Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон қабул қилинди

“Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон қабул қилинди

Мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда масофавий ҳамда АйТи-хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги(ПФ–157-сон, 14.10.2024 й.) Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларига қуйидаги қўшимча фаолият турлари бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилади:

– ахборот технологиялари соҳасида ташкил этиладиган таълим хизмати доирасида, ушбу хизматдан йиллик умумий даромадининг 40 фоизидан ошмаган ҳолда инглиз тилидан ташқари бошқа хорижий тилларни ҳам ўқитиш;

– Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ахборот хизматларини (бизнес-жараёнлари аутсорсинги) экспорт қилиш фаолияти доирасида, ушбу хизматдан йиллик умумий даромадининг 40 фоизидан ошмаган ҳолда, бизнес-жараёнлар аутсорсинги йўналиши бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш;

– Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали билим жараёнлари аутсорсинги (Knowledge Process Outsourcing) хизматларини хорижий давлатларга экспорт қилиш.

Шунингдек, Фармонга кўра, 2025 йил 1 февралдан бошлаб 2030 йил 1 январга қадар экспорт хизматлари ҳажми календар йил давомида 10 миллион АҚШ долларидан ошган IT Park резидентларига ахборот технологиялари соҳасидаги хизматларини (шу жумладан, роялти тўланадиган) кўрсатган Ўзбекистон Республикаси билан иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида Битим тузилмаган давлатларнинг юридик шахслари ушбу календар йил якунига қадар фойда солиғидан озод этилади.

2025 йил 1 февралдан бошлаб 2040 йил 1 январга қадар жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган IT Park резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига Ўзбекистон Республикасининг резидентлари сингари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Шу билан бирга, 2028 йил 1 январдан бошлаб 2040 йил 1 январга қадар қуйидаги мезонлардан бирига тўғри келадиган IT Park резидентлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5099-сон Фармонида назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари узайтирилади (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно):

– календар йил давомида жами даромади таркибида IT Park резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари бўйича экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар;

– календар йил давомида ўн саккиз ёшдан ошган битирувчиларининг 50 фоиздан ортиқ қисми АйТи-парк резиденти бўлган экспортчи корхоналарга ишга жойлашган АйТи-таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар.

Шунингдек, 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар тажриба-синов тариқасида IT Park резидентларига қуйидаги барча шартлар бажарилган ҳолларда корпоратив банк карталари орқали реклама хизматлари учун тўловларни амалга оширишга рухсат этилади:

– 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга Интернет жаҳон ахборот тармоқлари (шу жумладан, веб-сайтлар, платформалараро ресурлар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар) реклама хизматларидан фойдаланилганда;

– календар йил давомида экспорт тушумларининг 10 фоизи доирасида, бироқ 100 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;

– реклама хизматлари бўйича тўловлар ҳақидаги маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилган тақдирда.

Шу билан бирга, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб олий таълим муассасаларининг ахборот технологиялари соҳасидаги фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган хорижлик профессор-ўқитувчилари, шунингдек, IT Park резиденти мақомини олган юридик шахснинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи жисмоний шахс ёки коллегиал ижро этувчи органининг раиси ҳамда уларнинг ўринбосарларига ҳам “IT-виза” берилади.

Рақамлаштириш соҳасидаги экспорт фаолияти билан шуғулланувчи шахслар фаолиятини ривожлантиришнинг яхлит тизимини яратиш мақсадида 2028 йил 1 январга қадар рақамли технологиялар соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилиши белгиланмоқда.

Бунда, Дастур иштирокчиларига IT Park резиденти мақоми берилади ва улар томонидан кўрсатилган тегишли хизматлар ҳажмидан келиб чиқиб:

– замонавий офислар, коворкинг марказлари, спорт мажмуалари, тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади ёхуд улар бўйича ҳамкорлик дастурлари асосида чегирмалар тақдим этилади;

– ҳудудларда ташкил этилаётган “ IT-шаҳарча”лар коворкинг майдонларидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади ҳамда ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилади;

– профессионал кўникмаларни ривожлантириш учун халқаро нуфузли платформаларда имтиёзли шартларда таълим олиш учун шароитлар яратилади;

– тажриба алмашиш, ижтимоий ва бизнес алоқаларни ривожлантириш мақсадида учрашув, форум ва бошқа тадбирлар ўтказиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг