Барқарор ривожланиш учун инклюзив ва барқарор рақамли келажакни қуриш сиёсатининг истиқболлари
"Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси"да Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар ҳамда бошқа муҳим манфаатдор томонлар рақамли инклюзия ва трансформация минтақада барқарор ривожланишининг қандай боришини муҳокама қилишди.
Шунингдек, унда барқарор ривожланиш йўлида рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур бўлган минтақавий ҳамкорлик режаси ҳам кўриб чиқилди.
Айтиш жоизки, вазирлар конференцияси рақамли тафовутни бартараф этиш, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли уланишни кучайтириш, рақамли хавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов мазкур конференция доирасида “Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал амалга ошириш учун инклюзив ва барқарор рақамли келажакни қуриш сиёсатининг истиқболлари“ мавзусидаги панель сессиясида ўз нутқи билан иштирок этди.
Вазир нутқи давомида тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, Ўзбекистоннинг рақамли келажаги ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлар ва ташаббуслар билан ўртоқлашди.
Шунингдек, вазир мамлакатимизда рақамли технологияларнинг иқтисодий ўсиши ижтимоий инклюзивлик ва экологик барқарорлик учун кучли восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Вазир фуқароларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг яшаш тарзини енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган Давлат хизматлари портали бюрократик жараёнларни соддалаштириш билан бирга самарадорлик ва шаффофликни ошираётганини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Рақамли давлат хизматларини кўрсатишда инклюзивликни ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани қўшимча қилинди.
Ўз навбатида, маҳаллий ва халқаро IТ компанияларни жалб қилиш, ёшлар ва аёлларни фаол иш билан таъминловчи технологик экотизимни ривожлантириш мақсадида солиқ имтиёзлари тақдим этилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, конференция иштирокчиларини жорий йилнинг 17-20 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган "ICTWeek – 2024" АКТ ҳафталигига таклиф этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter