Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

UzOS ёки UzbOS: ўзбек операцион тизими қачон яратилади?

UzOS ёки UzbOS: ўзбек операцион тизими қачон яратилади?

Фото: Ixbt.com

Android ва iOS фойдаланувчилар сони бўйича дунёда етакчиликни қўлга киритиб, ҳали-бери тахтдан тушиш нияти йўқлигини ҳаммага англатиб улгурди. Аммо улар ёлғиз эмас, тобора атрофига шерикларини йиғмоқда. Яъни кўплаб давлатлар ўзларининг шахсий операцион тизимларини яратишга ўтишди.

Масалан, Россияда 20 га яқин катта-кичик операцион тизимлар яратилган, улар ичида «Аврора» етакчилик қилади. У 2019 йили тақдим этилган бўлиб, бугунги кунда юз мингдан ортиқ қурилмаларда фойдаланилмоқда.

Ҳиндистонда ҳам Apple ва Google ишлаб чиққан операцион тизимнинг ўрнини босувчи муқобил вариант яратилиш арафасида, унга IndOS номи берилди. Аслида мамлакат аҳолисининг 95 фоизи Android, 4 фоизи iOS, 1 фоизи бошқа операцион тизимларни ишлатади. Лекин муаллифлик ишланмаси билан кўп фоизли Android фойдаланувчиларни янги операцион тизимга жалб этиш мақсад қилинган.

Албатта, бугунги кунда глобал маҳсулотлардан кўз юмолмаймиз. Аммо замон тараққиёти билан ҳамнафаслик ҳам муҳимдир. Агар ўзбек операцион тизими яратилиб, аввалига у мамлакатимиз аҳолиси фойдаланишига топширилса, афзалликларини исботласа, сўнг чет давлатларга экспорт қилиш ҳақида ҳам бош қотириб кўриш мумкиндир. Ахир яхши маҳсулот ерда қолмайди-ку. Бу давлатнинг ахборот технологиялари соҳасидаги барқарорлигини ошириши ҳам табиий.

Тўғри, мукаммал операцион тизимга катта сармоя киритиш зарур. Лекин у эртага албатта ўзини оқлайди, мевасини беради. Соҳалар аро ихтисослашган операцион тизимларнинг яратилиши турли касб вакилларининг ишини енгиллаштирган бўларди.

Балки, бундан 15-20 йиллар аввал ҳар бир давлатга хос муаллифлик ихтиролари долзарб бўлмагандир, ҳамма тайёри ва тан олинганини ишлатишни маъқул кўргандир, бироқ бугунги кун бозори муаллифлик ихтироларига очиқ. Зотан, ахборот технологиялари янги, юраги қайноқ, кашфиётларга қодир кадрларни етиштириб бермоқда.

Ўзбекистонда ҳам соҳанинг малакали мутахассислари талайгина. Ихтисослашган таълим муассасалари йилига қанчадан-қанча кадрларни меҳнат бозорига йўлламоқда. Хўш, унда қачон ўзимизга хос операцион тизим меҳнатидан баҳраманд бўламиз? Балки, унинг номи UzOS ёки UzbOS бўлар? Майли, номи муҳим эмас, ўзбек операцион тизими қачон ва қандай чиқиши бизни кўпроқ қизиқтирмоқда. Мутахассислардан ижобий жавоб кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг