Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ёшлар ахборот технологиялари оламининг остонасида қолиб кетмасин!

Ёшлар ахборот технологиялари оламининг остонасида қолиб кетмасин!

Фото: "Ixbt.com"

Видео ва компьютер ўйинлари оммалашгач, уларнинг аудиторияси кенгайди. Болалар, ўсмирлар, ёшлар ва ҳатто ёши катталар ҳам унга мухлисликни кучайтириб, кучли ружу қўйишгач, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўйинларга қарамликни касалликлар рўйхатига қўшди.

Чунки унга чалинган одам ўйин дунёсига тушиб қолиб, ўзини тамоман ўйинларга топширади. Оқибатда жамиятда, оилада, касбида ўз ўрнидан мосуво бўлади, соғлиғида ҳам салбий ўзгаришлар юзага чиқади.

Мутахассислар учун бундай мижозлар билан ишлаш бирмунча мураккаб. Чунки у кўп ёлғон гапиради, ўзида кечаётган безовталикларни айтгиси келмайди. Бемор ўзини психологга, муолажаларга муҳтож деб ҳисобламайди, унга ана шу пала-партиш ҳаёти ёқади.

Ўйинга бу қадар берилиб кетишининг сабаби ўз ҳаётидан норозилик, реал ҳаётдаги муаммоларга бетоқатлик, масалалар ечими олдидаги тангликдир. Улар кундалик ташвишлардан бироз чалғиш учун ўйинга бериладилар, кейин унинг домига илинганларини сезмай қоладилар. Касалликнинг сабабини англаган ҳолда давода ҳам шунга таянган маъқул. Яъни, ўз ҳаётидан розилигини ошириш, бу оламнинг гўзаллигини англатиш лозим.

Афсуски, сўнгги вақтда ўйин қурбонига айланган ёшлар ҳақидаги хабарлар кўп учрамоқда. Улар рақобатни ўйиндан ташқарига олиб чиқишяпти. Ўйиндан сўнг муштлашишга ўтиб кетишяпти, компьютерни ўчириш билан уларнинг ичидан ёнаётган оловга бас келиб бўлмаяпти.

Фожиа шундаки, ёшлар ўйин ичидаги ғолибликни ҳам, мағлубликни ҳам мутлақлаштириб юборяптилар. Ўйинда ютса, ўзидан қониқяпти ва мағлуб бўлса аламзадаликка бериляпти. Бу эса рақобатни адоватга айлантириб юборяпти. Ёшлар ўйинни ҳаёт деб билаётганлари ортидан уларнинг бебаҳо умрлари, ҳаётлари оддий бир ўйинга, ўйинчоққа айланиб қолмоқда. Шеригига тан жароҳати етказиш ёки ўз жонига қасд қилишнинг боиси ҳам шунда.

Хавфдан огоҳ бўлган ота-оналар фарзандларига ўйинни тақиқлаб қўйиш билан муаммога ечим топган ҳисобланмайдилар. Оқилона қарор уларнинг бу қизиқишидан фойдаланиб қолишдир. Яъни, видео ёки компьютер ўйинига кўп вақт ва эътибор сарфлаётган бола онлайн оламга кириб келди, унда ўзини эркин ҳис қиляпти, деганидир. Энди уни ахборот технолгиялари дунёсига чуқурроқ олиб кириш керак, токи остонада қолиб кетмасин. Бундай ёшлар робототехника, дастурлаш, веб-сайт яратиш, дизайнерлик каби билимларни тез ўзлаштиради. Агар уларни пухта эгаллаб олса, ҳаёт-мамот даражасига чиқарган аллақандай видеоўйинлари нақадар жўнлиги, айти оламида ундан кўра ўн чандон қизиқарлироқ унсурлар борлигига гувоҳ бўлади.

Вақти, зеҳни, эътиборини онлайн ўйинга сафарбар этаётган ўсмирларга кимлардир тузган ўйинларни ўйнаб ўтиргандан кўра ўзи ҳам худди шундай, балки бундан ҳам зўр ўйин ярата олишини айтиб кўринг-чи. Агар таклифингиз мотивацион руҳ бағишласа, ишонингки, унинг ихтиролари ўйинлар билан чекланиб қолмайди. Бу соҳани эгаллашга киришар экан, муҳим дастурлар, фойдали иловалар кашф этиб, техник имкониятларни кенг эгаллашга мойил ва қодир бўлиб бораверади.

Ёшларнинг онгига ғолиблик бир ўйин доирасида ифодаланмаслигини сингдириш лозим. Агар улар чиндан ҳам омадга эришишни истасалар, миқёсни каттароқ олишлари кераклигини англасалар бас. Интернет ўйинидаги эпчилликни эмас, балки ахборот технологиялари оламидаги ютуқлар, муаллифлик ишланмалари орқасидан келадиган обрў ва даромадни танласалар, айни муддао.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг