Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Конституция эркин ахборот олиш ва тарқатишни кафолатлайди

Конституция эркин ахборот олиш ва тарқатишни кафолатлайди

Фото: Yuz.uz

Конституция инсоннинг асосий ҳуқуқларини ўзида жамлаб, эркинлигимиз, қадр-қимматимиз, порлоқ келажагимиз учун курашади. Унда барча соҳалар қамраб олингани каби ахборот олиш эркинлиги ҳам бир неча моддаларда акс этган.

Жумладан, 29-моддасида «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир», дея таъкидланган. Шу билан бирга, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги тилга олинган.

Ахборот технологиялари замони келгач, фуқароларда ушбу ҳуқуқларини амалга ошириш имконияти кенгайди. Ҳозирда ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш анча қулайлашди, бунга тезкорлик ила эришиш учун шароит бисёр. Бугунги аудитория ахборотнинг фақат истеъмолчиси эмас, яратувчиси ҳамдир. Ижтимоий тармоқлар, каналлар, блогерлар фаолияти бунга мисол бўла олади. Ҳатто «Ахборотлаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонунига блогер кимлигини ифодаловчи модда киритилди.

Албатта, салмоқ билан биргаликда савия ва сифат уйғунлигига эришиш замоннинг долзарб масалалари қаторида турибди. Буни ҳис этган дастурчиларимиз интернетда тўғри ёзиш, саводхонлик даражасини оширишга хизмат қилувчи лойиҳалар устида ишламоқдалар.

Амалдаги Конституциянинг 30-моддасида Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги қайд этилган. Шунингдек, 35-моддасига асосан ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Дарҳақиқат, демократик жамиятда барча давлат органлари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак. Раҳбарларнинг журналистларга нописанд муносабати, ўзини ОАВдан олиб қочиши очиқлик ва ошкораликка путур етказади.

Шунинг учун ҳам «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг Қонуни орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, расмий веб-сайтлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиши белгиланган.

Бош Қомусимизнинг 67-моддасида «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди» дея теран изоҳ берилганки, бу ҳар бир қалам аҳлининг эмин-эркин ижод қилишга чорлайди. Ушбу ҳуқуқини яхши билган журналист Конституциядан бехабар айрим кишиларнинг «Бу мавзуда ёзиш мумкин эмас», «Ўчир», «Тўғирла», «Индама» каби асоссиз буйруқларига бўйсунмайди.

Конституция – адолат тарозиси. У бир палласида ҳуқуқ, бир палласида бурчни тенг ушлаган ҳолда инсонлар учун тинч ва хотиржам ҳаёт эшикларини очади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг