Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

IT Park IT-аутсорсингни ривожлантириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилади

IT Park IT-аутсорсингни ривожлантириш учун хорижий мутахассисларни жалб қилади

Фото: Digital.uz

Шотландиянинг Глазго шаҳрида IT соҳасининг BPO йўналишига бағишланган ихтисослаштирилган CX AUTSOURCERS конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда IT Park Uzbekistan делегацияси ҳам иштирок этди.

CX AUTSOURCERS конференцияси IT-аутсорсинг соҳасидаги етакчи компаниялар билан учрашувлар ва ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш имконияти учун ўзига хос майдон вазифасини бажарди.

IT Park вакиллари тадбир доирасида компаниялар ва консалтинг агентликлари билан учрашувлар ўтказди. Уларда ташкилот фаолияти, Ўзбекистонда бизнес жараёнлари аутсорсинги билан шуғулланмоқчи бўлган компаниялар учун қандай афзалликлар мавжудлиги ҳақида маълумот берилди.

Канаданинг Ryan Strategic Advisory консалтинг агентлиги асосчиси Питер Раян билан музокаралар давомида томонлар унинг маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш ва хорижий BPO компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича маслаҳатчи бўлишига келишиб олдилар.

АҚШнинг тадқиқот, консалтинг ва технологияларни стратегик ривожлантириш ҳамда BPO йўналишига ихтисослашган TrendzOwl консалтинг агентлиги асосчиси Стивен Лойнд билан учрашув чоғида Ўзбекистонда BPO йўналишини ривожлантиришга кўмак берадиган консалтинг хизматлари соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

Делегация аъзолари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ваколатхоналарига эга Sigma Connected (Буюк Британия) BPO компанияси билан ҳам учрашди. Хорижлик ҳамкасбларга Ўзбекистонда махсус ваколатларга эга бўлиш усули ҳамда компанияларга мамлакатда имтиёз ва кўмак қай тарзда берилиши ҳақида сўзлаб берилди.

Шунингдек, конференция давомида делегация аъзолари Covalen Solutions, VCosmos ва Callzilla компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Callzilla раҳбари Ўзбекистонда Microsoft маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда BPO фаолиятини ташкил этиш имкониятларига қизиқиш билдирди.

Компания келажакда кенгайиш имконияти билан Microsoft маҳсулотларини қўллаб-қувватлаш жамоаси учун дастлаб 25 кишини ёллашни режалаштирмоқда. Келгусида томонлар Callzilla компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш йўллари ҳамда бунда IT Park томонидан бериладиган кўмак ва рағбат масалаларини муҳокама қиладилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг