Вазир фарғоналик фрилансерлар билан ёшларнинг даромадларини ошириш имкониятлари ҳақида фикр алмашди
Давлатимиз Раҳбарининг 30 июн – Ёшлар куни муносабати билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Фрилансерларга қўшимча имкониятлар яратиш, экспорт қилаётган ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериш бўйича топшириқлар берилган эди.
Шу мақсадда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган “CoHub-Coworking” марказида вилоятда масофадан туриб чет эл компанияларида ишловчи дастурчилар ва ёш фрилансерлар билан учрашди.
Учрашувда Вазир 30 га яқин фрилансер ва дастурчи ёшлар билан очиқ мулоқот қилди ва уларнинг фаолиятлари ҳамда амалга ошираётган лойиҳалари билан яқиндан танишди.
Бош офиси Швейцарияда жойлашган компанияда масофадан ишловчи Жафар Абдумажидов вазир билан мулоқот қилиб, ҳозирги кунда компаниянинг Ўзбекистонда филиали мавжудлиги ва IT Park резидентлигини олганлиги ҳақида тўхталиб ўтди, шунингдек, компания учун яна кўплаб мутахассислар кераклиги ва кўпчилик ёшлар инглиз тили кўникмаларини ривожлантиришлари зарурлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Бундан ташқари, UI/UX соҳасида фаолият олиб бораётган Иззатилло Расулжонов, мобил иловалар ишлаб чиқиш йўналишида Ҳикматилло Мадалиев, Оятилло Авазхонов, Муртазохон Мирзолимова каби чет элга экспорт хизматларини кўрсатиб келаётган дастурчи ва фрилансерлар билан фикр алмашилди.
Шунингдек, “AL-Focus Tech” компанияси асосчиси дастурчи сифатида катта тажрибага эга Муҳаммадқодир Абдувоитов суҳбатлашилди.
Муҳаммадқодир шу кунга қадар инсонларнинг муаммоларини ҳал қилувчи 10 га яқин дастурлар ва стартап лойиҳалар муаллифи, 5 дан ортиқ халқаро стартап лойиҳалар танловларида ўзининг лойиҳалари билан иштирок этиб, турли номинациялар ғолиби бўлган.
Унинг кўзи ожиз инсонлар учун яратган “Braille Recognition” лойиҳасини Давлатимиз раҳбари ҳам эътироф этган ва бугунги кунда ушбу лойиҳанинг умумий фойдаланувчилари 50 мингдан зиёдни ташкил қилмоқда.
Вазир томонидан дастурчи ва фрилансер ёшларга шогирдларни кўпайтириш орқали ушбу йўналишлардаги фаолиятларини янада кенгайтиришлари ва даромадларини оширишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди ва барча ёшларга келгусидаги фаолиятларига омад тилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter