Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Technocorp” IТ маркази янада ривожланади ва хизматлар сифати оширилади

“Technocorp” IТ маркази янада ривожланади ва хизматлар сифати оширилади

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси ҳузуридаги “Technocorp” IТ марказига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад – марказ фаолиятида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, жумладан, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ҳолати, сифат даражаси, кўрсатилаётган хизматларнинг самарадорлигини ўрганиш ва уларни экспортга йўналтиришдан иборат.

Учрашув давомида Ўзбекистондаги IТ бозори, рақобат муҳити ҳамда “Technocorp” IТ марказида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, маҳаллий лойиҳалар ва кўрсатилаётган хизматларни экспортга чиқариш истиқболлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. 

Шунингдек, марказ томонидан яратилган дастурий аппарат воситаларини ишлаб чиқишга мўлжалланган махсус лабораториядаги “Smart GID”, “Smart Mirror”, “Smart Solar GID”, “VR & 360 виртуал тур” ҳамда “AR-technology” лойиҳалари намойиш этилди. 

Ташриф давомида вазир IТ марказ ходимларининг меҳнат шароитлари ва ходимлар учун яратилган қулайликлар билан танишди.

Қолаверса, дастурчи ходимлар билан яқиндан суҳбатлашиб, соҳа ривожи ва истиқболи учун муҳим бўлган вазифалар ҳақида фикр алмашди. 

Бундан ташқари, 2024 йилда IТ марказ томонидан таниқли хорижий компаниялар, хусусан, Andersen, GEEKLANSOFT, Халқаро архивлар кенгаши (International Council on Archives 2025), Datatruck билан олиб борилган музокаралар ва уларнинг натижаси ҳақида маълумот берилди.

IТ марказ томонидан 2024-2025 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар борасида ҳам сўз юритилди.

Хусусан,

— IТ-таълим ва инсон ресурсларини ривожлантириш;

— Марказ брендини халқаро даражага олиб чиқиш;

— Хорижий ҳамкорлар сонини ошириш;

— Маҳаллий ҳамкорлар билан амалга ошириладиган ишлар натижасида олинадиган даромадлар миқдорини 30 млрд сўмга етказиш;

— Халқаро IТ компаниялар талабларига мос келувчи сертификатлар билан таъминлаш;

— Ишлаб чиқариш жараёнини ҳалқаро талабларга максимал даражада яқинлаштириш;

— Марказнинг дастурчилар сонини 2024 йилда 50 тага, 2025 йилда 100 тага етказиш;

— Марказ фаолиятини экспортга қаратиш ҳамда экспортдан тушадиган даромадлар миқдорини бир неча баробарга ошириш борасида таклифлар тингланди.

Ташриф якунида вазир томонидан марказ фаолиятини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни экспортга йўналтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг