ўрта ёшлилар билими уйғунлашса, яхши натижаларни кутиш мумкин. Машҳур дастурчилардан бири Дональд Кнут айнан 35 ёшдан кейин жиддий ишланмаларга муаллифлик қилган. TeX системасини яратганида у 40 ёшда эди. 43 ёшида Literate programming концепциясини тузган. Андерс Хейлсберг 62 ёшида TypeScript яратишни бошлади. Мартин Одерски 64 ёшда Scala тилига асос солганига нима дейсиз?

Дарҳақиқат, "Айти - фақат ёшларга" фикрини заҳарли, деб ҳисоблаш мумкин, у мотивацияни ўлдиради. Янгиликдан чўчимаган, ёшини баҳона қилмаган ҳолда ривожланиш сари интилган одам ютади.

Ўзингизга мос бўлмаган касбни танлаб қўйганингизни англадингизми? Ота-онангиз танлаб берган соҳада ўрнингизни тополмадингизми? Ёки севган касбингиздан кўнгилдагидек даромад ололмаяпсизми? "Ҳечдан кўра кеч" мақоли сизга тааллуқли эмас, чунки сизга ҳали кеч ҳам эмас, бу оламда кеч деган тушунчанинг ўзи йўқ. Неча ёшда бўлишига қарамай истаган касбини танлаш ва омадга эришиш мумкинлиги афсона эмаслигини исботлашга тайёр бўлсангиз, айтига марҳамат!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг