“Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор чиқди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, барқарор стартап лойиҳалар экотизимини шакллантириш ва венчур капитал бозорини кенгайтириш орқали мамлакатимизга хорижий венчур инвестицияларини жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Стартап лойиҳалар ва венчур молиялаштириш экотизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори (ПҚ–357-сон, 14.10.2024 й.) қабул қилинди.
Мазкур Қарорга мувофиқ:
Стартап лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Рақамли стартаплар дастури (Дастур) тасдиқланди.
Бунда:
Дастурда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар иштирок этиши мумкин:
– фаолиятини 6 ойдан 7 йилгача;
– календар йилида жами даомади 10 млрд сўмдан ошмаган;
– инкубация ёки акселерация дастурини муваффақиятли якунлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга;
– рақамли технологияларга асосланган юқори ўсиш ва хорижий бозорларга чиқиш салоҳияти бўлган бизнес моделга эга;
– стартап лойиҳалар экотизими платформасида рўйхатдан ўтгани;
– стартап экотизими иштирокчилари-венчур жамғармалар ва хусусий инвесторлар ҳамда стартап лойиҳалар учун акселерация ва инкубация дастурларини ташкиллаштириш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам иштирок этади.
Дастур иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланди:
– бошқаруви остидаги инвестиция активлари қиймати 50 миллион АҚШ долларидан кўп бўлган хорижий венчур жамғармалардан инвестиция жалб қилган стартап лойиҳаларга мазкур инвестицияга тенг миқдоргача бўлган, бироқ 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда инвестиция маблағларини ажратиш;
– 5 йилдан ортиқ муддат фаолият юритаётган ҳамда камида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилган етакчи халқаро акселерация дастурларида иштирок этиш, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ тадбиркорлик, бизнес ва корпоратив йўналишлардаги курсларда ўқиш ва сертификат олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;
– инкубация ва акселерация дастурларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган, бироқ 50 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;
– патентлаш ҳамда интеллектуал фаолият натижалари ва савдо белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатларини;
– дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда – IT Park) ҳузуридаги венчур жамғарма томонидан гаров таъминотисиз, Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада 300 миллион сўмгача миқдорда стартап лойиҳаларга қарз маблағларини ажратиш;
– АйТи-Виса бериш амалиётини стартап лойиҳаларнинг таъсисчилари(иштирокчилари) ва мутахассисларига ҳам татбиқ этиш белгиланди.
Шу билан бирга Рақамли технологиялар вазирлигининг Дастур учун ажратиладиган маблағлари ҳисобидан IT Park ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида устав фонди 10 млн доллар эквивалентига тенг бўлган рақамли технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур жамғарма ташкил этилмоқда.
“UzVC” миллий венчур фонди фаолияти венчур жамғармаларни молиялаштирувчи “Фондлар фонди” сифатида қайта ташкил этилмоқда.
Мазкур Қарорга мувофиқ:
Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган тижорат банклари ва хўжалик жамиятларига қуйидагиларга рухсат берилди:
– венчур жамғармалар ташкил этиш, венчур инвестицияларни амалга ошириш ҳамда ишончли бошқариш шартномаси асосида бошқа венчур жамғармаларга ўз маблағларини бериш;
– стартап лойиҳаларга улиш билан кирганда ўзига тегишли бўш турган кўчмас мулк объектларини ва техник воситаларни текин фойдаланишга беришни назарда тутган ҳолда стартап-студиялар ташкил этиш;
– стартап-студияларни бошқариш ҳуқуқини IT Park, унинг филиаллари ва стартап-экотизими иштирокчиси бўлган бошқа ташкилотларга бериш;
– ўзига тегишли кўчмас мулк объектларини стартап лойиҳалар экотизими платформасида рўйхатдан ўтган стартап лойиҳаларга давлат мулки объекти учун бекгиланган ижара ставкасининг минимал миқдорида тўғридан- тўғри ижарага бериш;
– ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш (қўллаб-қувватлаш) бўйича бир молия йили давомида умумий қиймати 500 миллион сўмгача бўлган битта шартнома доирасида стартап лойиҳа билан, ушбу стартап лойиҳанинг устав фонди (капитали)да 5 фоиздан кам бўлмаган улушига эгалик қилиш шарти билан харид жараёнларини тўғридан-тўғри амалга ошириш;
– 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдордаги, бироқ бир молия йилида 200 миллион сўмгача, бир марталик хизматлар (ишлар) бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида ўзини-ўзи банд қилган шахслар учун мўлжалланган маҳаллий рақамли платформаларда тўғридан-тўғри буюртмаларни расмийлаштириш.
Шу билан бирга , 2025 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар Дастур доирасида 1-иловага асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ -244 сон Фармонида белгиланган тартиб асосида рақамли стартаплар соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус режими жорий этилмоқда.
Дастур доирасидаги ишларни мувофиқлаштириш Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди.
Бундан ташқари Стартап экотизимини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Ушбу қарор натижасида 2027 йилга қадар 200 дан ортиқ стартап лойиҳалар инкубация ва акселерация дастурларидан ўтади. Стартап лойиҳалар ишга тушиши натижасида 1 500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Шу билан бирга камида 20 та стартап лойиҳа фаолияти халқаро бозорларга олиб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter