Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония биринчи марта оғир ракета-ташувчисини муваффақиятли учирди

Япония биринчи марта оғир ракета-ташувчисини муваффақиятли учирди

Фото: JAXA

Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (JAXA) H3 оғир ракетасининг биринчи муваффақиятли парвози ҳақида хабар берди. Ракета биринчи марта белгиланган орбитага қадар етиб берди.

H3 ракетасига Токио вақти билан 17 феврал куни соат 09:22 да старт берилди. Ракета Кагосима префектурасида жойлашган Танэгасима космодромидан парвоз қилди. Бу аслида парвоз учун учинчи уриниш ҳисобланади.

Биринчиси роппа-роса бир йил аввал бўлган, аммо ўшанда ракета ҳатто старт майдонидан ҳам узилмаганди — ён тезлаткичлардан бири ёнмай қолган ва парвоз шошилинч тўхтатилганди. Иккинчи уриниш 2023 йил 7 мартида бўлиб, ракета парвоз қилган, бироқ ажралишдан сўнг иккинчи босқич двигатели ишламаган, оқибатда ундаги қимматбаҳо юк — ултразамонавий сунъий йўлдош йўқотилганди.

Бироқ JAXA охирги — муваффақиятли парвозни расман иккинчиси деб ҳисобламоқда. Буниси 15 февралда учирилиши режалаштирилган, аммо ноқулай об-ҳаво туфайли шанбага кўчирилганди.

H3 ракетаси 2001 йилдан буён парвоз қилаётган, эскирган ва нисбатан енгил H-2A ракетаси асосида қурилган. Белгиланган вазифага қараб H3 бир неча тоифада чиқарилади, баландлиги 57 ёки 63 метр бўлиши мумкин.

Энг кучли конфигурацияларда H3 ракетаси геостационар орбитага 7,2 тонна ёки олдингиларидан қарийб икки баравар оғир юкни олиб чиқиши мумкин. Қолаверса, янги ракетани ишлаб чиқариш ва фойдаланиш бирмунча арзонлашди. Айнан шу жиҳати жуда муҳим, чунки Япония кўп марта фойдаланиладиган ракеталарга эга мамлакатлар билан фазовий пойгаларда рақобатлашишига тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг