Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қатарда илк маротаба “Uzbekistan Tech Conference” бўлиб ўтди (фото)

Қатарда илк маротаба “Uzbekistan Tech Conference” бўлиб ўтди (фото)

Фото: Digital.uz

Web Summit Qatar 2024 халқаро технология конференцияси доирасида муҳим воқеа — “Uzbekistan Tech Conference” бўлиб ўтди. Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT Park ҳомийлигида Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчихонаси, Uzinfocom ва Uzum компаниялари билан ҳамкорликда ташкил қилинган ташаббус IT соҳасидаги кўплаб хорижий вакиллари эътиборини тортди.

Конференция ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича шериклик алоқаларини ўрнатиш ва мамлакатни янги IT-аутсорсинг маркази сифатида танитиш учун маҳаллий компанияларни жаҳон бозорида рағбатлантиришга қаратилган эди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Ашраф Хўжаев, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, IT Park бош директори ўринбосари Жаҳонгир Ражабов ва Uzum компаниясининг операцион директори Роман Лаврентевлар маъруза қилишди.

Мутахассислар Ўзбекистоннинг глобал ишбилармонлик соҳасидаги рақобатбардош устунликлари ҳақида гапириб, ёш ва иқтидорли ишчи кучини таъкидладилар ва мамлакатимизда ўз ваколатхоналарини очишга қарор қилган компаниялар учун яратилган истиқболларни тақдим этдилар.
IT Park тармоғидаги стартаплар — Tass Vision, Sarmo ва TopBrains компаниялари раҳбарлари иштирокидаги тадбир қатнашчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Улар Ўзбекистонда IT-бизнесни юритиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, мамлакатимизда соҳанинг жадал ривожланиши ҳақида гапириб беришди.

Тадбир якунлари бўйича Қатардаги IT ва BPO компаниялари вакиллари Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очишга катта қизиқиш билдиришди. Бундан ташқари, улар 18–20 март кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган “Offshore Outsourcing Tour” тадбирида иштирок этиш ниятида эканликларини билдирдилар.

Улар орасида IT Park резидентларининг маҳсулотлари, стартап ва лойиҳаларини алоҳида таъкидлаб, уларга сармоя киритишга қизиқиш билдирган Invest Qatar ташкилоти ҳам бор. Қатарнинг Tez Qatar ва Meeza каби дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича таниқли компаниялари Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очиш истагини билдиришди.

Компаниялар эътиборини тортган асосий жозибадор омиллар қаторидан ҳукуматнинг IT ва аутсорсинг соҳаларини ривожлантиришга қаратаётган эътибори, шунингдек, Zero Risk ва Regional Headquarters каби турли хил IT Park қўллаб-қувватлаш дастурлари ўрин олган. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг қоқ юрагидаги стратегик жойлашуви унинг жаҳон инвесторлари учун жозибадорлигини янада таъкидлайди.

“Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ривожланиб бораётган дипломатик муносабатлар нафақат давлатлараро ҳамкорликнинг пойдевори, балки ахборот технологиялари соҳасида ҳам ўзаро ривожланиш катализаторига айланиб бормоқда. Бугунги кунда, муваффақиятли ташаббуслар фонида яқин ҳамкорликка интилиш ҳар икки мамлакатнинг IT соҳасини ривожлантиришда ўз самарасини бераётганини кўрмоқдамиз. Бу эса рақамли технологиялар соҳасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини жадал ривожлантириш ва мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлашга қодир эканлигининг ёрқин намунасидир”, — деди Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг