Ўзбекистон Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди
Ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришини таъминлаш, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” (ПҚ–358-сон, 14.10.2024 й.) қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор мамлакатимизда сунъий интеллект технологияларини яратишга қаратилган бўлиб, қарорнинг мақсади инсон манфаатларини устувор қилиб, янги технологияларни ривожлантириш орқали фуқаролар турмуш сифатини яхшилашдан иборат.
Мазкур қарор билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.
Шунингдек, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича эришиш лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланди:
Шу жумладан:
– сунъий интеллект асосида яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини 1,5 млрд АҚШ долларига етказиш;
– ягона интерактив давлат хизматлари порталида сунъий интеллект асосида кўрсатилаётган хизматлар улушини 10 фоизга етказиш;
– сунъий интеллект йўналишида фаолият юритувчи илмий лабораториялар сонини 10 тага етказиш ҳамда юқори қувватли ҳисоблаш серверларини ишга тушириш;
– ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида (Government AI Readiness Index) Ўзбекистон Республикасини биринчи 50 та ўриндаги давлатлар қаторига киришига эришиш белгиланди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича устувор мақсад ва вазифалар ҳам белгиланди:
– сунъий интеллект технологиялари ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, соҳада стандартларни такомиллаштириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш;
– маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилмани яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш;
– сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.
Мазкур қарор асосида Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясини 2024–2026 йилларда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ва Ижтимоий ва Иқтисодиёт тармоқларида шакллантириладиган “катта маълумотлар” рўйхати тасдиқланди.
Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича устувор йўналишлар ҳам белгиланди:
– банк-молия соҳасида – фирибгарликларнинг олдини олиш, фойдаланувчиларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш, бозор тенденцияларини прогноз қилиш;
– солиқ ва божхона соҳаларида – яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, шубҳали божхона операцияларини прогнозлаш ва хавфларни бошқариш;
– соғлиқни сақлаш соҳасида – касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш ва беморга оид маълумотларини бошқариш;
– қишлоқ хўжалиги соҳасида – ҳосилдорликни прогноз қилиш, қишлоқ хўжалиги ресурсларини бошқариш;
– энергетика соҳасида – энергия ресурсларини бошқариш, энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлашни оптималлаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва уларга бўлган талабни прогнозлаш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter