Биздан оламшумул кашфиётчилар чиқмаслигининг сабаби бор
Оламшумул ихтиролар муаллифи сифатида хорижликларни кўраверишга ўрганиб қолдик. Ҳолат шу даражага етдики, миллий брендлар нимадир яратса, унинг сифатига шубҳа билан қарашга ўтилди. "Ўзимизда чиққанми, демак яхши эмас". Хўрозқанд чет элники бўлса, ётволиб ялашга лойиқ кўрамиз.
Шак йўқки, ўзбеклардан азалдан олиму фузалолар, халқнинг оғирини енгил қилувчи залворли ташаббус эгалари етишиб чиққан, замонамиз қаҳрамонлари орасида ҳам улар талайгина. Аммо инновацион завод ва робот ходимлар, ҳаводан қувват олувчи телефон, электрда юрадиган машина, виртуал реаллик воситалари, илк бор кашф этилган ақлли маҳсулотлар, муқобил техникалар ҳақида ҳадеб хориждан хабар эшитавериб чарчадик-да.
Ноу-хау, робототехника, инновацион ишланмаларнинг юқори даражасига муаллифлик қилолмаслигимизнинг сабаби ҳам шундадир, балки. Яъни, буюк ихтирочи сифатида фақат японларни кўрамиз, онгимизга шундай стереотип ўрнашиб олган. Хориж билан юртимизни солиштиришни муболағага йўямиз. Аслида хўроз ҳамма жойда бир хил қичқирганидек, машҳур ихтирочилар ҳам сизу бизга ўхшаган оддий одам, иккита мия, тўртта қўл ёки бир кунда 24 соатдан кўпроқ вақтга эга эмас.
Халқимиз инновацион фикрлайдиган олимларга муҳтож, чунки хорижда яратилаётган кашфиётларга бизнинг халқимизда ҳам эҳтиёж мавжуд. Бу соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган муаммоларни узоқ таҳлил қилиш мумкин. Психологик омилнинг ўзини оладиган бўлсак, мотивацион ҳаракатларнинг камлиги келиб чиқади ва бунинг илдизи болаликка бориб тақалади.
Ҳар бир гўдак индивидуал. Ўртача ҳисобда олсак, 6 ойликдан кичкинтойларда дунёни билишга қизиқиш куртак ёзади. Бу думалаш, эмаклашга ҳаракат қилиш, предметларни ушлаб кўришда намоён бўлади. 3 ёшгача оламни кашф этиш жараёни жуда фаол давом этади. Сўзларга аҳамият беринг: оламни кашф этиш!
Бу пайт боланинг фикр-у зикри ташқи дунёни ўзлаштириш билан банд бўлади. Ҳар қандай ёшдаги толиби илм ўрганиш мақсадида қўлига китоб, дафтар, қалам олганидек бола ҳам билим воситасини қидиради. Бу - кўз ўнгидаги ҳамма нарса. Ҳа, ҳамма-ҳаммаси, иссиқ чойнак, баланд зина, ўткир пичоқ ҳам! Болада билимга эҳтиёж шиддат ила давом этаётгани боис уларга талпинади. Катталар томонидан эса тақиққа рўбарў келади. Ота-она "Йўқ", "Қўй", "Тегма", "Мумкин эмас" каби буйруқлари билан талабанинг ўқув қуролларини тортиб олган одамнинг ишини қилгандек бўлади. Уларсиз билим олиш мушкуллигини эса изоҳлаш шарт эмасдир.
Шу тариқа бола онг остида билимга, кашфиётларга нисбатан блок - тўсиқ ўрнатилади. Инсон умри давомида оладиган маълумотларининг 85 фоизини 5 ёшгача қабул қилишини ҳисобга олганда "Бу менга бегона" дея қуйилган фикр у катта бўлганида ҳам "Ихтиролар - сенинг ишинг эмас" тарзида сигнал жўнатишда давом этаверади.
Албатта, боланинг қайнаб турган қозон тепасига боришига, бошидан муздек сув қуйишига қўл қовуштириб ўтирмайсиз, лекин эҳтиёт чоралар анча аввал, бола назари тушиб талпингунига қадар кўрилиши афзалроқдир. Кўплаб хонадонларда фақатгина боланинг хавфсизлигини кўзлаб эмас, онага ортиқча иш туғдирмаслик мақсадида тақиқлар ўрнатилади. "Ўйинчоқларингни тупроққа қорма", "Кийимларингни ёйма", "Овқатингни тўкма" каби буйруқларга итоат этилмаса, бола эмас, она зарар кўради. Болада эса тажрибаларга талаб юқори, у дунёнинг салбий ва хавфли қирраларини кўрмайди, у учун фақат бир сифат - қизиқарли деган сифат бор, холос. Бугун косасидаги ошига лой қўшмаган, тўғрироғи бундай қилишига йўл қўйилмаган бола эртага лабораторияга яқинлашолмайди, муҳим экспериментларга қўл уролмайди.
Бир марта косадан пиёла "ясагани" учун боплаб таъзирини беришган бўлса, эртага бирор ақлли кашфиёт арафасида онг ости унга хабар жўнатади: "Мумкин эмас! Жазоланасан!".
Эҳтимол, мамлакатлар ва халқларни солиштирганда ижтимоий муҳитни ҳисобга олиш адолатдан бўлар. Бизнинг жамиятда хориждагидек уй ошпазлари, хизматкорлари, энагалари оммалашмаган. Буларнинг барчаси ва унга қўшимча яна ўнлаб лавозимлар онанинг зиммасига юклатилган. Хонадонларимизда тўпалончилар томонидан пол латтани шўрвага ботириш, мош билан гуручни аралаштириш, телефонни чўмилтириш, пардани қайчилаш кабилар катта йўқотиш сифатида қабул қилинади. Ортиқча харажатга ҳеч кимнинг хуши йўқ, боланинг қилмишини таҳрирлаб чиқишга вақт ҳам танқис. Мол-хол, экин-тикин, кир-чир, қайнона-қайнота хизмати кутиб турмайди. Шу сабаб она "ихтирочи" боласини қайта бундай қилмайдиган даражада жазолашга мажбур. Тақиқда ўсган боладан эса олим чиқмайди. Чиқолмайди.
Албатта, халқнинг онги аста-секин ўткирлашяпти, аёлларда психологик билимларга қизиқиш ортяпти. Бу жиҳатлардан хабардор бўлган ота-оналар фарзандларига бошқача муносабат билдиришни бошласалар, доноликни ишга солиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда болажонларга эркин шароит яратиб берсалар, келажакда бизлардан ҳам японлардан-да ўтадиган олимлар, дунёни лол қолдирадиган кашфиётлар эгалари етишиб чиқишига умид бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter