Виртуал аутизм - меъёрга риоя этмаслик асорати
Аутизм - ривожланишдаги ўзига хослик бўлиб, мия фаолиятининг бузилиши билан кечади. Унда ижтимоий ва коммуникацион томонлама оқсоқлик юзага келади. Беморнинг хатти-ҳаракатларида ноодатий такрорлар кузатилади.
Яқинда мутахассислар янги терминни тақдим этдилар: виртуал аутизм. У рақамли аутизм, деб ҳам юритилади. Мультимедиа маҳсулотлари, планшет ва смартфонлар оммалашгач, ушбу ташхис қўйила бошланди.
Аутизмнинг ушбу янги тури нутқ шаклланаётган пайтда юзага чиқади ва ичаклар билан алоқадорлик касб этади. Чунки бола оламни аввало озиқ маҳсулотларини қабул қилиш орқали ўзлаштиргани учун мия ҳам шунга мослашади. Кўпчилик ота-оналар бола овқатини еб қўйсин деб таомланиш вақти уни гаджетлар билан овутадилар. Шунинг оқибатида мия тановул пайти сигнал жўнатишга одатланади. Аслида бола овқат еяётганида мия ҳам овқатни ҳис қилиши, видео ёки ўйин билан банд бўлмаслиги керак.
Аутизмнинг 98 та тури бор, уларнинг ҳар бири алоҳида кечади ва ўзига хосдир. Шунга мувофиқ равишда қанчадир миқдордаги болалар аутизм боисидан ташқи муҳитдан узилиб қолади, бир гуруҳи эса ўзини ўзи эплай олади. Яна шундай аутист беморлар борки, улардан машҳур олимлар етишиб чиқади. Бунга Эйнштейн, Моцарт, Чарльз Дарвин, Томас Жефферсон, Билл Гейтсни мисол қилиб келтириш мумкин.
Виртал аутизм - алоҳида масала. Бир кунда 5 соатдан ортиқ вақтини онлайн маконда ўтказган болалар ушбу руҳий бузилиш хавфи остида қоладилар. Виртуал олам болаларни қизиқтиради, ўзига жалб қилади, аммо миясини ўстирмайди. Бола виртуалликка кириб боргани сайин реал оламга эътиборсизлиги кучайиб кетади. Одамлар билан мулоқот қилишга қизиқиши ва эҳтиёжи қолмайди. Болаларга мўлжалланган роликлардаги лавҳаларнинг тез ўзгариши, баланд овоз ва шовқин асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Мультфильм ва видеороликларни меъёрда кўриш болага билим бериши рост, аммо ҳаддан зиёди уни асабийлашишга мажбур қилади. Видеони завқ билан томоша қилаверади, асабийлик эса реал ҳаётда намоён бўлади.
Албатта, кичкинтойларга гаджетларни тўлиқ тақиқлаш эмас, балки меъёрга амал қилиш керак. 6-12 ёшли болалар телевизор, компьютер, смартфон билан кунига 2 соатдан кўп банд бўлмасликлари тавсия этилади. 3-6 ёшлиларга кунига 1 соатлик меъёр ўрнатилган. 2 ёшгача бўлган болалар гаджетлар билан умуман танишмай турганлари маъқул.
Фарзандини телефон билан банд қилиш ҳар доим ҳам эътиборсизлик аломати ҳисобланавермайди. Бу ҳолатни ислоҳ қилиш фақат онанинг вазифаси эмас, балки оилавий муҳитга бориб тақаладиган масала бўлиб, барча оила аъзоларидан масъулият талаб этилади. Кўплаб хонадонларда аёлнинг аёллик ва оналик ролидан кўра келинлик вазифалари биринчи планга чиқарилади. Қайнона-қайнота хизмати, икки-уч маҳал қозон осиш, уйни чиннидек қилиб тозалаш, қишлоқ шароити бўлса мол-хол, экин-тикин, кир-чир дегандек, буларнинг барига улгуриш тақозоси болаларга ажратиладиган вақтдан ўғирланади. Чунки бола қайнонадек ўшқирмайди, эрдек калтакламайди, уларнинг олдидаги мажбуриятларни бажармаса, жазо йўқ. Оналар эътиборсизликдан эмас, иложсизликдан фарзандининг қўлига телефон тутқазишга мажбур бўлади. Табиийки, бунинг оқибатида боланинг виртуал аутизмга чалинишида айбдор она эмас, бутун оиладир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter