Ахборий таҳдид
Ўғрилар, қароқчилар, безорилар, йўл тўсарлар... Бундай кимсалар ва уларнинг уюшган гуруҳлари ҳамма замон ва маконларда бўлган. Афсуски, ҳозирги кунимизда ҳам уларни учратиш табиий ҳол бўлиб қолди. Фақат бироз бошқача шаклда. Тўғрироғи, бошқа қиёфада.
Ишончсиз ахборот қурбони бўлишдан огоҳлантирилган чақириқлар кўп янграяпти. Аммо жамиятдаги ҳолат ўзгардими ёки муаммо янада чуқурлашиб кетдими? Бу саволга бир нафасда жавоб бериш қийин. “Телеграм” мессенжеридан келаётган айрим хабарлардан кимнингдир шунчаки кайфияти бузилса, кимдир стрессга тушиб қолиши муболаға эмас.
Ҳа, бир чаласавод томонидан ёзилган матн кўплаб инсонларни руҳан жароҳатлаб олгач, ўз ноғорасига ўйнатмоқда. Чунки уларда шу даражада кучли таҳдид борки, инсон онгини маҳв этиш жиҳатидан “Бор пулингни чиқар” деб пичоқ ўқталувчи кўча безорининг қилмишидан фарқи йўқ.
Хабарлардан бирини ўқиб кўринг-а: “Бу бир қизнинг илтмоси. Мен 13 ёшдаман. Оғир дардга йўлиқдим. Шифокорлар даво топа олмади. Кўзимда ёш билан Пайғамбарларимиз набираси Зайнабнинг қабрига зиёратга бордим. У ерда ухлаб қолибман, тушимга Зайнаб кирди ва оғзимга сув томизиб, Аллоҳнинг рухсати билан тузаласан деди. Бошимдан ўтган бу ҳодисани халққа тарқатишимни сўради. Мен ёзиб тарқатдим. Бир бой инсонга бердим, ишонмади, 13 кунда боридан айрилди. Ночорга бердим, ишонди, 13 кунда иши юришди. Бунга ишонганлар қувончга, ишонмаганлар дардга тўлди! Бу ёзувни ўқиган инсон 13 кишига тарқатсин ва истаги 13 кунда ижобат бўлади, агар назарига илмаса фалокатга йўлиқиши мумкин! Аллоҳнинг раҳмати ва барокати сизларга бўлсин! Онам узоқ яшасин десангиз, онангиз учун эринманг. Шу ойда яхши кўрган инсонингиз билан бирга бўласиз. Бугун ярим тунда у сизни яхши кўришини тушуниб етади. Эртага сиз билан боғлиқ яхшилик бўлади. Бу синалган. Тунги 3 ларда сизга кимдир қўнғироқ қилади. Лекин бу занжирни узсангиз, бахтингизни 10 йилга йўқотасиз”.
Буни менга жўнатган қиз “Узр, бу менинг айбим эмас. Менга ҳам бу хабарни жўнатишди. Онам учун мажбурман”, дея қўшимча қилибди. Демак, у ҳам ахборий таҳдид қурбонларидан бири. Надоматки, бу найрангга ишониб қўяқолган ва улар башорат қилаётган балога йўлиқмаслик учун хабарни тарқатишга тушади. Албатта, матнни яхшилаб ўқиб чиққан одам, бу ишонишга арзимайдиган нарса эканлигини англайди.
Биринчидан, имловий хатолари кўп, иккинчидан гапларида мантиқ йўқ. “Пайғамбарларимиз набираси” деганда нимани тушуниш мумкин? Қайси пайғамбар? Буни ёзаётган одам нечта динга мансублиги-ю, нечта пайғамбарга эргашувчи эканлигинини ўзидан сўраш керак шекилли. Зайнабнинг қабрини қаердан топганига ҳам ҳайронсиз. Шифокорлар давололмаган қиз қабристонга бориб, у ерда бемалол ухлаб ҳам қоларкан-да?!
Матннинг шу қисмигача ёлғон-яшиқ бўлса, энди очиқчасига қўрқитишга ўтилади. Бой одам ишонмай, боридан айрилганмуш. Демак бу гапга ишонишингиз шарт! Ишонишга мажбурсиз! Тағин сиз ҳам бор-будингиздан айрилиб қолманг! Камбағал ишониб иши юришганини ўқигач, сизда сароб умид уйғонади. Дунёга машҳур магнатлардан сўраб кўрамиз, улар ҳам ўтирган жойида шундай сафсаталарни тарқатиб, пулдор бўлиб кетишганмикин? Бой бўлиш учун ақл ва меҳнат шарт эмас экан-ку, мана, сири ёзилибди.
“Бунга ишонганлар қувончга, ишонмаганлар дардга тўлди” дея чиқарилган нўноқ ҳукм кимларнингдир ақлини шошириб, тўғрироғи ақлидан айириб, ёлғон хабарни кўпроқ тарқатишга ундамоқда. Ҳар ким ўз электрон саҳифасини ўзи тасарруф этишга ҳақли, келган хабарни хоҳласа ўчириб ташлайди, хоҳласа ҳар куни ўқийди. Бу қўрқитувли шартлар нима дегани? Дағдаға ёхуд тазйиқнинг виртуал шаклими? “Назарига илмаса, фалокатга учрайди” деб таҳдид қилишга кимнинг қандай ҳақи бор? “Онам узоқ яшасин десангиз...” гапи (шарти) ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бу хабарни ўқиган одамнинг онасида нима айб? Айби боласига “Интернетда қандай хабар келса ўйлаб ўтирмай тарқатавер” деб ўргатмаганими? 13 кишига тарқатса, 13 кунда яхшилик келармиш, тунги соат 3 да телефон бўлармиш. Бундай аниқ-тиниқ сценарийни ёзаётган ким? 13 кундан кейинги ҳаётни башорат қилаётган бу “авлиё” 13 сониядан кейин ўзи бу ҳаётда бор ёки йўқ бўлиши мавхумлигини билармикин? Унинг найрангига учмай, хабарга эътиборсизлик қилса бахтини 10 йилга йўқотармиш. Мана сизга берилаётган навбатдаги “кафолат”. Бундай гаплардан кейин аниқки унинг буйруғини бажо келтирасиз.
Шундай бемаъни хабарлардан яна бири: “Кимки бу хабарни 25 кишига юборса 3 кун ичида мукофотланади. Бир инсон буни амалда бажариб иш жойида кўтарилибди, Яна бир инсон бунга ишонмабди, севгани бундан зарар кўрибди, яна бири бу ишни эртага қиламан дебди ва бу ишни бажара олмас ҳолга тушибди, Аллоҳнинг исми зикр қилиняпти тилагинг амалга ошиши учун бўлмаса ҳам инсонларни иймонга чақирган ҳолда ва бошингизга кулфат, балолар келмаслиги учун баҳам кўринг. Ўқимасдан олдин ичингиздан ўтаётган жудаям муҳим ниятингизни уч марта қайтаринг ва пастдаги дуони ўқинг...”.
Алҳазар, демак, уларнинг иддаоларича бу ёзишмаларга шунчалик катта ихлос билан қарашимиз керак эканки, хатто “Эртага жўнатарман” деб эриниш ҳам фалокатни нақдлаб қўяркан. Булар “Аллоҳ”, “Пайғамбар” деб ўзларини художўй қилиб кўрсатади-ю, нега 3 кун у ёқда турсин 3 сониядан кейинги он ҳам ёлғиз Аллоҳнинг изнида эканини унутиб, ўзича ваъдалар беради? Бундай ғоя инсонларга дуо ўргатиш, диний билим беришга эмас, аксинча диний қарашларини пасайтиришга олиб келади. Чунки исломий дуо ва маълумотларни тарқатиш орқасидан келадиган яхшиликни кутади, шу вақт ичида тасодифан ҳаётида бир хурсандчилик бўлса хўп-хўп, мабодо ҳеч қандай ўзгариш сезилмаса, ўша дуонинг кучига ишончи, динга ихлоси қайтади, ҳафсаласи пир бўлади. Бу ишларнинг бошида турган одамларнинг ҳам нияти шу: ишончни сўндириш орқали диний ихлосни пасайтириш. Афсуски улар кўп ҳолларда мақсадларига етмоқдалар. Чунки одамларнинг ўзи тайёр ўлжа бўлмоқда.
Бир қанча вақт олдин ўсмирлар орасида тарқалган “Кўк кит” виртуал ўйини ўз таҳдидлари билан қанчадан қанча ёшларнинг умрига зомин бўлганди. Қаранг, бу хабарларда ҳам онг остига таъсир қилиш орқали ошкора зўравонлик турибди: “Хабарни тарқат, йўқса бахтсизликка учрайсан”. Уларни йўқ қилишнинг энг осон йўли эса ишонмасликдир. Сизга йўлланган хабарни ақл элагингиздан ўтказинг, тўкилмай қолган қисмини тарқатасиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter