Келажак касби

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси билан машғул бўлаётган ёшлар сонини ошириш ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Республикамиз бўйлаб кадрлар сиёсатини оқилона юритиш энг устувор масалалардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда, фрилансерлик энг тез ривожланаётган касблардан бири десак муболаға бўлмайди. Ҳозирда «фриланс» сўзи тобора тез-тез учраб турибди, хусусан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва олий таълим муассаларида ўтказилаётган йиғилиш ва форумларда тилга олинмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази давлат муассасаси томонидан ҳам ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси билан машғул бўлаётган ёшлар сонини ошириш, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, талаба ёшларни ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга қўшимча даромад манбааларини топишга кўмаклашиш мақсадида бир қанча тадбирлар ташкиллаштириб келинмоқда. Хусусан:
жорий йилнинг 3 июнида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш Вазири Ш.Шерматов бошчилигида фрилансерлар ва фрилансер бўлиш истагида бўлганлар билан очиқ мулоқот ташкиллаштирилди. Ушбу тадбирда 200 дан ортиқ ёшлар «online» иштирок этишди.
Жорий йилнинг 2 июлида «Amity» университетида «Фрилансингга биринчи қадам» мавзусида форум ташкиллаштирилди. Ушбу форумга фрилансерлик соҳасида муваффақият қозонган ва ҳозирги кунда IT тадбиркорлик билан шуғулланаётган мутахассислар жалб қилинди ҳамда 300 дан ортиқ ёш авлоднинг иштироки таъминланди.
Жорий йилнинг 3-чорагида 10 дан орқтиқ Олий таълим муассасаларида «Фрилансерлик – бу келажак касби» мавзусида форумларни ўтказиш ва талаба ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларга қўшимча даромад манбаларини топишга кўмаклашиш режалаштирилган.
Фрилансер сифатида фаолият олиб боришда аҳамият бериш керак бўлган муҳим маълумотлар:
Дастурчи, дизайнер, таржимон, бухгалтер, SMM мутахассис, copywriter, онлайн-консултант, аудио ва видео таҳрирчи, маълумотлар киритиш ва бошқа масофадан туриб ишлаш имконига эга соҳа вакиллари фрилансер бўла оладилар. Upwork, fiverr, envato, toptal, freelancer.com, kwork, fl.ru, 99designs, jooble, flexjobs, simplyhired, guru, behance, peopleperhour ва бошқа платформаларда фрилансерлик фаолиятини юритиш мумкин.
Фрилансерлик платформалари Payoneer, Qiwi, Webmoney ва бошқа тўлов тизимлари билан ишлайди. Бундан ташқари, фрилансер платформалари Paypal, Skrill, Tellnet ammo тўлов тизимлари билан ишлайди, ушбу тўлов тизимлари орқали Ўзбекистонда пул ечиб олиш мавжуд эмас, лекин халқаро онлайн харид ва тўловларни амалга ошириш мумкун. Фрилансерлик фаолияти орқали ишлаб топилган пулларни Payoneer, Wire transfer, Qiwi, Webmoney тўлов тизимлари орқали ечиб олишлари мумкин.
Фрилансер иш асбобларини ўзи сотиб олади ва кафеда, ижарага олинган офисда, уйда ёки пляжда ишлаши мумкун. Интернетга уланган компьютер ёки мобиль телефон бўлиши лозим.
Севимли машғулотдан пул ишлаб фрилансер бўлиш мумкин. Инсон ўзига ёқадиган ва амалга ошира оладиган иш билан машғул бўлиш орқали қўшимча даромад топиш имконига эга бўлади.
Асосий ишни ташлаб, фрилансерликка ўтишдан олдин бозорни ўрганиш ва тегишли буюртмалар билан сайтлар ёки хизматларни топиш лозим.
Инсон вақтини ўзи ташкил қилади ва бевосита мижозлар билан ишлайди, шунинг учун бизнес муваффақияти фақат ўзига боғлиқ бўлади.
Буюртмачи фриланснинг вазифани тўғри ва аниқ тушунганлиги бўйича қизиқади. Шунинг учун у техник топшириқни шакллантиради, бу сўровнинг моҳиятини тушунтиради. Кўп ҳолларда фрилансер натижа керак бўлганда қидирилади, шунинг учун кўрсатилган муддатларга эътибор бериш лозим.
Фрилансер ишончи комил бўлмаган йирик лойиҳалар ёки мураккаб буюртмаларни қабул қилмагани ва имкониятларни олдиндан баҳолашга ҳаракат қилгани маъқул. Мисол учун, агар вазифа фрилансерда мавжуд бўлмаган қўшимча ускуналар ёки кучларни талаб қилган тақдирда, бу натижага қандай таъсир қилишини ўйлаб кўриш лозим.
Фрилансер хоҳлаганча кўп топшириқларни олиши мумкин, лекин ўз ишини ўз вақтида топширишни унутмаслик даркор. Тиришқоқ ва топшириқ муддатига амал қиладиган фрилансерлар бозорда қадрланади. Муддатларни баъзан «дедлайн» деб аташади, бу инглиз тилида «deadline» сўзи бўлиб, охирги сана деган маънони билдиради.
Фрилансда бўшлиқ ва қатъий иш жадвали бўлмайди. Фрилансинг эркинлик беради, лекин жуда кўп маъсулият ва ўз-ўзини ташкил қилишни талаб қилади. Ҳеч нарсани унутмаслик ва ишни режалаштириш учун телефондаги тақвим ёки шунчаки блокнотдан фойдаланиш лозим. Ухлашни ва дам олишни хам унутмаслик даркор.
Буюртмачини топишда фрилансер ўзининг мақсадли аудиториясини аниқлаб олиши керак. Булар мактаб ўқувчиларининг ота-оналари, бизнес эгалари, уй бекалари ва бошқалар бўлиши мумкин. Улар ижрочиларни турли жойлардан қидирадилар, лекин умумий платформалардан бўлган – upwork.com, fiverr.ru, kwork.ru ва турли хил платформалар мавжуд.
«Фриланс топиш» ёки аниқ соҳа «бухгалтер топиш» сўзи билан махсус сайтлар (баъзан «биржа» деб номланади)даги сўров орқали буюртмаларни топиш ва танлаш мумкин. Буюртмачи буюртмасини танлаган ижрочиларни ўз хоҳишига кўра саралаб олади. Фриланс ижрочини буюртмачи танлаши учун унинг рейтинги баланд ва ижобий изоҳларга бой бўлиши лозим. Ушбу натижага эришиш ва мижозларнинг ишончини қозониш учун бироз вақт талаб қилинади. Бунинг учун фриланс ўз ижод ва интилишидан тўхтамаслиги лозим.
Фриланс интернетда контекстли рекламани ишга тушириши мумкин. Иш фаолиятидаги намуналар ва маълумотларини кичик промо-саҳифани яратиши ва мижозлар шу реклама орқали унинг саҳифасига йўл олиши мумкин.
Фрилансерлар Давлат солиқ қўмитасига шахсан ташриф буюрган ҳолда, «SoliqUz» мобил иловаси ёки ЯИДХП (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали онлайн тарзда ариза топширишлари мумкин. Ўз-ўзини банд қилган шахслар тўғрисидаги барча маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.12.2020 йилдаги 806-қарорида тўлиқ танишиб чиқиш мумкин.
Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлар сингари бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисобот юбориш ёки солиқ декларациясини топширишлари шарт эмас. Даромад ва харажатларни ихтиёрий равишда SoliqUz иловасида тўғридан-тўғри кузатиб бориш мумкин.
Дилшод Сагатов,
Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази давлат муассасаси бўлим бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter