Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Нега кибержиноятлар ёшлар томонидан кўп содир этилмоқда?

Нега кибержиноятлар ёшлар томонидан кўп содир этилмоқда?

Фото: Leader-id

Ахборот технологиялари ривожланиб, таълим, меҳнат, савдо каби саноқсиз соҳаларда қулайликлар пайдо бўлиши қаторида онлайн жамият қўли эгри, нияти қора айрим кимсалар учун ҳам ғараз мақсадини амалга оширишда кўмакчига айланиб қолди. Буни фақат афсус билан қайд этиш мумкин. Кибержиноятлар, интернет фирибгарлари ҳақидаги хабарларга кунда-кунора гувоҳ бўлмоқдамиз. Юртимизда, биз билан ҳамнафас яшаётган юртдошларимиз томонидан содир этилаётганларига ҳам мисоллар талайгина.

Боз устига, жиноятларнинг аксариятида ёшлар асосий “қаҳрамон” сифатида гавдаланмоқда. Масалан, ёлғон эълон тарқатиб картадан пул ўғирлаган йигит 22 ёшда, ўзини телефон сотувчисидек кўрсатиб пул ундиргани 18 ёшда, сохта танлов ўтказган фирибгар 24 ёшда, бировнинг номидан онлайн кредит олган аёл 27 ёшда, интернет орқали “дача” эгаси ролини ўйнаб одамларни алдаган йигит 23 ёшда ва ҳоказо. Йигирмани эндигина ҳатлаган, билаги кучга тўла, навқирон ёшлар. Надоматки, улар ёшликка хос шижоат, журъатни нотўғри мақсадларга йўналтириб, олтинга тенг даврларини жиноят билан ўтказмоқдалар.

Айни шу ёшлар кўчада бировнинг йўлини тўсиб пул ундириш, кимнингдир уйига кириб босқинчилик қилиш, чўнтагига қўл суқишга бормасликлари, бундай ишлардан тап тортишлари мумкин, лекин интернет оламида ғаразликларни бамайлихотир амалга оширмоқдаларки, улар келтираётган зарар йўлтўсар ёки безориникидан кам эмас. Нега бировниг чўнтагига қўл чўзишга ҳадди сиғмайдиган йигит-қизлар онлайнда бегона пулни фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришдан қўрқишмаяпти?

Аслида ёшликнинг кучи, ақли, имкониятларидан унумли фойдалана олсалар, шу пулни ва ҳатто ундан ҳам кўпроқ миқдордаги маблағни ҳалол йўл билан топишнинг иложи бор. Интернетни фирибгарлик учун имкон деб билиш ўрнига ахборот технологияларини ўзлаштирсалар, соҳа сир-асрорларини ўргансалар, мутахассис сифатида катта даромадга эришишлари мумкин.

Ахир айти оламида муваффақият ва молиявий эркинликка эришиш афсона эмас. Бунга эришган ёшлар ҳаётидан реал исботлар кўплаб топилади. Масалан, Ўзбекистонда яшаб туриб Саудия Арабистонида фрилансерлик қилаётган Сабоҳат Қаландарова, тоғда ўтириб ижод қилувчи ва Top Tal  компаниясида масофавий ишловчи Мунира Бегмуратова , онлайн платформа яратган Умматой Йўлдошева, Google компаниясидаги муаммоларга ечим излаётган Латофат Бобожонова , Аmazon ходими Жаҳонгир Раҳмонов, IT Stars лойиҳаси асосчиси Зафарбек Иброҳимов, энг яхши ёш ихтирочи дея эътироф этилган Аббос Насимов каби ёшлар ҳам айнан навқиронлик даврида ахборот технологиялари билан дўст тутиниб, омад ва даромадга эриша олганлар. Уларни чин маънодаги қаҳрамонлар, десак арзийди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг