Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Ахборий иммунитет пастлигиданми бу?

Ахборий иммунитет пастлигиданми бу?

Фото: "Psychologos.ru"

Хабарнинг аудио талқини

"Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан” деганида донишманд нақадар ҳақ экан!

Охирги пайтлар инсонлар орасида илмлиларга ҳавас бирмунча юксалганига қарамай, ҳамон келин танлашда бўй, вазн, ҳусн биринчи даражадан тушмаяпти. Билим ва савиянинг пастлиги эса ҳаёт-мамот даражасидаги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Бир психологнинг гапи ва унга домланинг раддияси ижтимоий тармоқлар орқали омма эътиборини тортди. Аслида бу ҳолат янгилик эмас. Кимдир қандайдир ҳукм ўқиб, бутун омма у ахборот билан суғорилиб бўлингач, бошқа киши чиқиб "Бу оқ эмас, қора эди" қабилидаги манзараларга интернет аудиторияси кўп бор гувоҳ бўлган. Аммо ҳамма оғзи куйганлар ҳам қатиқни пуфлаб ичавермас экан-да.

Аслида бир фикрнинг кетидан унинг нотўғрилигини асослаш ҳолатининг ўзи ачинарли, фожиавийдир. Муаммо - хато гапириб қўйган биргина инсонда эмас, балки уни қўллаб қувватлаётган бир неча кишида. Демак, бугунги омманинг билими, фикрлаш доираси тасдиқ ёки инкорли изоҳларга эҳтиёжманд экан-да? Кимдир чиқиб "Ҳа, тўғри" ёхуд "Йўқ, нотўғри" демагунича яхши-ёмонни ажрата олиш қобилиятига эга эмас экан-да, шундайми?

Инсоният онгида бир аъзо яширин. Бу - фильтр. Хоҳласангиз, уни элак деб атанг. Жамики маълумотлар шу фильтр (элак)га бориб урилади ҳамда одам кераги ва тўғрисинигина у ёрдамида саралайди. Бўлди - муаммо йўқ! Психологдан тортиб даҳогача - ким нима деса, мана шу аъзоча ёрдамида сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб олади. Бу ерда кимдир ўзини оқлаши, қоралаганлар билан гап талишиши шарт эмас, чунки у айбдор эмас. Балки айб "фильтр аъзо"си таъмирталаб бўлиб қолган инсонлардадир. Агар элаклари яхши элаганида рад этувчи "фатво"ларга муҳтож бўлиб қолмасдилар.

Юқорида ҳам таъкидладикки, психолог ва домла мунозараси янгилик эмас. Бундан олдин ҳам шундай бахслар кўп кузатилган. Масалан, бир табиб чиқиб "Дардни дори эмас, биологик фаол қўшимчалар билан даволаш керак. Укол қилаётган докторлар аҳмоқ" деган мурожаат билан чиқди. Ҳамма "Буни қара-я! Шунча пайтдан бери хато қилаётган эканман", деб "аптечка"сини кўчага улоқтирди. Кўп ўтмай шифокордан мурожаат пайдо бўлди: "Ўйлаб гапиряптими бу тентак? Тиббий ёрдам кўрсатмаса, одамлар ўлиб қолади-ку!". Мана, энди бемалол дори ичаверинг, рухсат берилди!

Ахир бу нима деган гап? Одамлар тажриба қуёнчасими? Ўша машҳур “Ҳақиқат этигини кийгунча миш-миш дунёни кезиб чиқади” мақоли яна тўғрилигини исботлаяптими? Бу даражага етмаслик учун эса нима етишмаяпти? Албатта, ахборий иммунитет.

Айниқса аёллар аудиторияси хавф гуруҳида. "Ажраш" ёки "ажрашма" деб ҳукм ўқиш психологнинг вазифасига ҳам, ваколатига ҳам кирмайди. Унинг иши ҳар қандай ҳолатда ҳам руҳий мувозанатни тиклашга ёрдам бериш. Ақлли аёл бировнинг гапи (психолог у ёқда турсин, авлиё бўлмайдими) билан ажрим остонасига келиб қолмайди, психологик ва феминистик қарашларни фарқлай олади.

Ёхуд отинойиларнинг "Ис олган қурбонлик савобини олади", "Шомдан кейин овқат пишириб бўлмайди", "Ушоқни чап қўл билан ейиш - суннат" каби асоссиз ва нотўғри гапларини таҳрирлаб туришга кимнидир масъул қилиб қўйсак, одам етмай қолади. Энг афзали - ахборий иммунитетни ошириш.

Зотан, асоссиз маълумот вирусдан ҳам тез ва кенг тарқалиб, онгни маҳф этишга улгуради. Эпидемиядан ҳимояланган каби ахборий дидни-да профилактика қилиб туриш зарур, зеро унинг зарари ҳам вирусникидан қолишмайди.

Балки мурожаат, балки раддия хатодир. Дунёда тўлиқ тўғри гапирувчи одам йўқ, лекин гаплар орасидаги тўғри ва нотўғри сўзларни ажратиб оладиган одамлар бор. Бизга мана шундайлар керак.

Форс файласуфи Умар Хайём қанчалик доно рубоийлар ёзмасин, ўқувчига эслатма берган экан:

Хайёмдан ўқигил жаҳон баҳсини,
Ундан топажаксан замон нақшини.
Ақл элагидан ўтказиб бир-бир,
Ўзинг ажратиб ол ёмон-яхшини.

Дарҳақиқат, сиз ахборот уммонида сузяпсиз, унда ҳар хил маълумотлар пўртанасига тўқнаш келасиз. Ақл элагидан ўтказиб, ёмон-яхшини ажратиб олиш вазифаси эса ўзингизга қолдирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг