Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар қандай эҳсоннинг ҳам тўлови бор — Ҳиндистонда 5G ҳамдемай пулли бўлади

Ҳар қандай эҳсоннинг ҳам тўлови бор — Ҳиндистонда 5G ҳамдемай пулли бўлади

Фото: The New Indian Express

Ҳиндистон мобил алоқа операторларининг “Бепул 5G — ҳаммага ва ҳар кимга” беқиёс акцияси мантиқий якунига тобора яқинлашмоқда. 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бешинчи авлод тармоқлари тарифлари LTE (4G)-тарифларга нисбатан 5-10 фоизга қимматлашади, дейишмоқда таҳлилчилар.

Умуман олганда, бошқа мобил алоқа хизматларининг нархлари ҳам камида 20 фоиз қимматлашиши кутиляпти. Аслида шунга қараб кетаётганди — Ҳиндистон телеком-хизматлар қиймати энг арзон мамлакатлардан бири, аммо операторларнинг харажатлари бунинг ғирт акси. Мамлакатда йиллик инфляция 5,5-6 фоиз даражасида сақланиб турибди.

2022 йил октябридан кимошдида 5G частоталарни сотиб олиш ва тармоқларни қуришга операторлар анчагина маблағ сарфлашларига тўғри келди. Масалан, бозор карвонбошиси Jio бешинчи авлод тармоқларини ривожлантиришга 25 млрд АҚШ доллари сарфлашга ваъда берган, шундан 10,6 млрдни 5G-спектрни сотиб олишга тўлади. Иккинчи йирик оператор — Airtel спектр харидига икки ҳисса кам — $5,2 млрд сарфлади, тармоқни қуришга уч йил (2023–2025) давомида $9 млрд ишлатади.

Ҳинд операторлари анчадан буён янги мобил хизматларни монетизация қилишмаётганди. Мижозларни бешинчи авлодга кўчириш ва янги абонентлар орттириш пайида бўлган Jio ва Airtel фойдаланувчиларга LTE-тарифларда бепул 5G-трафик тақдим этиб келишаётганди. “Бешинчи авлодга ўтиш то оммалашмагунича бу хизматлар учун пул олмаймиз”, — дея ваъда беришганди операторлар. Ва ўша кунлар яқин қолди. Ҳиндистонда 5G-абонентлар сони ҳозир 125 млн нафар, 2024 йил якунида 200 млнга етади — оммалашиш бўлса шунақа бўлади-да, ҳисоб-китоб фурсати етди.

Таъкидлаш керакки, 5Gдан фойдаланиш имконияти — Ҳиндистондаги бой ва камбағал қатламни жарлик мисоли ажратиб турибди — бешинчи авлод хизматларидан тахминан 300 млн киши фойдаланиши мумкин, 1 миллиарддан ортиқ аҳоли “ўйиндан ташқарида”. Бой тоифа дейилаётганлар кунига 1 доллардан ортиқ топувчилар — мобил хизматлар харажатлари 3 доллардан 5 долларгача, ҳатто $10 долларгача ошиши ёки бўлмаса, бинойидай 5G-смартфон сотиб олиш уларга муаммо эмас. Ҳиндистонда бешинчи авлод мобил алоқа тармоғидан фойдаланишга ўтиш рақамлаштиришни кучайтиришга эмас, аксинча, жамиятдаги ижтимоий тоифаланишнинг янада яққол нишонасига айланиши, рақамли тенгсизлик муаммосини бундан-да чуқурлаштириши мумкин.

Бу борадаги ечимлардан бирини давлатга қарашли BSNL (Bharat Sanchar Nigam Limited) ҳал этиши мумкин — корхонаси келгуси йили 5Gни ишга туширмоқчи. Яхши, бироқ шубҳали ташаббус. Рақамли тенгсизлик муаммосини ҳал қилишдан олдин камбағаллик ва қашшоқликка барҳам бериш керак. BSNL ташаббуси аҳолининг кам таъминланган қатламларини қамраб олса ҳам катта гап.

Шу ўринда эътиборингизни яна бир Осиё мамлакати — Малайзияга қаратамиз: бу ернинг ҳукумати ваъда беришича, операторлар 5G-хизматлар учун фойдаланувчилардан қўшимча тўлов олмайди. Аммо у ерда вазият тамомила бошқача. Биринчидан, 5Gдан фойдаланувчилар сони ҳозирча жуда оз, токи бу кўрсаткич муайян чўққига чиқмас экан, нархларни ошириш ҳақида гапиришга эрта. Иккинчидан, бу мамлакатда ARPU (оператор бир фойдаланувчидан оладиган ўртача даромад) 2022 йилда 10 долларга етди, яъни Ҳиндистонга нисбатан бир неча баробар юқори.

Энг асосий ва муҳим жиҳат, 5G Малайзияда — монополия, бўлганда ҳам давлатники. Бу муаммони олдинги ҳукумат яратиб, кейинги ҳукуматга мерос қолдирган. Ҳозир бешинчи авлод хизматлари DNB — ягона инфратузилма оператори орқали тижорий операторлар томонидан тақдим этиляпти. Монополия шароитида нархларнинг оширилишини асослаб бериш деярли иложсиз масала, халқнинг ғазабига учраш, сиёсатчиларнинг рейтинглари пасайиб кетиши мумкин. Малайзияда 5G-тармоқларнинг қурилиши жиддий коррупцион ва операторлар ўртасидаги можаролар билан ҳам эсда қолган, шундай экан нархларни ошириш ҳозирча ёпиқ масала. Ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳукумат фаол қураётган иккинчи 5G-тармоқ қурилиши битгунига қадар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг