Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

10 мингдан зиёд АйТи соҳасига қизиққан хоразмлик мактаб ўқувчилари “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида бепул ўқиш учун саралаш имтиҳонларидан ўтишди

10 мингдан зиёд АйТи соҳасига қизиққан хоразмлик мактаб ўқувчилари “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида бепул ўқиш учун саралаш имтиҳонларидан ўтишди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июн ойида сайловолди дастури билан Хоразмга ташрифи чоғида истиқболда вилоятнинг “ташриф қоғози” АйТи соҳаси бўлишини таъкидлаб, Хоразмда 2024 йилдан бошлаб “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси амалга оширилишини айтган эди. Бу тизим “мактаб – олийгоҳ – АйТи компанияси”дан иборат яхлит АйТи таълим ва хизматлар занжирини яратиши билан ўзига хосдир. 

Ташаббус доирасида, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2023 йилнинг 4-чорагидан бошлаб, вилоятда “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.  

“Муҳаммад Ал -Хоразмий ворислари” - бу, юқори синф ўқувчиларини ҳеч қандай ўқув марказлари ва олий таълим дипломисиз ҳам халқаро АйТи бозорига тайёр мутахассис қилиб чиқаришни, мақсад қилган, кадрлар тайёрлашнинг ноёб дастуридир. 

Биринчи босқичда Хоразм вилоятининг 13 туманида замонавий таъмирланган “IT Park” бинолари қуриб битказилди. Ушбу биноларда биринчи босқичда саралаб олинган ўқувчилар энг кучли 50 нафардан ортиқ менторлардан таҳсил олишмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида 3000 нафар ўқувчидан 1200 нафари саралаб олинган бўлиб уларга фронтенд, баcкенд дастурлаш ва инглиз-тили ўргатилмоқда. 

Ўқувчилар ушбу дарсларда олган билимлари натижасида мустақил равишда wеб-сайт ва иловалар яратишни бошлаб юборишган.

Жумладан ўқувчиларга веб иловаларни нусхалаш усули ёрдамида дастурлаш дарслари ўтилмоқда ва ўқувчилар дарс вақтининг ўзида мураккаб веб-сайтларни яратишмоқда. Қолаверса, инглиз-тилидан олинган билимлар юзасидан ўтказилган имтиҳонларда эса ўқувчилар юқори натижаларини намойиш этишмоқда.

Иккинчи босқич қабулига қизиқиш билдирган 10200 нафарга яқин 7-10 синф ўқувчилари орасидан танқидий ва мантиқий фикрлаш, муаммоли вазиятларни таҳлил қилиш ва ечим топиш каби йўналишдаги тестлардан муваффақиятли ўтган 3000 нафар ўқувчилар саралаб олинади. Лойиҳа қатнашчилари мактабни битиргунларига қадар дарсдан ташқари вақтда саралаб олинган малакали менторлардан дастурлаш ва инглиз тилини бепул ўрганадилар. 

Айтиш жоизки, Хоразм вилояти Республикамиз ҳудудлари орасида рақамлаштириш бўйича етакчилардан саналади. Ҳудудда хорижга АйТи-хизматлар экспорт қилувчи 43 та IT-Park резидентлари мавжуд бўлса, уларда фаолият олиб борувчилар сони 400 нафардан ошади. Вилоятдаги АйТи-экспортёр корхоналар томонидан 2023 йил мобайнида АйТи хизматлар экспорти 4 баробарга ошиб, 1,5 млн АҚШ доллари миқдорини ташкил қилган. Бу рақамларнинг тезкор ўсиб бораётгани ўз навбатида, кейинги йиллар мобайнида соҳада кадрларга бўлган юқори эҳтиёжни келтириб чиқаради. 

Шуларни ҳисобга олиб, “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида ўқувлар ҳудуддади АйТи-компаниялар билан ҳамкорликда, меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантиришни кўзда тутилган. Хусусан, дастурчилик билимлари билан биргаликда, ўқувчиларда лойиҳаларни амалга ошириш, жамоада ишлаш, таклиф ва ғояларни тақдим қила олиш, ижодий фикрлаш каби шахсий ривожланиш кўникмаларини шакллантиришга диққат қаратилади.

Битирувчилар ахборот технологиялари ва хорижий тиллар бўйича халқаро сертификат олиш даражасида тайёрланади ҳамда халқаро АйТи-бозорига йўналтирилади.

“Мактаб – олийгоҳ – АйТи компанияси”дан иборат яхлит АйТи таълим ва хизматлар занжиридан иборат “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” тизимини 2028 йилга қадар уч боқичда Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб йўлга қўйиш белгиланган. Лойиҳа натижасида 50 мингта мактаб битирувчилари меҳнат бозорига тайёр кадр бўлиб етишиб, маҳаллий компаниялар орқали халқаро АйТи бозорига йўналтирилади. Натижада, 360 миллион долларлик хизматларни экспорт қилиш салоҳиятига эга ишчи кучи шаклланади. 

Айтиш жоизки, айни пайтда жаҳонда, хусусан Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳам рақамли технологиялар соҳасидаги кадрларга бўлган эҳтиёж энг юқори саналади. Бинобарин, энг юқори иш ҳақи ҳам АйТи мутахассисларига таклиф қилинмоқда.

Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази томонидан амалга оширилган АйТи меҳнат бозори таҳлили ҳам Ўзбекистон шароитида дастурчиларга 20-50 млн сўм ойлик тўлайдиган бўш иш ўринлари кўп эканини кўрсатади. 

Жумладан, электрон вакансиялар порталларида ҳам дастурчи, дизайнер, маълумот таҳлилчиси, ахборот хавфсизлиги ва АйТи-мутахассиси, лойиҳа ва маҳсулот менежерлари лавозимларига бўш иш ўринлари сони бир неча мингдан ошади. 

“Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси Ўзбекистон Республикасида АйТи хизматлар ва дастурий маҳсулотлар ҳажмини 2030 йилгача 5 миллиард АҚШ долларига етказиш ва 300 минг нафар ёшларни АйТи соҳасига тайёрлаш йўлида асосий бўғинлардан бири ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг