Блогер фаолияти бачканаликка асосланмаслиги керак
Ҳар йили 14 июн интернет ҳамжамиятида “Халқаро блогерлар куни” сифатида нишонланади.
Бу ғоя 2004 йилда туғилган. Бир вақтнинг ўзида 40 дан ортиқ мамлакатдан 500 киши бирлашиб, бутун дунё бўйлаб тармоқ блогерлари ўз кунларига эга бўлиши кераклигини илгари суришган.
“Халқаро блогерлар куни” билан бир қаторда, дунё бўйлаб ҳар йили 31 августда “Блог куни” ҳам нишонланади.
Блогер — ўз интернет кундалигини мустақил юритувчи, у ерда ўз ҳаётида содир бўлган воқеалар ҳақида мунтазам хабар бериб турувчи, фотосуратлар билан ўртоқлашувчи, ўз фикрларини билдирувчи ва долзарб муаммолар юзасидан бошқалар фикрини тўпловчи шахс.
Гап шундаки, ҳар бир блогернинг фаолиятида мантиқ ва мазмун устун бўлгани маъқул. Агар унинг оммага ҳавола этадиган маҳсулоти бачканалик ва бемаъниликка асосланган, аудиторияда фақат кулги уйғотадиган бўлса, блогерликнинг аҳамияти тушиб бораверади. Тан олиш керак, бемаза видео ва постлари билан ўз обуначиларини кўпайтираётган, бунинг ортидан мўмай даромад орттираётган блогерлар ҳам йўқ эмас. Бачканаликнинг умри қисқа — жамоатчилик вақтинча алдангани билан, кун келиб, сифатли контентни сифатсизидан ажратиб олади.
Қанийди, блогерлар ўзларининг аудиторияни жалб этиш имкониятларидан оқилона фойдаланишса, одамларнинг фикрини тўғри шакллантиришса, уларнинг онгини ўстиришга кўмаклашишса. Уларга эргашаётганларнинг диди фақат ва фақат ўткирлашиб борса.
Албатта, бунда интернет фойдаланувчиларига ҳам кўп нарса боғлиқ. Агар маза-матрасиз каналларга шунчаки кўнгилхушлик учун аъзо бўлиб қўйишмаса, уларни кузатувчилар сафига қўшилишмаса, бачкана блогерлар ўз баҳосини англаши осонлашади. Бордию атрофида қарсакбозлар ортиб бораверса, ўша тутуруқсиз қилиқларини кўпайтириш пайига тушади.
Тан олиш керакки, блогерлар журналистлардан кўра анча эркин. Лекин буни суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик, керак жойда назоратни ишга солиш даркор. Масалан, йўл-йўлакай видеоконтент яратадиган блогерларнинг аксарияти машина бошқараётиб ўзларини видеога оладилар. Ёки ёш болани олд ўриндиққа ўтқазиш, меъёрдан ортиқ йўловчи ташиш, тезликни ошириш каби йўл ҳаракати қоидаларига зид ҳолатларни келтириб чиқарадилар.
Ва албатта, фойдали контентлар тайёрловчи, кенг жамоатчиликка ўрнак бўларли ва керакли маслаҳатлар тақдим этадиган, жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга дадил муносабат билдирадиган блогерлар ҳам талайгина. Бугунги байрамнинг ҳам асл эгаси шулар аслида. Барчангизга байрам муборак бўлсин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter