Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Нега мактаблардаги дарс соатларида информатикага кам ўрин ажратилган?

Нега мактаблардаги дарс соатларида информатикага кам ўрин ажратилган?

Фото: Thecode.media

Бугунги кунда ахборот технологияларининг келажаги порлоқлигига ҳеч қандай исботнинг ҳожати йўқ. Ҳамма буни кўриб, гувоҳи бўлиб ва тушуниб турибди. Ота-оналар боласининг «айти»чи бўлишини истаётган бўлса, ёшларнинг ўзи ҳам бу соҳани иккиланмай танламоқда, яна кимдир бу оламга кириш учун касбини ўзгартирмоқда.

Билимлар тошга ўйилган нақшдек муҳрланмиш ёшлик, янада тўғрироғи болалик давриданоқ ахборот технологиялари билан дўст тутуниш нур устига аъло нур. Шундоғам бир яшар боланинг ҳам қўлида телефон-ку, дейсизми? Гап қандай ишлатишга боғлиқ. Кимдир интернетда пулни ҳавога совуради, кимдир эса интернетдан пул топади.

Ахборот технологиялари дунёсида илм эгаллаш, бу орқали ривожланишга ўз ҳиссасини қўшиш борасида айни дамда нималар қилиняпти? Масалан, умумий ўрта таълим мактабларида информатика фани қай даражада ўқитиляпти?

Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синфларида ахборот технологияларига доир бирорта фан йўқ. 5-синфдан 11-синфгача ҳафтасига 2 марта «Информатика» фани ўтилади. Фақат хусусий мактаблар ўз қарорига кўра «Компьютер саводхонлиги», «Робототехника» каби фанларни киритганлар. Хусусий мактабларнинг қамрови озлиги боис бу оқлов бўлолмайди.

Қўшни Қозоғистонда бу йилдан биринчи синф ўқувчиларининг дарс жадвалига «Рақамли саводхонлик» фани киритилди. Мактаблар дарс жадвалларида аввалдан мавжуд «Ахборот-коммуникацион технологиялар» ва «Информатика» фанларидаги таълим бериш жараёнини қайта кўриб чиқиб, ўқувчиларга дастурлаш тилини кўпроқ ўқитишга келишиб олинди. Юқори синф ўқувчлари IT-startup, сунъий интеллект, мобил иловалар яратиш билан кўпроқ машғул бўлиши режалаштирилди. Шунингдек, интернетда ахборот хавфсизлиги, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби, муаллифлик ҳуқуқи каби масалаларни чуқур сингдириш ниятидалар.

Бу борада Россия ва Беларусдаги аҳвол унчалик яхши эмас. Ушбу мамлакатларда 1-6-синфларда «Информатика» фани умуман йўқ. 7-синфдан бошлаб 11-синфгача бу фан ҳафтада атиги 1 мартагина ўтилади. Ҳолат бир неча маротаба соҳа мутахассислари эътирози, журналистларнинг танқидига сабаб бўлган, лекин ўзгариш киритилмади.

Украинада баъзи мактабларда биринчи, айрим мактабларда иккинчи синфдан ахборот технологиялари ўргатилади. Демак, бошланғич синфларданоқ ўқувчилар мазкур илмдан баҳраманд бўладилар.

Германияда иккинчи синфдан «Технология ва коммуникация» фани дарс жадвалига киритилган. Бунда дарслар анча енгил ўтилиб, асосан виртуал ва реал олам ўртасидаги фарқ тушунтирилади. 3-6-синфлардан ўқувчилар мураккаб IT лойиҳаларни ўрганишга ўтишади. 7-10-синфларда дастурлаш тили чуқур ўргатилади. Қарабсизки, мактаб битирувчиси тайёр мутахассис бўлиб чиқади.

Финляндия, Австралия, Англияда биринчи синфданоқ ахборот технологияларига оид фан киритилган. 7-9-синфларда ушбу дарс соатлари кўпайтирилади.

Америкада фанларни ўқувчиларнинг ўзи танлаш тамойили бор. Лекин юқори синфларга компьютер графикаси, веб-дизайн, информатика, робототехника фанлари ўтилмай қолмайди.

Жанубий Кореяда «Информатика» факультатив фанлар қаторига киритилган ва у ўрта таълим мактабларининг барча синфларида мажбурий тартибда ўқитилади. Синф юқорилаган сари соатлар оширилади ва мавзулар мураккаблашади. 

Кўриб турганингиздек, ахборот технологиялари сабоғини бошланғич синфдан бериш ривожланган давлатлар тажрибасида кузатилган ва ўзини оқлаган амалиётдир.

Афсуски, бугунги кунда мактабларимиз билим ўчоғи бўлолмаяпти. Мактабни битиргач, олий таълим муассасаларига кириш учун репетиторларга қатнашга тўғри келаётгани сир эмас. Шу каби ахборот технологияларига қизиққан ўқувчига ҳафтада икки маротаба нари-бери ўтиладиган «Информатика» фани етарли бўлмаяпти ва қўшимча курсларда сарсон бўлиб юрибди. Боз устига ота-она учун ҳам ортиқча харажат.

Албатта, дарс соатларини кўпайтириш билангина иш битмайди. «Информатика» фани ҳар куни ўтилса-ю, малакасиз ўқитувчи сабоқ берса, техник воситалар етишмаса, компьютерлар «Тегма, бузасан» буйруғи билан кўргазмада турса – фойда йўқ.

Олдин инглиз тили ҳам умумтаълим мактабларида 5-синфдан ўргатиларди, кейин замон талаби инобатга олиниб, 1-синф дарс жадвалига киритилди. Ахборот технологияларининг долзарблиги ошиб бораётган экан, демак, мактаб дастурларида шунга мувофиқ ўзгартиришлар киритиш даври келди.

Балки, кимдир «Энди ўқиш-ёзишни ўрганаётган болакайга «айти»ни ўрганиш ортиқчалик қилади» ёки «Техника хавфсизлиги масаласи бор-ку» қабилида фикрлар. Бу нотўғри. Биринчидан, ҳозирда болалар нафақат мактаб, балки боғча ёшиданоқ гаджетларни ишлата олмоқда. Улар рақамли саводхонликка тайёр. Янги фан болалар ёшига мослаштирилган ҳолда ўтилади. Дарс қизиқарли маълумотлар ва ўйинлар тарзида ўтилиб, ортиқча босимнинг олди олинади. Иккинчидан, энди мактабга қадам қўйган ўқувчига техника шундоқлигича тутқазиб қўйилмайди, балки ундан фойдаланиш, техника хавфсизлигига риоя этиш аста-секин ўргатилади.

Бинобарин, шундагина ёшларнинг билим билан тўйинган онги ёт ғояларга ёпиқ бўлади, болаликданоқ оқ ва қорани ажратишни ўрганади. Эртага уларни интернет ва оммавий маданиятнинг салбий оқибатларидан даволашга эҳтиёж қолмайди. Чунки у аллақачон ахборот технологияларидан кўнгилхушлик ва майнавозчилик учун эмас, қулай ҳаёт ва юқори даромадга етаклайдиган йўл эканини тушуниб етган бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг