Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суд ишларини қоғоз шаклида юритишдан воз кечилади

Суд ишларини қоғоз шаклида юритишдан воз кечилади

Давлатимиз раҳбари томонидан 27 февраль куни ўтказилган йиғилишда билдирилган фикрлар, қўйилган вазифаларнинг бари халқимиз манфаатларига қаратилган, десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, суд биноларида аҳоли учун зарур шароит яратиш, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш мақсадида "Рақамли суд" концепциясининг амалга оширилиши халқимиз кўнглидан жой олишига шубҳа йўқ.

Судларнинг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш учун улкан қадам қўйилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда суд ишларини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш ва қулайликларни ошириш бўйича муҳим ташаббуслар белгиланди. 

Энди суд муҳокамасининг тахминий натижасини олдиндан билиш ва ҳатто жарималарни ҳам онлайн тарзда кузатиш мумкин. 

Шунингдек, «Рақамли суд» концепцияси асосида барча ҳужжатлар электрон шаклга ўтказилади, суд ишлари сунъий интеллект ёрдамида тезкорлик билан тақсимланади.

Бу тизим фуқаролар ва тадбиркорлар учун адолатни таъминлашда қулай имконият яратади.

Шу мақсадда Олий суд ҳузурида "Ахборот технологиялари маркази" ташкил этилади. Ушбу марказ судларга зарур ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни яратиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Ушбу марказнинг ташкил этилиши судлар ўртасида электрон маълумотлар алмашишни йўлга қўйиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларини судлар билан самарали боғлашга хизмат қилади.

Президент судлар ва барча алоқадор ташкилотларнинг ахборот тизимлари интеграциясини таъминлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, масофавий ҳуқуқий ёрдам, жарималарни онлайн кузатиш ва тўлаш имкониятлари фуқаролар учун катта қулайлик яратади, давлат ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қолаверса, суд тизимининг рақамлаштирилиши барча ташкилотлар ва фуқаролар ўртасида самарали маълумот алмашишни таъминлайди.

Тадбиркорлик, инвестиция ва инфратузилма каби соҳаларда ҳам қонунлар ва тартиботлар янада осонлаштирилади. Бу эса иқтисодиётни ривожлантиришга ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради.

Тадбиркорлар ва судлар ўртасида электрон маълумот алмашиш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Янги ислоҳотларнинг бари судларни халқчил, тезкор ва шаффоф қилишга қаратилган.

Сўнгги йилларда судлар иш фаолиятининг рақамлаштирилиши халқимизнинг бу тизимга бўлган ишончини янада оширди.

Суд муҳокамаларида видеоконференсалоқадан фойдаланиш орқали фуқароларнинг 31 млрд, суд ва ички ишлар органларининг эса 130 млрд. сўм маблағлари тежалган.

Шу ўринда 3000 дан ортиқ кибер ҳужумларнинг олди олинди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда судга ариза бериш, суд ишининг ҳолатини кузатиш, суд ҳужжатларидан электрон нусха олиш каби 14 та хизмат рақамлашган. 

Натижада, шу вақтгача 17 миллионга яқин суд иши ахборот тизимлари орқали юритилиб, 15,5 миллионта иш судьяларга инсон омилисиз тақсимланган.

Бу дегани, шунча одам таниш билишсиз ва пульсиз қонун доирасида ўз ҳуқуқларини судда ҳимоя қила олган.

Хуллас, судларнинг рақамлаштирилиши нафақат фаолиятнинг самарадорлигини ошириш, балки аҳолига кўпроқ шаффоф ва аниқ хизмат кўрсатиш имконини беради.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун виртуал маслаҳатчи ҳам яратилади.

Бугунги глобаллашув даврида судлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий қилиш орқали кўплаб янгиликлар қилиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, бундай янгиликларнинг жорий қилиниши миллий суд тизимимизни замонавий стандартларга мослаштириш, аниқ вақт режимида ишларни самарали кўриб ҳал этиш, энг муҳими, инсон ҳуқуқлари таъминланадиган, том маънодаги, адолат уйига айланишига замин яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг