Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Иккинчи бор шарманда бўлмаслик учун 10 миллион сўм?!

Иккинчи бор шарманда бўлмаслик учун 10 миллион сўм?!

Фото: Иллюстратив фото

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи 20 яшар қиз Ш.А. ички ишларга арз қилди. Айтишича, номаълум шахс унга қўнғироқ орқали таҳдид қилган.

Текширувлардан сўнг бу айни туманда яшовчи 22 ёшли йигит Б.Ҳ.нинг қилмиши эканлиги аниқланди. Йигитнинг қўлида қизнинг бошқаларга кўрсатиб бўлмайдиган беҳаё фото ва видеотасвирлари бўлган... Уларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормаслик учун у қиздан 10 миллион сўм талаб қилган. Тезкор тадбирлар давомида Б.Ҳ. келишилган пулларни олаётган вақтда қўлга олинди.

Қўлга олинган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноий иши қўзғатилган. Қонунда бундай жиноий ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Қизиқ, 20 яшар қизнинг шахсий маълумотлари, боз устига кўздан нари бўлиши керак бўлган уятсиз фото ва видеолари қандай қилиб бегонанинг қўлига тушиб қолди? Нега у бундай тасвирларга тушиш, уларни сақлаш ва жўнатишни ўзига эп кўрди? Ахир оқибатда бир фирибгарнинг тузоғига илинди-ку.

Қилмиш — қидирмиш. Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Номақбуллик, шармандалик, барибир, кун келиб очилади. Кўпроқ бош деворга бориб текканида ошкор бўлиб қолади. Ҳозирги вазиятда ҳам худди шундай бўлган. Фирибгарликни тафтиш этиш номақбул ҳаракатни ҳам очиқлаб қўйган.

Бундан олдин ҳам шунга ўхшаш воқеа ҳақида хабар берган эдик. Бир эркак ўзини аёл сифатида таништириб, пул эвазига интим хизмат таклиф қилган. Олдиндан картасига 500 минг сўм пул ўтказдириб олгач, ғойиб бўлган. Сўнг “мижоз” ҳавога совурилган пулларини қайтариш илинжида ички ишларга мурожаат қиляпти. Албатта, жиноятчи қилмишига яраша жавоб олади. Аммо унга шароит яратиб берган, дуч келган аёл билан алоқа қилиш иштиёқидаги эркакнинг иши ҳам бузуқликдан бошқа нарса эмас.

Назаримизда, бундай жиноятлар аниқлангач, фирибгарга қонуний жазо тайинланиши билан бир қаторда унинг қопқонига илинганлар билан ҳам ахлоқий тузатиш, тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Ҳар ким ўзига тўғри бўлса, қўшнисини ўғри тутиб юрмайди.

Уят — ўлимдан қаттиқ. Бир марта шармандаликдан руҳан ўлган одам иккинчи бор шарманда бўлмаслик учун пул тикиб юриши икки карра уятга қолишдир. Маънавий бўшлиқ мана шундай муаммоларни ясашидан ота-оналар тарбия бўйича тегишли сабоқ чиқаришлари учун етарлидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг