Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Плагиатор кўчиришни ўғрилик эмас, меҳнат деб билади

Плагиатор кўчиришни ўғрилик эмас, меҳнат деб билади

Фото: "Freepik.com"

Ижод - завқ, ижод - роҳат. Инсондаги бунёдкорлик энергияси шахс сифатида такомиллашувга чорлайди. Аллоҳ ўзининг яратувчанлик сифатидан бандаларини ҳам маълум миқдорда насибадор этиб, қобилият билан неъматлантирган. Истеъдоди ва иқтидоридан тўғри фойдалана олган инсон буюк ишларга бош бўлади, одамлар учун фойдали кашфиётлар, ихтироларга қўл уради.

Ижод маҳсули муаллифнинг бир қисмидек гап. Кимдир уни "ўз боламдек" деб таърифлайди. Шундай экан, уни ўғрилар, қароқчилар қўлида қолишини ҳеч бир ижодкор хоҳламайди, албатта. Ахборот технологиялари ривожи қобилиятларини юзага чиқариш истагидагиларга қулай ижодий майдон қуриб берди. Аммо шу билан бир қаторда уни осонгина ўзлаштириш пайида бўлганларнинг ҳам иши тез битмоқда.

Барча мамлакатлар қонунчилигида муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун жазо чоралари жорий этилган. Бу ҳимояни кучайтиришда муҳим асос, албатта, лекин мазкур ҳолат содир бўлиши сабаблари, психологик омилларни ўрганиш муаммонинг олдини олишга хизмат қилади. Шунда кўчирмакашликка ҳам, қилмиш эгаларини жазолашга ҳам ҳожат қолмайди.

Кимларнингдир табиатида ўғриликка мойиллик табиий равишда мавжуд бўлади. "Нега?" дея ҳайрон бўлишдан аввал "Улар ким?" саволига жавоб берайлик. Болаликдан меҳр танқислигида улғайганлар. Чунки самимий туйғуларни беминнат қабул қила олмаган киши эътиборни зўрлик билан тортиб олишга интилади. Бу болаликда кўп касал бўлиш, бесабаб инжиқланиш, қайсарлик каби аломатлар билан бўй кўрсатса, келажакда ҳамон тўлмаган меҳр бўшлиғи ўғрилик, кўчирмакашлик, хакерлик каби ҳаракатларга ундайди.

Плагиатор кўчиришни меҳнат деб билади. Шу сабаб ўзини айбдор ҳис қилмайди ва буни такрор-такрор амалга ошираверади. Кузатган бўлсангиз, кўчирмакашлик мактаб парталаридан бошланиб, талабаликда давом этади ва умр давомида ҳамроҳлик қилиши эҳтимоли бор.  

Таълимдаги плагиат ҳоллари ечимига фақат толиби илмлар эмас, педагоглар ҳам тенг масъулиятли ҳисобланадилар. Агар таълим жараёни қизиқарли, жозибадор ташкил этилса, кўчирмакашликка ўрин қолмайди. Зерикарли вазифалар эса аълочи ўқувчини ҳам кўчирмакашликка ундайди. Масалан, "Реферат ёз" эмас, "Саҳнада чиқиш қил" талаби қўйилса, плагиаторликка имкон йўқлиги қаторида умуман истак уйғонмаслиги ҳам тайин.

Мустақиллик кўникмасининг етарли эмаслиги ҳам плагиаторни етиштириб беради. Оилада ота-она, ўқув даргоҳида устозлар томонидан ёшларга тақиқларнинг кўп қўйилиши, қўрқув ва хавфдан ортиқча огоҳлантириш ("бузиб қўйишинг мумкин", "синдириб қўясан", "ҳаммасини расво қилма" каби) ортидан бир ўзи ҳеч нарса қилолмаслиги ҳақидаги нотўғри хулоса уни ўзгалар меҳнатидан фойдаланишга чорлайди.

Плагиатнинг ҳар қандай кўриниши ўзига нисбатан муносабатдир. Янада аниқроғи - ўзига нисбатан паст баҳо. Чунки қобилиятларини тан олган, ўзини таниган шахс яратувчанликка мойил. Ўзига нисбатан ишончи паст инсон эса аслида унда ҳам бор бўлган ижодкорликни сезолмайди ва натижада бошқаларнинг ижод маҳсулига кўз олайтиради.

Аслида ижод алоҳида соҳа эмас. Ижодкорлик қобилияти ҳар қандай касб вакилида мавжуд. Ҳаётга қизиқиши паст, мотивацияларсиз яшаётган одам эса уни юзага чиқаролмайди, балки кимдандир кўчиришга уринади.

Плагиат оқибатида муаллифлик ҳуқуқига путур етган муаллифдан кўра кўчирмакашнинг ўзи кўпроқ жабр кўради. Зеро, унинг қобилиятлари уйқу ҳолатида қолиб кетаверади, шахс сифатида ривожланмайди. Ижод маҳсули ўғирланган одамга эса фойда. Энди меҳнати муҳофазасини кучлироқ таъминлаши лозимилиги ҳақида сабоқ чиқариб, эҳтиёткорликни оширади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг