Гаджетлар юзга ажин туширадими?
Инсон нутқ ирод этаётганида юз мушаклари фаол қисқариб, намликни тортиб олади ва ажин тушишига шароит яратади. Коммуникацион технологияларнинг ривожланиши инсонларни тун-у кун мулоқотга ўргатди, натижада юз мушаклари зўриқиб, ажинни асорат қилди. Ҳозирда 30 ёшгача бўлган инсонларда пайдо бўлаётган ажинларга асосан гаджетлар сабабчи бўляпти.
Қуёшнинг ультрабинафша нурлари ажин туширишидан хабардор аёллар соябон, қора кўзойнак, махсус кремлар билан ҳимояланадилар. Аммо юзга чизиқ тортувчи сабаблар бир талай, улардан бири HEV нурларидир.
HEV - high-energy visible. Унга мовий нур деб ҳам таъриф берилади. Аввалига кўз нурига зарари аниқланган бўлса, замонавий тадқиқотчилар у тери ҳолатини бузишини ҳам исботламоқдалар. Мовий тусли нурни қабул қилган тери ўзининг қайта тикланиш хусусиятини маълум миқдорда йўқотади. Натижда юзга ажин тушади ва пигмент доғлар пайдо бўлади.
Мазкур мовий нурлар телевизор, компьютер, мобил телефон ва бошқа гаджетлардан таралади. Ҳа, бу электроникалар кўз нурига зарар келтириш билан чекланмай, тери ҳолатига ҳам салбий таъсир ўтказар экан.
Айниқса смартфон, планшет, лэптоп, букридерлар терига яқин туриши боис зиён етказишга тезда улгуради ва фойдаланувчисида ажинларни пайдо қилади. Ушбу нур терининг эпидермал ва дермал ҳужайраларига тезда таъсир кўрсатади, ДНК тўқималарини зарарлаб, коллаген ва эластин мувозанатини бузади. Бу эса эрта қаришга олиб келади.
Мовий нур терига ультрабинафша нурларига қараганда анча чуқур кириб боради ва тери ҳужайларини мутацияга учратади. Оқибатда тери қаришни бошлайди, бундан ташқари уйқу сифати бузилади.
HEV нурининг яна бир зарари – тери иммунитетини тушириш. Бу эса пигмент доғлар ва ажинлар учун шароит яратади.
Мазкур нурнинг хавфлилиги шундаки, улар асоратини дарров кўрсатмайди. Масалан, ультрабинафша нурларининг зарари дарҳол сезилиб, тери куяди, қораяди, пўст ташлайди, доғ тушади, сепкил тошади. Мовий нурлар эса терининг барьер функциясини кучсизлантириш билан шуғулланиб, фото-зарар келтириш билан узоқ вақт банд бўлади. Аломатлар юзага чиққан тақдирда ҳам ҳеч ким HEV нурларини айбламайди. Ультрабинафша нурларидан сақланиш усулларидан кўпчилик хабардор ва аксарият аёллар амал қилади, мовий нурларнинг ҳам профилактикаси бор, аммо у қадар оммалашмаган. Масалан:
- Айнан HEV нурларидан ҳимояловчи махсус кремлар мавжуд. Хозирда атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар SPF кремлар таркибига мовий нурлардан асровчи компонентларни ҳам қўшмоқдалар. Харид вақти таркиб ва тавсия бандига аҳамият қаратинг. Сиз учун калит сўз: anti-pollution. Шунингдек, юз креми таркибидаги полифенол ҳамда флавоноид моддалари терини хилт ва токсинлардан тозалаш қатори ДНК тўқималарини ҳимоялайди ҳамда мовий нурларга қарши кураша олади.
- Компьютердан фойдаланаётганда нурни қайтарувчи кўзойнакдан фойдаланинг. Бу кўз атрофига ажин тушишдан ҳимоялайди.
- Мобиль телефонингиз дисплейининг ёрқинлик даражасини пасайтиринг. Ҳозирда смартфонлар учун махсус ойналар чиқарилган бўлиб, у мовий нурларни фильтрлай олади.
- Телевизорга яқин ўтирманг, танаффусларга риоя қилинг ва телевизорни кўрмаётган пайтингиз ўчириб қўйишни унутманг.
- Планшет ва телефонлардан зарурат юзасидан фойдаланишни кундузига режалаштиринг. Тунда, уйқу олдидан “телефон титиш” соғлиққа икки ҳисса зарар келтиради. Хусусан, HEV нурлар уйқу гормони – мелатонин ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилади.
- Гаджетлардан матн ўқиш мақсадида кўп фойдалансангиз, шрифтни каттартириб созлаб олинг. Майда шрифт гаджетни кўзга яқин олиб келишга мажбур қилади.
- Интернетдан фойдаланиб бўлганингиздан сўнг “wi-fi”ни ўчириб қўйинг.
- Компьютерда ишлашда ҳар 15 дақиқада танаффус қилинг ва кўз машқларини бажаринг.
- С витамини иммунитетни рағбатлантиришидан хабардорсиз. Бу тери иммунитетига ҳам тааллуқли. С витаминига бой маҳсулотлар (цитрус мевалар, малина, хурмо, қовоқ, карам, булғори қалампири, помидор, наъматак)ни кўп истеъмол қилинг. Иш тақозосидан компьютер, планшет, телефонни кўп ишлатишга мажбурлар таблетка шаклидаги С витамини – аскорбин кислотасини шифокор тавсия этган дозаларда қабул қилишлари мақсадга мувофиқ.
- Тери учун намлантирувчи муолажаларни олиб боринг. Бу борада гиалурон моддаси катта ёрдам бериб, сув мувозанатини тиклайди. Такрибида гиалурон мавжуд крем ва ниқоблардан фойдаланишдан ташқари ушбу моддани озиқ маҳсулотларидан ҳам излашингиз мумкин. Помидор, картошка, лавлаги, узум, суякли гўшт, ўсимлик ёғи, кўкатлар гиалуронга бойдир.
Ультрабинафша нурларидан сояга қочамиз, мовий нурлардан-чи? Бу сизнинг иродангиз ва ўзингизни назорат қилишингизга боғлиқ.
Олий тоифали дерматолог Дилшод Асқаров тавсиялари асосида тайёрланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter