Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Бугун ­— Интернетда сўз эркинлиги куни

Бугун ­— Интернетда сўз эркинлиги куни

Фото: Armenpress.am

2008 йил “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти ЮНЕСКО шафелигида 12 март санасини “Интернетда сўз эркинлиги куни” сифатида нишонлашни жорий этди. Мақсад дунё эътиборини интернетга эркин кириш билан боғлиқ муаммоларга қаратиш эди. Шундан буён ташкилот веб-оламда чекловлар ўрнатган мамлакатлар рўйхатини “интернет душманлари” тарзида ҳар йили эълон қилиб боришга одатланган.

Бошқа оммавий ахборот воситалари билан солиштирганда, интернетда сўз эркинлиги нисбатан яхшироқлигини тан олиш керак. Ижтимоий тармоқлар, форумлар, мессенжерлар, блог ва каналларда ўз фикрини таҳрирсиз, тақиқсиз билдириши осон.

Ҳозир нафақат журналист ва ёзувчилар, балки барча “ўз сўзи”га эга — интернет, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар муаллифлик имконини берди. Бадиий асарлар ҳаётий ҳикояларга алмашди, уларнинг аудиторияси, мухлислари ва фикр билдирувчилари ошди.

Лекин бу интернетда сўз эркинлигига тўлиқ эришилди, дегани эмас. Баъзи блогерлар ва кузатувчиларнинг шов-шувга, хайп янгиликларга ўчлиги, бу йўлда бировнинг обрўсини тўкиш, шахсий ҳаётини элга достон қилишдан тап тортмаслиги ортидан виртуал дунёда ҳам ҳадиксирашлар, эркин фикрларни очиқ баён этолмаслик ҳолатлари учрамоқда. Саволни жавобга айлантираётган, матндан ўзига керакли жойини қирқиб олиб, сарлавҳалар ясаётган журналистлар ҳам учраб турибди.

Муаммолардан яна бири — ёшларбоп контентни алоҳидалаш, уларнинг онгини заҳарли ахборотлардан сақлаш. Ижтимоий тармоқлардаги айрим челленжлар ёшларнинг руҳияти ва ҳатто ҳаётига таҳдид солаётганига гувоҳ бўляпмиз. Шунга ўхшаш ҳолатларда қўлланиладиган ҳимоялаш чора-тадбирларини асло интернетда эркинликни бўғиш, деб тушунмаслик лозим. Айрим IT-гигантлар ўз иловаларида ёшга доир чекловлар ва ота-она назорати функцияларини қўллашаётганини фақат олқишлаш керак. Бинобарин, кимнингдир эркинлиги бошқа бировнинг ҳуқуқини поймол этмаслиги, шахсий ҳудудига дахл солмаслиги шарт.

Албатта, интернетда сўз эркинлиги учун кураш — доимий жараён. Веб-тармоқдан фойдаланиш эмин-эркинлиги ва унумдорлиги ахборот технологиялари тараққиётига ҳамоҳанг ошиб бораверади.

Турган гапки, интернет этикаси, ижтимоий одобларга риоя этилса, онлайндаги сўз эркинлигига эришиш осонлашади. Шунда ҳар ким ўз ўй-фикрларини очиқ баён эта олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг