Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамлаштириш бўйича махсус тақдимот: Унда маданият ва санъат намояндалари иштирок этди (видео)

Бугун Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимизда рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек, келгусидаги истиқболли режалар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси ўлароқ, барча соҳа вакилларини, хусусан, маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндаларини юртимизда рақамлаштириш соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар, шунингдек, келгуси йилларда амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳалар билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилган ушбу тадбирда маданият ва санъат соҳаси вакилларининг кўзга кўринган намояндалари, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирок этишди. 

Тадбир давомида “Ўзбекистон — Марказий Осиё АйТи хаби” видеотақдимоти, “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида рақамлаштириш йўналишидаги мақсадлар, рақамли ҳукумат экотизими ҳамда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро электрон тизими, “My.gov.uz” Ягона интерактив давлат хизматлари портали, рақамли таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги истиқболли лойиҳалар, АйТи хизматлар экспорти ва экспортёр компанияларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган шароитлар каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.

Маросимда сўзга чиққан Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бугунги кунда мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини яхшилаш, соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётганини, жорий йилнинг ўзида таълим, банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология, кадастр каби соҳаларни рақамли трансформация қилиш доирасида 100 та дастурий лойиҳа ишлаб чиқилганлигини, 500 дан зиёд янги АйТи компаниялари ташкил этилиб, соҳага 475 миллион доллар хорижий инвестиция кириб келганини, жорий йилнинг 20 декабр куни тармоқ ва ҳудудларда ахборот технологияларини ривожлантириш ҳамда давлат бошқарувини рақамлаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан “Рақамлаштиришдан бош тортаётган раҳбар — коррупцияни йўқ қилишга интилмаган раҳбар”, дея таъкидланлигини айтиб ўтди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков рақамлаштириш кўникмаларини эгаллаш ва уни соҳаларга татбиқ қилиш нафақат ҳар бир вазирлик ва идора, балки ҳар бир фуқаро учун ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тақдимот маросимида иштирокчилар рақамлаштириш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш баробарида, ушбу йўналишда ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг