Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Tesla миллионинчи электромобилини қаерда ишлаб чиқармоқчи?

Tesla миллионинчи электромобилини қаерда ишлаб чиқармоқчи?

Фото: https://sm.news

Tesla компанияси Шанхайдаги заводида миллионинчи электромобиль ишлаб чиқарилишини эълон қилди.
Ўтган йили компания раҳбари Илон Маск Шанхайдаги гигафабрика ишлаб чиқариш қуввати бўйича Калифорниянинг Фримонт шаҳридаги заводни ортда қолдирганини айтган эди. Октябрь ойида Tesla Хитой заводи янги асосий экспорт маркази бўлишини эълон қилди.

Маълумот учун, Шанхайдаги гигафабрика қурилиши 2018 йилнинг декабрь ойида бошланган. 2019 йил декабрь ойидан маҳсулот ишлаб чиқара бошлаган завод икки йил ичида дунёдаги энг йирик электромобиль ишлаб чиқарадиган корхонага айланди. Йиллик ишлаб чиқариш 2021 йилда 800 мингга етди.

Август ойи бошида Маск Tesla`нинг барча заводлари жами 3 миллион дона автомобиль ишлаб чиқарганини эълон қилди. Ундан бир ой аввал эса компания Фримонт заводи 2 миллионинчи электромобилни ишлаб чиқарганини эълон қилган эди.

Июнь ойида Tesla Шанхайдаги заводини янгилашни бошлади. Компания ҳафтасига 21 000 дона электромобиль ишлаб чиқариш қувватини ошириш учун гигафабрикани бир неча ҳафтага қисман ёпди. Эндиликда компания Шанхайда йилига 1 миллиондан зиёд электромобиль ишлаб чиқаради.

Айни пайтда Хитой корхонасида Tesla Model 3 ва Model Y ишлаб чиқарилмоқда. Йил сўнггигача гигафабрикада компания электромобилларининг бошқа моделлари ҳам ишлаб чиқарила бошлайди.
Шанхай гигафабрикасининг муваффақияти Tesla`ни Хитойга кўпроқ сармоя киритишга ундаши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг