Вазир халқаро олимпиада совриндорлари билан учрашди (фото)

Туркманистонда бўлиб ўтган Очиқ математика олимпиадаси (OMOUS-2023)да математика ва информатика йўналишида иштирок этган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Киберхавфсизлик факултети талабалари — Асадбек Синдаров 2-ўринни, Ихтиёр Тешабоев, Жавоҳир Исроилов ҳамда Музаффар Сахидинов 3-ўринни эгаллашган эди.

Шу муносабат билан бугун, 27 май куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Туркманистондаги олимпиадада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ҳамда совриндорлар қаторидан жой олган талабалар билан учрашди.
Вазир талабалар билан очиқ мулоқотда уларни табриклаб, ўқиш ва ишларида муваффақият тилади.
Учрашув якунида ахборот технологиялари соҳасидаги бу каби халқаро танловлар ва бошқа олимпиадалар рўйхатини шакллантириб, уларга тайёргарлик кўриш ва ғолиблар ҳамда устозларини рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон таълим вазирлиги Халқаро гуманитар фанлар ва тараққиёт университетида 2023 йилнинг 23-28 апрел кунлари ташкил этилган Очиқ математика олимпиадасида Ўзбекистондан жами 41 нафар талаба иштирок этган эди.
Мазкур халқаро олимпиадада 15 дан ортиқ мамлакатлар (Россия, Саудия Арабистони, Эрон, Мексика, Германия, Венгрия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва бошқалар) олий таълим муассасаларидан талабалар қатнашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter