Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2023 йилдаги хорижий тенденциялар (видео)

Йил якунларини сарҳисоблашда давом этамиз ва технологиялар оламидаги энг муҳим воқеаларга тўхталамиз. Тенденциялар, ҳодисалар, шов-шувли воқеалар, янгиликлар — хўш, 2023 йил нимаси билан бизнинг эсимизда қолди?

Асосий тенденция — катта тил моделлари

Генератив нейротармоқ — трансформерлар ёки GPTлар 2023 йилнинг энг қизиқарли технологик воқеаларидан бирига айланди. Агар 2023 йилгача сунъий интеллект ва нейротармоқларга қизиқиш нисбатан бир маромда кечган бўлса, 2022 йил охиридан 2023 йил бошигача сунъий интеллект чин маънода портлаш эффектини намоён этди. Бу глобал статистикада ҳам кўринади (сунъий интеллект, шунингдек, генератив сўров, айниқса генератив АI моделларига қизиқиш тинмай ортиб бормоқда).

2023 йилда сунъий интеллект ривожланган энг кўзга кўринган ва муҳим соҳалардан бири катта тил моделлари — LLMлар эди. Хусусан, 2023 йилда OpenAI компанияси GPT-4 Turbo, унинг асосий рақобатчиси Google компанияси Bardни тақдим этди.

2023 йилда асосий технологик тенденциялар дунёнинг янги манзарасини яратиш учун маданий ва геосиёсий динамика билан ўзаро боғланади. Генератив АI таъсири барча соҳаларга — саноатдан тортиб, ижтимоий-маданий жараёнларгача кириб борди.

Шунинг баробарида, глобал зиддиятларнинг кучайиши киберхавфсизликнинг аҳамиятини ҳар қачонгидан оширди. Корпоратив гигантларнинг устунлиги ҳақидаги хавотирларнинг кучайиши эса давлат органларини монополияга қарши фаолиятни тартибга солишга ва йирик корпоратив операцияларни кузатишга ундамоқда.

Google тақдим этган RT-2 модели

Google DeepMind робототехника учун RT-2 моделини намойиш этди. У Трансформерс архитектурасига асосланган ва илгари робототехника билан боғлиқ бўлган ҳамма нарсани бутунлай ўзгартиради. Ушбу моделдан фойдаланиб, роботларга нафақат ҳаракат қилиш, балки фикр юритиш, уларнинг ҳаракатлари ва маъносини билиш қобилияти ҳам берилиши мумкин.

Сэм Алтманнинг ғалати истеъфоси

OpenAIда раҳбариятнинг ўзгариши, айниқса, Сэм Алтманнинг истеъфога чиқарилиши ва кейин яна жойига қайтиши сунъий интеллект оламидаги мунозаралар марказига айланди. Ушбу воқеалар ўринли хавотирларга сабаб бўлди, негаки компания хавфсизлик ва ахлоқий тамойилларига қарамай, ўз маҳсулоти билан тажрибалар ўтказишни бошлаган эди.

Microsoftнинг OpenAI ходимларига қизиқиши, айниқса, Алтманни ўзига оғдириб олиш қарори сунъий интеллектнинг аҳамияти қанчалик катталигини кўрсатади. Кейинчалик Алтман ўзи учун қадрдон OpenAI бағрига қайтди, аммо энди ўзгартирилган шартнома шартлари билан бош директор курсисига ўтирди. Бу яна бир бор сунъий интеллект соҳасида тижорий иштаҳаларни ахлоқий тамойиллар билан тийиш қийинлигини кўрсатмоқда.

 AI Act қабул қилиниши

Бу, албатта, саноатни ўзгартирадиган воқеа! Бу Европада сунъий интеллектни глобал миқёсда тартибга солувчи янги қабул қилинган ҳужжатдир. (Катта ва кичик) компаниялардан шаффоф бўлишлари, моделлар қандай ишлаши ҳақида тафсилотларни ошкор қилишлари ва яратилган контентни белгилашлари талаб қилинади. АI энди қизиқарли ўйинчоқ эмас, кўпчилик буни хавф деб билишади, шунинг учун уни тартибга солиш вақт масаласи эди, энди у ҳал қилинди.

Смартфондаги сунъий йўлдошли интернет

2023 йил августида чиқарилган Huawei Mate 60 Pro — сунъий йўлдош орқали қўнғироқларни қўллаб-қувватлайдиган — биринчи асосий смартфон, у телекоммуникацияларда янги даврни бошлаб берди. Ушбу хусусият фойдаланувчиларга, ҳатто дунёнинг энг чекка бурчакларида ҳам, овозли алоқани сақлаб қолиш имконини беради.

Телекоммуникация бозори асосан маҳаллий миқёсдаги алоқа операторлари назоратида. Операторлар — қурилма ишлаб чиқарувчилари ва фойдаланувчилар ўртасида воситачидир. Смартфонларда сунъий йўлдошли интернет пайдо бўлиши билан вазият ўзгармоқда. Смартфонлар каби қурилмаларни ишлаб чиқарувчилар энди, анъанавий ташувчиларни четлаб ўтиб, истеъмолчиларга тўғридан-тўғри уланишни таклиф қилишлари мумкин. Ушбу янгилик технология гигантларига вертикал интеграцияни яратишга имкон беради ва уларни охирги истеъмолчига ҳар қачонгидан ҳам яқинлаштиради. Бу мобил алоқанинг моҳиятини ўзгартириб юбориши, глобал воқеликка айлантириши мумкин.

Адлия Google ва монополияларга қарши

Google каби технологик гигантлар устидан монополияга қарши текширувлар ўзгариб бораётган замон ва тартибга солувчиларнинг рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари белгисидир. Сентябр ойида АҚШ Адлия вазирлиги компанияни ноҳақ амалиётларда, хусусан, Google қидирув тизимини барча қурилмаларда стандарт ҳолга келтирадиган Apple билан келишувларида айблаб, Googleга қарши суд жараёнини бошлади.

Шуниси қизиқки, Microsoft бош директори Сатя Наделла бу ишнинг асосий гувоҳига айланиб, Google ҳукмронлиги инновацияларни қандай бўғиб қўйиши ва бозорнинг бошқа иштирокчилари учун имкониятларни камайтириши мумкинлигини таъкидлади. Бу регуляторлар рақобатга қарши амалиётларни, шу жумладан Амазон ва бошқа технология гигантларига қарши шунга ўхшаш даъволарни бостириш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтираётган кўплаб ҳолатлардан биридир.

Amazon 18 000 ишчини қисқартиради, ишдан бўшатиш “урф”га кирди

Amazonдан бошлаб, Cisco, Meta ва Microsoft каби гигантларда иш ўринларини қисқартириш 2023 йилда сезиларли тенденцияга айланди. Бу ҳолат бир неча омиллар, жумладан, иқтисодий қийинчиликлар ва истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Пандемия даврида ушбу компанияларнинг аксарияти рақамли технологиялар ва масофадан ишлашга қизиқиш ортиб бораётганини фаол олқишлашганди. Бироқ, 2023 йил келиши билан, даромадларнинг пасайиши ва бозор шароитларининг ўзгариши, кадрлар сиёсатини тўғрилаш заруратини келтириб чиқарди.

MOVEitнинг бузилиши

Май ойида Progress Software билан содир бўлган ҳодиса катта киберхавфсизлик инқирозининг бошланишини белгилади. Маълумотларга кўра, MOVEit маҳсулотидаги заифлик туфайли дунё бўйлаб тахминан 2 620 та ташкилот ва 77,2 миллион киши кибертаҳдидларга дуч келган.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги зиддият кибермаконга тарқалмоқда, чунки геосиёсат хавфсизлик муаммоларини кучайтиради

Дунёнинг турли бурчакларида ортиб бораётган геосиёсий кескинлик эътиборни кибермакондаги таҳдидларга қаратмоқда. Мисол учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги зиддият DDOS ҳужумлари ва веб-сайтларни бузиш каби киберҳужумларнинг кўпайишига олиб келди. Вазият Россиянинг Украинага қарши фаоллиги ва Хитойнинг Тайванга қарши кибероперациялари туфайли янада оғирлашмоқда.

Бу ўзгаришлар нафақат глобал можароларнинг ҳарбий жиҳатларини, балки кибермаконнинг ҳарбий ва геосиёсий операциялар учун янги чегара сифатида ўсиб бораётган ролини ҳам кўрсатади. Киберхавфсизлик ходимлари (CISO) учун бу янги муаммоларни келтириб чиқаради ва кучайтирилган хавфсизлик чораларини талаб қилади. Замонавий дунёда CISOлар доимо ҳушёр бўлишлари, тез ўзгарувчан вазиятларга мослашишга ва ўз ташкилотларини турли кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга тайёр туришлари керак.

АҚШ Хитойга чиплар экспортини чеклади

АҚШнинг технология экспортига, айниқса сунъий интеллект чиплари ва суперкомпютерлар соҳасига қўшимча чекловлар жорий этиши глобал технология савдо урушидаги залворли юришлардан бўлди. Ушбу ҳаракатлар глобал яримўтказгичлар таъминот занжирига сезиларли таъсир кўрсатади ва ушбу маҳсулотнинг турли соҳалар учун муҳим стратегик аҳамиятга эгалигини яна бир бор таъкидлайди.

Қўшма Штатларнинг асосий мақсади — Хитойнинг илғор технологияларга киришини чеклаш, айниқса, ҳарбий модернизация ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши шароитида. Бироқ, бундай ҳаракатлар янада кенгроқ глобал таъсирга эга. АҚШ иттифоқчиларига Хитойга чип экспортини чеклаш бўйича босим глобал таъминот занжирини бузиши ва кўплаб компанияларнинг керакли технологияларга киришини қийинлаштириши мумкин.

Ушбу ҳолат оқибатида бизнес олами глобал савдонинг янги воқеликларига мослашиш, уларнинг таъминот занжирларини таҳлил қилиш ва бундай сиёсат чекловлари билан боғлиқ хавфларни минималлаштириш учун муқобил ечимларни топиш муаммосига дуч келмоқда.

Apple Vision Pro: келажакка қайтиш

Apple компаниясининг ўз Vision Pro қурилмаси билан аралаш реаллик сегментига кириши — йилнинг технология саноатидаги асосий воқеаларидан бири сифатида ажралиб туради. Ушбу маҳсулот компаниянинг узоқ муддатли инвестициялари ҳамда сенсорлар, материалшунослик, дисплейлар ва процессорлар каби турли соҳалардаги тадқиқотларини акс эттиради. Бироқ Apple инновациялари, Меta каби бошқа йирик иштирокчиларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, аралаш реаллик бозори бир қатор қийинчиликларга дуч келмоқда.

Қурилмаларнинг ўта қимматлиги, чекланган таркиби, фойдаланиш қийинлиги ва кенг қўлланиладиган иловаларнинг етишмаслиги кўплаб саволларни очиқ қолдиради. Аралаш реаллик ва виртуал ҳақиқат гарнитуралари бозорда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлса-да, уларнинг жамият томонидан қабул қилиниши нисбатан пастлигича қолмоқда.

Шундай қилиб, йирик ўйинчиларнинг таъсирчан янгиликларига қарамай, аралаш ҳақиқатни истеъмолчиларнинг кундалик ҳаётига қабул қилиш узоқ вақтни талаб қилиши мумкин. Бозор ҳали-вери бу технологияларнинг кенг тарқалиши ва қўлланилишига имкон бермайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг