Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Оutsourcing тизимини кучайтириш керак” – Беларусдаги маркетолог билан суҳбат

“Оutsourcing тизимини кучайтириш керак” – Беларусдаги маркетолог билан суҳбат

Абдулла Абдураҳимов шахсий архивидан

Навбатдаги суҳбатдошимиз — Беларусь давлат технологиялар университети “Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” факультети талабаси Абдулла Абдураҳимов.

Суҳбатдошимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти бўйича бошқарувчи муҳандис бўлса-да, ҳозирги кунда рақамли маркетинг йўналишида фаолият юритади.

Маош камлиги қўшимча иш қидиришга мажбур қилди

Дастлаб ўрта мактабни, кейин эса академик лицейни тамомладим. Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг эса, Беларусь давлат технологиялар университетининг “Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” факультетига ўқишга қабул қилиндим. Ҳозир шу ерда таълимни давом эттиряпман. Бундан ташқари, “Own Media” – рақамли маркетинг агентлигига раҳбарлик қилиш билан бирга, Тошкент шаҳрида жойлашган “Нажот Таълим” замонавий касблар марказида SММ бўйича онлайн дарс бераман.

Рақамли маркетингга қадам – SMM соҳасидан бошланган. Ўша пайтлар Тошкент шаҳрида, давлат ташкилотида бўлим бошлиғи лавозимида ишлар эдим. Ишимиз офисда, ҳужжатлар ва таълим билан боғлиқ фаолиятдан иборат эди. Аниқлик киритиб ўтиш жоизки, ўша вақтлар бу мен учун орзудаги касб бўлган!

Аммо маош камлиги қўшимча иш қидиришга мажбур қилди. Интернет сайтларидаги вакансияларни кўздан кечириб, “SMM”, “удалённая работа” (масофавий иш) деб таъриф берилган эълонларни кўрдим. Сўнг бунинг аслида нима эканлигини билиш учун Google ҳамда YouTube’га мурожаат қилдим.

Шу тариқа, видоелар орқали SMM  (Social Media Marketing) соҳасини ўрганишни бошладим. Менда соҳа бўйича тушунчалар пайдо бўлгач, интернетдаги эълонлар бўйича аризалар қолдириб чиқдим ва мени ишга қабул қилишди. Видеодарсларни кўриш ва ишлаш орасида фарқ катта экан. Тўплаган билимларим камлик қилгани, (қўшимча) ишимда ўсиш сезилмагани учун ўқиш мақсадида курс қидира бошладим. 2019 йил октябрь ойида Тошкентдаги “Нажот Таълим” марказининг SMM курсига ёзилиб, курсни тамомлаб, декабрдан (таълимга алоқадор йўналишда ишлаганим учун) шу марказда курс ментори сифатида ишлашга олиб қолиндим.

2020 йил январдан бошлаб SMM курси ўқитувчилиги менинг асосий касбимга айланди.

Шу ўринда, SMM соҳаси ҳақида маълумот бермоқчиман. Ижтимоий тармоқларда ҳаммамиз кузатадиган компаниялар (дўконлар, солонлар, сервислар ва ҳк.) саҳифалари бор. Бу саҳифаларда доим қандайдир stories’лар, постлар, реклама ва мақолалар қўйилиб борилади. SMM соҳасида айнан шундай компаниялар саҳифаларини юритиш, ижтимоий тармоқлар орқали маркетинг масалаларига ечим топиш йўллари кўриб чиқилади. Яна шуни таъкидлаш керак, SMM ҳозирги кунда бутун дунё бўйича энг кучли маркетинг каналларидан ҳисобланади. Яъни, SMM компанияларга хизмат ва маҳсулотларни тез ва қулай реклама қилиш, керакли аудиторияни осон топиш учун катта ёрдам беради.

 

Соҳага кирмоқчи бўлганлар тавсиялар

Соҳада талаб ва рақобат жуда катта. Лекин меҳнат бозорида доим интилувчан мутахассисларга жой топилади!

  • Бу соҳа ёш ва жинс танламайди;
  • Дангасалик, тартибсизлик ёки эринчоқлик билан керакли мутахассис бўла олмайсиз;
  • Соҳага киришдан олдин ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланган бўлсангиз, ўрганишингиз осонлашади;
  • Кенг дунёқараш ва фикрларни теран баён қила олиш – яхши SMM менежерининг олтинга тенг хислатлари ҳисобланади;
  • Мижозлар (бизнес эгалари) билан ишга киришиш ва иш вақтида келишмовчиликлар, асоссиз талаблар бўлиб туради. Бу вақтда мутахассислигингиз нуқтаи назаридан, тўғри қарор қабул қила олишингиз керак;
  • SMM менежери бўлароқ катта даромад ёки машҳур компанияда ишлаш кабиларга эриша олмайсиз, барчасига сабр ва тажриба билан етиш мумкин.

Умуман олганда, интервьюни ўқиётганлардан кимдир SMM’ни ўрганмоқчи бўлса, ўзини синаб кўришни маслаҳат бераман! “Ўша пайтда ҳаракат қилиб кўрсам бўларкан!”, деб афсуслангандан кўра, имкон борида “газини босган” яхши.

Беларусь давлатига нисбатан қизиқиш катта эди

Очиғи, ҳозир ўқиётган соҳамиз бошида менга умуман бегона бўлган. Менда айнан Беларусь давлатига нисбатан қизиқиш катта эди.

Қизиқишим сабаби, бу ердаги IT соҳасининг ривожи, мутахассислар билим ва тажрибаси, outsourcing тизими асосида, Европа ва АҚШ билан ишловчи катта-катта компаниялар бўлган.

Бу ерга келгандан сўнг ушбу давлатнинг яхши тарафи фақатгина IT’да эмаслигини кўрдим. Биринчи ўринда халқнинг одамийлиги, тартиб-интизомга қаттиқ риоя қилиши, ўзаро ҳурмат каби фазилатлар таърифи беларусь халқига қараб ёзилгандек гўё. Одамларнинг интизомини илк марта, Минскка келган куним, светофордан ўтиш жараёнида, дўкон ва бошқа муассасалардаги навбат кутиш жараёнларида кўрганман. Биздаги каби, “машина бўлмаса бўлди, қизил бўлса ҳам йўлдан ўтавераман” деган фикрлар, ўзиники бўлмаган навбатни талашиш оқибатидаги дилхираликлар бу ерликларга хос эмас. Бир қарашда элементар кўринган нуқталардаги бу тартиб халқнинг бутун турмуш-тарзида акс этади. Кейин беларусларнинг сабрига қойил қоламан. Шунча вақт ичида нимадандир асабийлашган, жиззаки беларусни кўрмадим.

Энди биз истиқомат қиладиган Минск шаҳрига қисқача таъриф бериб ўтмоқчиман: табиати деярли Ўзбекистондан фарқ қилмайди. Фақат қиши нисбатан совуқроқ. Лекин бу ерда ҳам 4 та фаслни ўз ўрнида кўра оласиз. Шаҳар озода, ортиқча чанг ва ахлатлар йўл чеккаларида ётмайди, машиналар қатнови бизнинг пойтахтдан бир неча баробар камроқ. Шаҳар тинч, сокин. IT мутахассислари, маркетологлар каби ақлий фаолият билан шуғулланадиганлар учун айни муддао! Катта-кичик хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуаларида барча техник қулайликлар (контактсиз тўлов, электрон буюртма бериш ёки навбат олиш қурилмалари, замонавий хавфсизлик тизимлари ва ҳк.) ўрнатилган.

Таълим тизими ҳақида: Беларусда жами 51 та (42 та давлат ва 9 та нодавлат) ОТМлар фаолият юритади. Талабаларнинг умумий аҳолига нисбати Европадаги энг катта кўрсаткичлардан бири саналса, мамлакат катта ёшдаги аҳолининг саводхонлик даражаси бўйича дунёда еткачилардан ҳисобланади: 99.7%

Бундан ташқари, ҳозир мамлакат олий таълим тизимида янги форматдаги “Университет 3.0” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Беларусда беларусь, вар, рус тиллари давлат тили ҳисобланади. Олий таълим эса, давлат тилларидан ташқари, инглиз, немис, испан, француз тилларида ҳам олиб борилади.

ОТМлардаги ўқув жараёнлари самарали ва шу билан бирга жиддий талабларга асосланган дейишимиз мумкин. Ёки халқ тили билан айтганда, “ўқишга кириш осон, аммо ўқиш қийин”. Билим олиш учун дарсдан ташқари кўп вақтингизни ўқишга бағишлашингизга тўғри келади. Бунда сизнинг ихтиёрингизга сиз ўқийдиган университетнинг онлайн ва офлайн кутубхоналари, мавзу бўйича педагоглар тайёрлаган тақдимотлар, турли базалардаги университет номидан сиз учун очилган саҳифа ва аккаунтлар ҳамда қўшимча ҳаволалар топширилади.

Бундан ташқари, нодавлат таълим, жумладан, ўқув марказлари борасида ҳам илиқ фикрлар билдириш мумкин. Чунки, юқорида айтганимиздек, кўп мутахассислар чет давлатлар билан ишлайдилар, уларда дунёқараш, билим ва савия анча юқори. Бундай устозлардан таълим олиш эса ҳам қизиқарли ҳам самарали бўлади.

Бошқалар еча олмаётган муаммоларни ечиш учун ҳаракат қилган яхши

Биз истиқомат қилаётган мамлакатда 70-йилларда бармоқ изларидан инсонни аниқлаш технологиялари, 90-йилларда эса машина йиғишнинг автоматлашиши мавжуд эди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкин-ки, ижтимоий ҳаётни рақамлаштириш бўйича Беларусга нисбатан орқароқда қолмоқдамиз. Тўғриси, етиб олиш қийин масала. Чунки бизда технологиялар ривожлангани билан, Беларусь ҳам тўхтаб турмайди, янада ривожланаверади. Чет элларда қилинган янгиликларни олиб, улардан фойдаланиш орқали эса орадаги тафовутни қисқартира оламиз.

Умуман, жаҳонда технология жуда тез ривожланаяпти. Аммо айнан уларга етиб олиш учун эмас, бошқалар еча олмаётган муаммоларни ечиш учун ҳаракат қилган яхши. Қаердадир ўйлаб топилган янгиликни қайта ихтиро қилишга куч ва вақт сарфлагандан кўра, шу вақтда бутун дунё биздан сотиб олиши мумкин бўлган янгиликлар устида ишлаш керак.

Ўртача маош ойига 2000 АҚШ доллари

Рақамли технологияларнинг турлари жуда кўплиги ва барчасида мутахассислар учун туғиладиган имкониятлар турлича эканини ҳисобга олсак, бу саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин. Статистикага кўра эса, ўртача маош ойига 2 000 АҚШ доллари. Юқори малакали мутахассислар, data science, сунъий интеллект соҳаси вакиллари эса ойига 5 000 АҚШ доллар атрофида маош олишади.

Қолаверса, 90% ҳолатда улар ижтимоий пакет билан таъминланишади. Тиббиёт марказларидан бепул фойдаланиш, спорт билан шуғулланиш учун бепул абонементлар, бепул малака ошириш курсларида қатнашиш, қўшимча/узайтирилган таътил, уй-жой билан таъминлаш, ижара пулларида ёрдам бериш “айтишник”ларга бериладиган энг кўп имтиёзлардан саналади.

Оutsourcing тизимини кучайтириш керак

Ўзбекистонда outsourcing (чет эл билан ишлаш) тизимини кучайтириш керак, деб ўйлайман. Бизда бунинг учун ҳамма шароит бор. Фақат жуда кўп мутахассисларнинг тил билмасликлари уларга панд бермоқда. Агар “Ай-Ти” мутахассислари чет тилини ўрганиб, ривожланган давлатлар билан (Ўзбекистондан туриб) ишласалар: биринчидан, тажрибалари тезроқ ошади, қолипга тушиб қолмайдилар. Иккинчидан, Ўзбекистон мутахассисларига бутун дунёда талаб ошишни бошлайди. Шу тариқа Facebook, Google, Apple, Tesla, Space X каби ёшларимизнинг севимли компанияларида ишловчи юртдошларимиз сони кўпаяди.

Педагогларни тайёрловчи педагоглар ҳам кучли бўлсин

Ҳар йили мамлакатимизда ва дунёда одамларни қийнаётган 3-5 та муаммони технологиялар орқали ҳал қилиш вазифасини юклаган бўлар эдим. Бунинг учун керакли технологиялар ва (керак бўлса) чет эллик мутахассислар жалб қилинса, натижаси яхши бўлиши аниқ!

Таълим муассасаларидаги “Ай-Ти”га алоқадор фанлар ўқитувчилари орасида соҳасини тушунмайдиганлар, педагогик иқтидори бўлмаган ходимларни четлаштирган бўлардим. Чунки вақтида бундай “мутахассислар”дан биз ҳам “билим” олганмиз. Ҳозир биздаги “айтишник”ларнинг соҳадаги тажрибалари 5-6 йил оралиғида. Агар мактабдан шу билимлар берилганда, улар ёшлигида Counter Strike, WarCraft, GTA ўйнамасдан, код ёзганларида нима бўларди, тассавур қиляпсизми?! Шунчаки, уларни бунга қизиқтира оладиган педагоглар бўлмаган. Улар яхши бўлишлари учун педагогларни тайёрловчи педагоглар ҳам кучли бўлишлари шарт! Буни тўғрилаш анча вақт олади. Аммо агар ҳозирдан тўғрилаш бошланмаса, ҳаммаси шу аҳволда қолиб кетади.

“Режа” эмас “натижа” сифатида санаш ёқимлироқ

Авваламбор, Аллоҳ берган умр қанча бўлса ҳам, уни муносиб яшаб ўтиш барчамизга насиб қилсин! Режаларимиз қадар етиб борамизми, йўқми, фақат Яратганга аён. Лекин, яхши ниятлар қилиш, кележак учун турли режалар тузиш – бизнинг инсонийлик ҳислатимиз. Кўпчилик каби, менда ҳам яқин ва бироз узоқроқ келажак учун режалар бисёр. Фақат уларни “режа” эмас “натижа” сифатида санаш мен учун ёқимлироқ!

Айтишим мумкинки, қайси соҳада бўлса ҳам, мамлакатимизни дунё етакчилари даражасига чиқишида ўз ҳиссамни қўшиш – менинг азалий орзуим ва яхши ниятим! Шундай яхши ниятларга етишни барчамизга насиб этсин!

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг