Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда илк маротаба мапатон ўтказилади

Ўзбекистонда илк маротаба мапатон ўтказилади

Иллюстратив фото

24–26 ноябр кунлари Ўзбекистонда илк маротаба мапатон тадбири ўтказилади. Аҳолининг ичимлик суви  билан таъминланганлик даражаси ва оқава сув тизими қамрови бўйича долзарб маълумотларни йиғиш мақсадида 120 нафардан иборат кўнгиллилар ва соҳа мутахассислари жалб этилади.

Мапатон — маълум бир мавзуда геоахборот маълумотларини шакллантириш бўйича мусобақадир. Мапатонни ўтказишдан кўзланган мақсад, биринчидан, тажриба-синов тариқасида танланган Янгийўл тумани доирасида ичимлик суви ва оқава суви тизимининг ҳақиқий қамровини аниқлашдан иборат. Иккинчидан, маҳаллаларга ташриф буюриб, аҳоли ўртасида сўров ўтказиш  орқали “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотлар базасини тўлдириш. Якуний натижа сифатида сув таъминоти тармоғи ва тизимига уланиш, GIS (геоахборот тизими) ҳолати, “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотлар базасини тўлиқлиги бўйича вазият баҳоланади.

Мапатон, минтақадаги умумий қурғоқчилик ҳолати, шунингдек, Ўзбекистон президентининг сув масалалари бўйича бир қатор видеоселекторлардаги нутқлари ва яқинда қабул қилинган — 2023 йил 24 октябрдаги 343-сонли қарори нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади. Мапатон, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилади.  Geo2 ва Inttech компаниялари молиявий кўмагида амалга оширилади.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ҳудудда 220 мингга яқин аҳоли 38 705 та тураржой ва 229 кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Расмий маълумотларга асосан аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 75 фоизни ташкил этади. Тўртта маҳаллада сув таъминоти мавжуд эмас ва ичимлик суви бошқа ҳудудлардан ташиб олиб келинади. Янгийўл туманида давлат дастурлари ва  Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кредит  маблағлари ҳисобидан бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, ОТБ 2-босқич лойиҳасида 34 та маҳаллани, 3-босқичда 15 та маҳаллани қамраб олади. Мапатон маҳаллалар доирасида амалга оширилаётган турли лойиҳаларнинг реал қамров даражасини аниқлашда ёрдам беради.

Ноябр ойида Халқаро GIS (геоахборот тизими) кунини нишонлаш доирасида ўтказилаётган тадбирлар фазовий маълумотлар, геодезия ва картография соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Мапатонни ташкил этишда мақсадлардан бири, интилувчан ёш кадрларни геодезия ва кадастр соҳасига жалб этиш. Шу сабабли, мапатонни ташкил этишда кўнгиллилар таклиф этилди (Кўнгиллилар асосан геоахборот ўқув йўналиши мавжуд бўлган олий таълим муасасалари, яъни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети, Тошкент шаҳридаги Аджу университетиларининг талабаларидан ташкил топди). Гуруҳларга ментор сифатида Геофазовий маълумотлар билан ишловчи Кадастр агентлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг кадастр соҳасидаги малакали мутахассислари жалб қилинди.

Икки кун ичида 10 та гуруҳ 64 та маҳалладаги 550 та кўча кесимидаги маълумотларни жамлайди ва 26 ноябр кунининг якунигача Янгийўл тумани маҳаллабай маълумотлар базаси тузилади. Энг кўп ва сифатли маълумот жамлаган гуруҳ 2023 йил 26 ноябр куни мапатон тадбирининг ёпилиш маросимида тақдирланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг